06 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,9 °C

Фикр
6 Июн  2020 545

Рақамли иқтисодиёт – ҳозирги давр талаби

2020 йил мамлакатимизда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг январь ойида Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида «рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади», - деб таъкидлаган эди .

Бунинг ёрқин мисоли ва мантиқий ифодаси сифатида жорий йилнинг 5 июнида қабул қилинган «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонини кўрсатиш мумкин.

Ушбу Фармон божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини самарадорлигини ошириш ҳамда «рақамли божхона» тизимини янада ривожлантиришга қаратилган вазифаларни ўз ичига олади.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ҳозирги вақтда ташқи иқтисодий фаолиятда бир қанча камчиликлар мавжуд бўлиб, улар мамлакат экспорт салоҳиятини ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Хусусан:

- божхона тартиб-таомилларини эскирганлиги ҳамда уларнинг божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларга тўғри келмаслиги;

- божхона органлари фаолиятидаги бюрократик тўсиқларнинг ҳалигача сақланиб қолаётгани;

- божхона чегара пунктларининг тегишли шароитлари даражасининг пастлиги ва уларнинг етарли даражада моддий-техник жиҳатдан таъминланмагани;

- самарали идоралараро ҳамкорликнинг йўлга қўйилмагани ва бошқалар.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш учун «рақамли божхона» тизимини янада ривожлантириш ҳозирги давр талаби бўлиб, нафақат божхона органлари фаолиятининг очиқлигини ва божхона маъмуриятчилигининг шаффофлигини таъминлайди, балки ташқи иқтисодий фаолиятдаги маъмурий бюрократик тўсиқларни бартараф қилади. Шу билан бирга, энг оғир иллат – коррупцияни йўқотишда самарали воситалардан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари божхона органлари ходимлари ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олади ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиради.

Шунингдек, «рақамли божхона» тизимининг ривожланиши товарларни экспорт қилишда божхона расмийлаштирувининг муддатини 5 мартага, импорт қилишда 2 мартага қисқартиради ҳамда божхона чегара пунктларининг ўтказиш даражасини
3 мартага кўпайтиради.

Ташқи иқтисодий фаолият юритувчи субъектларга шарт-шароит яратиш мақсадида ушбу Фармонга асосан божхона юк декларациясини расмийлаштиришни соддалаштиради ва енгиллаштиради, яъни 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилади.

Маълумки, ҳозирда дунё мамлакатлари коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда. Бу борада давлатлар томонидан ўрнатилган чекловлар шароитида аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарлар билан таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. Бу эса давлатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш сиёсатидаги стратегик йўналиш ҳисобланади.

Ушбу фаолиятни амалга ошириш божхона органлари зиммасига нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини, балки давлатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш борасидаги асосий вазифаларни юклайди.

Айни вақтда мазкур Фармон билан Ўзбекистон ҳудудига сифатсиз ва контрабанда маҳсулотлари кириб келишининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш мақсадида божхона органларига товар ва транспорт воситалари устидан улар сақланадиган ва сотиладиган жойларга чиққан ҳолда божхона аудитини амалга ошириш ваколати берилмоқда.

Умумий қилиб айтганда, фикримизча Давлат Раҳбарининг ушбу Фармони Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини ҳамда инвестицион ва туристик салоҳиятини оширишга муҳим роль ўйнайди.

Алишер Низамов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

бўлим бошлиғи.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech