04 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +32,4 °C

Таълим
4 Мая  2020 360

Рақамли таълим имкониятлари кенгаймоқда

Ёшларнинг пандемия даврида билим олишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистоннинг ҳатти-ҳаракатларини ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки каби қатор халқаро ташкилотлар юқори эътироф этди. 

Пандемия сабаб барча халқ таълими муассасаларида жорий қилинган масофавий таълим бериш тизими миллий таълимда янги босқични бошлаб берди: рақамли таълимни жорий этиш учун шарт-шароитлар яратилди.  МТРК, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда, шунингдек, Тошкент шаҳри ҳокимлигининг кўмагида қисқа вақт ичида халқ таълими тизимидаги ўқув дарсларини онлайн тарзда ташкил этишга эришилди.

Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб, барча фанлардан иборат теледарслар учта тилда эфирга узатила бошланди. Айниқса, кўп болали оилаларга қулайлик яратиш учун қўшимча равишда дарсларни такрорий эфирга узатиш чоралари кўрилди. 2019/2020 ўқув йили якунига қадар 5 600 та теледарсдан Khan Academy платформаси орқали ўзбек тилида фойдаланиш имкони яратилди.

Карантин даврида Интернет ижтимоий тармоғи воситасида ҳар бир ўқитувчи-ўқувчининг ўзига хос ўзаро ижодий алоқа қилиш тажрибаси шаклланди. Тошкент шаҳридаги мактаблар ўқитувчилари томонидан kundalik.com сайтида «ўқитувчи – ўқувчи – ота-она» ҳамкорлиги асосида ўзаро мулоқотларга асосланган янги педагогик фаолият шакли яратилди. Шу билан биргаликда, ўқитувчи, ўқувчи ва уларнинг ота-оналари kitob.uz портали ва унинг яқинда яратилган мобил иловаси орқали 1,5 мингдан ортиқ электрон ва аудиокитобларни ўқиш ҳамда эшитиш мумкин.

— Таъкидлаш жоизки, видеодарсларни сифатини ошириб бориш бўйича мунтазам амалий ишлар олиб борилмоқда, — дейди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. — Шунга қарамай, баъзи жойларда интернет сифати пастлиги ўқитувчиларни дарсни ўрганишларига йўл бермаяпти деган нотўғри тушунча шаклланди. Ўқитувчи ва ўқувчилар телевидение орқали ўзбек ва рус тилида кўришини инобатга олса, битта дарсни кун давомида 4 маротаба кўриш мумкин. Уни яна қайтадан интернет орқали юклаб кўришга зарурат йўқ. 

Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари уйда вақтини самарали ўтказиш учун «онлайн-мактаб» каналлари орқали қўшимча равишда психолог маслаҳати, тўгарак машғулотлари, тарбия ҳамда тил ўргатишга қаратилган мультфильмлар ҳам қўйиб борилмоқда. 

Шунингдек, ўқув йилини муваффақиятли тамомлаш, битирувчиларга аттестат ва маълумотномаларни онлайн бериш режалаштириляпти.

Аттестат (шаҳодатнома) бланкалари ҳамда намунали хулқи ва аъло баҳолари учун олтин ҳамда кумуш медаллари республикамизда карантин муддати тугагунга қадар таълим муассасаларида сақланиб, кейинчалик ўз эгаларига топширилади. 

Ёшларнинг ёзги таътилда вақтини мазмунли ўтказишини ташкил этиш масалалари ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ.  Жумладан, ёзги таътил даврида ўқувчиларга замонавий касбларни эгаллаш учун видеодарслар ташкил этган ҳолда пул топиш йўллари ҳамда чет тили ўргатиш курсларини йўлга қўйиш борасида иш олиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, учта телеканалда «онлайн тўгарак» лойиҳасини ташкил этиш бўйича ишлар амалга оширилади. 

Бунда ўқувчиларга инглиз тили, компьютер саводхонлиги ва дастурлаш асослари, турли хил техника, табиий фанлар, адабиёт, мусиқа ва бошқа ижодий йўналишлар бўйича видеодарсларни намойиш этиб бориш таклиф қилинмоқда. 

Ёзги таътилда мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича ҳам керакли чоралар кўрилаётир. Жумладан, ёзда «Онлайн мактаб» каналларидан фойдаланиб, умумтаълим мактаби ўқитувчиларининг ўз устида доимий ишлашини ташкил этиш мақсадида улар учун «Ўқитувчини касбий ривожлантириш» рукни остида онлайн дарслар намойиши йўлга қўйилади. Телевизион дарслар орқали таълим технологияларини ўргатиш, PISA халқаро баҳолаш тизимига тайёргарлик кўриш амалга оширилади. 

Шу билан бирга, тизимдаги ўқитувчилар ва раҳбар кадрларни таълим жараёнидан ажралмаган ҳолда касбий маҳоратини ошириш ёки қайта тайёрлаш тизимини автоматлаштириш мақсадида Ягона онлайн малака ошириш платформасини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган. 

Рисолат Мадиева.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech