22 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21,6 °C

Бўш вақтда
13 Апр  2019 1428

Қуёшдаги портлашлар ёхуд гравитация «ип»и

Ҳар бир кучли портлашдан сўнг Ер айланиши тезлиги билинар-билинмас секинлашаркан.

Маълум бўлишича, Қуёшда юзага келган бўронлар ер сайёрасида турли ўзгариш ва табиий офатларни кетириб чиқарар экан. Бу ҳақда россиялик журналист В.Псалмовшиковнинг фикрларини келтирамиз қуйида, унинг тилидан.

2004 йилда чоп этилган «Эҳтимоллар чегараси ортида» китобини варақлай туриб, В.Бурлешиннинг «Можаролар даракчилари» номли мақоласига кўзим тушиб қолди. Унда биология фанлари номзоди Станислав Рибцовнинг турли можароларнинг миллий, иқтисодий ва шахсий жабҳаларга табиий таъсири ҳақида фикр юритилганди.

Ҳаётда турли оммавий можаро ва тўқнашувлар содир бўлиб туради. Рибцовнинг фикрича, кўпчилик бунинг қандай юз берганига ва тажовузкорликларнинг нима сабабдан бунчалик ошиб кетганига тузук-қуруқ жавоб бера олмайди. Кейин эса буни ўзлари тўқиб чиқарган турли чўпчаклар билан хаспўшлашга интиладилар. Олим бундай ҳолатларни ҳайвонларнинг олдиндан ер силкинишини сезишларига таққослайди. Жониворлар дастлаб нима қилади? Хавфли ҳудудни тезроқ ташлаб чиқиб кетишга уринади, албатта. Мон-Пеледаги вулқон отилишидан сал аввал худди шундай ҳолат кузатилган. Шаҳар атрофи ҳудудларини дастлаб илон ва калтакесаклар тарк этди. Сўнг қушлар учиб кетиб, хонаки мушуклар ҳам ғойиб бўлган. Уларнинг эгалари ҳам тезроқ хавфли ҳудудни тарк этишни исташганди. Бироқ сайловлар яқинлашиб қолгани учун мэр бунга рухсат бермаган. Натижада қонунга итоат этувчи сайловчиларнинг ўн минглаб жасади ва битта хонаки мушук ўлиги топилди.

Бундай ҳолат 1948 йили Ашхободда рўй берган ер силкиниши олдидан ҳам кузатилган экан. Зилзила натижасида 100 мингдан зиёд киши ҳалок бўлган. Сал аввалроқ шаҳар раҳбарияти қабулига ёши улуғ оқсоқоллар келиб, қандайдир табиий офат кутилаётганини маълум қилишганди. Уларнинг кузатувига қараганда, ўшанда ҳам илон ва калтакесаклар ўз инини ташлаб кетган экан.

Кучли ер силкинишлари содир бўлган шаҳар ва ҳудуд аҳолиси жониворларнинг зилзилагача ўзини ўта тажовузкор ва безовта тутганини таъкидлашади. Қафасдагилари зўр бериб чиқиб кетишган уринаркан. Биологларнинг кузатишича, ўз инини ташлаб кетиш имконияти бўлмаган каламушлар ўзаро тўқнашувлар содир этиб, бир-бирини ғажий бошларкан.

Инсон ҳам шундай ҳолатга тушиб қолади. Аммо яшаш жойини ташлаб кета олмайди. Инсонларни мулк, бошпана, оила ва иш «тўхтатиб қолади». Улар зудликда хавфли ҳудудни тарк этишни талаб қилаётган чуқур онг ва юқорида келтирилган омилларга «боғланиб» қолишни келтириб чиқарган оддий онг ўртасида қолишади.

Рибцовнинг фикрича, мазкур ҳолатда инсониятнинг иккита йўли бор. У карахтликка тушиб қолса, дарҳол табиий «ўлим дастури» фаоллашади. Организм қисматдан қочмасликка рози бўлади, ҳатто, бу жараённинг содир бўлишини тезлаштиради ҳам. Кучли ер силкинишидан олдин гиёҳванд моддалар қабул қилиш ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб кетади. Агар бирор инсонда ўз-ўзини сақлаш туйғуси кучли бўлса, яқинлашиб келаётган фалокатга қарши кураша бошлайди.

Афсуски, жамиятшунослик соҳасига кирадиган иқтисод, сиёсат ва бошқа фанлар одам ҳамда инсон жамиятларини табиатдан айро ҳолда ўрганади. Аслида инсон ҳаёти кўпроқ табиатга боғлиқ.

1905―1906, 1917, 1928, 1937―1938 йилларда Россияда юз берган турли тўқнашув, инқилобу деҳқонлар қўзғолонлари, қатағонларни олиб кўрайлик. Бу йилларда қуёш сайёрасининг ниҳоятда фаол бўлгани қайд этилган. 1928 йилда Қримда юз берган ҳодисани ҳисобга олмаса, ўша даврда бирортаям ер силкиниши ёки табиий офат кузатилмаган. Бенинда юз берган воқеа-ҳодиса ҳам эътиборга молик. Буларнинг бари қуёш фаол бўлган йилларга тўғри келганини таъкидлаш жоиз. Улар ўртача ҳар 11 йилда такрорланиб турган. Бу — циклнинг ўртача вақти. Одатда мазкур цикллар ҳар 9―13 йил орасида юз беради. Қуёш фаол бўлган йилларда эса ер силкинишлари ҳам кузатиларкан.

Олимларнинг кузатишича, Қуёшдаги ҳар бир кучли портлашдан сўнг ер айланиши тезлиги билинар-билинмас секинлашади. Физика нуқтаи назаридан ҳайратланадиган жойи йўқ. Ер гравитацион «ипга боғланган ҳолда» Қуёш атрофида айланади. Офтоб қаъридан сиртига қараб отилган кучли ва улкан протуберанцлар ҳаракати натижасида ўша «ип» ҳам яхшигина силкинади. Автобус ёки троллейбусда кетаётганингизни тасаввур қилинг. Кутилмаганда кескин тормоз берилди... Тўғри, ер айланиши тезлиги жуда кам кўрсаткичга секинлашади. Бироқ триллион-триллион тонналаб оғирликка эга литосфера плиталари учун бу сезиларли кечади. Негаки, секинлашиш натижасида литосфера плиталари сиқилади ва зилзилаларни келтириб чиқаради.

Хуллас, каминанинг фикрича, ер силкинишлари ва жамоатчилик орасидаги турли тўқнашувлар сабаб ва оқибат эмас, балки Қуёш бўронлари келтириб чиқарган ёндош ва синхрон жараёнлардир.

Ўтган асрнинг 20-йилларида олим Чижевский мазкур ҳолатни ўрганиб чиққан. Шу ўринда унинг «Қуёш ва биз» деб номланган китобидаги гапини келтириш ўринли. «Фактларни бўрттириб кўрсатиш ёки нотўғри изоҳлаш керак эмас. Қуёш на ижтимоий, на сиёсий муаммоларни ҳал қилади. Бироқ биологик ҳаётга фаол аралашади», дея ёзганди у китобида.

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech