26 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,4 °C

Бўш вақтда
21 Апр  2019 676

Қотил изидан

(Ярослав ГАШЕК)

Қотиллик изларини топишга ёрдам бергани учун мукофот берилиши ҳақидаги эълон матбуотда чиққанидан сўнг, полиция бошқармасида тўс-тўполон бошланди. Ваъда қилинган минг кронни қўлга киритишни истаган юзлаб кишилар кеча-ю кундуз полиция бошқармасига бостириб келарди.

Бироқ полицай-президиум барча кўрсатмаларни диққат билан қоғозга тушириб, кўриб чиқиш учун ўзига тақдим этишга қатъий буйруқ берди. Йиғилган материалларга асосланган президиум дедуктив усул ёрдамида қотилнинг ташқи кўринишидаги алоҳида белгиларни аниқлайди, сўнгра барча маълумотлар керакли тарзда таққосланиб, из топилади ва чигал масала ечилади. Бу полициянинг расмий хабарида ҳам айнан шундай, шоирона тарзда ёзилганди.

Кўнгилли изқуварларни ҳатто, полициянинг улкан биноси ҳам сиғдира олмади, раҳбарият эса қўшимча бинони ижарага олиш ҳақида бош қотира бошлади. Барча кўрсатмалар икир-чикиригача диққат билан ёзиб олинар, кечқурун полиция бошлиғи майда қилиб ёзилган каттагина тахлам қоғозларни оларди. Полицай-президиумнинг эса ана шу маълумотлардан ўзининг зийракона хулосасини чиқариши, жиноят изини топиши, чигал масалани ечиши (шу ажойиб иборани такрорладик) ва ёвуз жиноятчини тутиш чорасини ишлаб чиқиши лозим эди.

Комиссар Рейхель полиция бошлиғига муҳим кўрсатмалар ва хатларни ўқиб беришга киришди. Буни осон вазифа, деб бўлмасди, негаки, уларнинг айримлари чуқур ўйлаб олишни талаб қилса, баъзилари, соддагина қилиб айтганда, тушунарсиз эди.

— Хусусий хизматкор Карл Вигналекнинг хабар беришича, — ўқиди полиция комиссари, — худди шунақа оч жигарранг тор шим кийган нотаниш кишини қотилликдан уч кун бурун ундан сигаретасини ёндириб олганда кўрган. У бундан қўйидагича хулоса чиқаради: қотил жамиятнинг разил кишиларидан бири ва афтидан, ўлдирилган кампир билан таниш бўлган ва ундан шимни қарзга олиб турган. Аммо уни қайтараётганида можаро чиққан ва бу кампирнинг ўлими билан якун топган.

Вацлав Хохлатий қуйидаги мактубни йўллабди:

«Ҳурматли полиция бошлиқлари! Ўлдирилган кампирни фронтдош бир эски дўстим танирди. Биз 11-полкда бирга хизмат қилганмиз. Полкимизни Ровицага ташлашгани кечагидек ёдимда. Чор-атроф тоғлару қоялар. Ўша тоғларда чорва, асосан, сигирлар, боқилар экан, жаноб бошлиқ. Ўлдирилган кампирни танийдиган дўстим уч йилдан бери сержант эди. Қип-қизил каллакесар эди ўзиям, бунақасини учратиш қийин. Биттагина арзимаган гапи учун исталган кишини ўйлаб-нетиб ўтирмай асфаласофилинга жўнатиб юбориши мумкин эди. Агарда у ўлдирилган кампир билан тортишиб қолганида, уни сўзсиз, тинчитган бўларди. Чунки ҳамиша аёлларни ёмон кўришини айтарди. Аммо айтишим керакки, у икки йил олдин бандаликни бажо келтирди. Кўчада муштлашиб... борсақайтмасга жўнади».

Кўнгилли гувоҳ, дўкондор Гофмауернинг кўрсатмаси:

«Ўлдирилган кишини танимайман. Карлинда икки марта бўлганман. Энг охирги марта бундан икки йил муқаддам, фабрика ёнганида келгандим. Ўшанда иш мана бундай бўлганди: якшанба куни пешиндан сўнг ҳар доимгидек қарта ўйнагани жўнадим. Кўпинча «полякча банк» ёки «темир парча»га ўйнаймиз. Умримда бирор марта ҳам ғирромлик қилмаганман. Кетаётсам, кимдир «Ўт кетди!» деб бақириб қолди. Қарасам — гапи рост! Фабрикага югуриб етиб боргунимча шунақа гуриллаб ёниб кетдики… Кейин аскарлар келиб, кўчани ўраб олишди. Ўшандан бери Карлинда бўлганим йўқ ва қотиллик ҳақида ҳам ҳеч нима билмайман».

— Йўқотган вақти учун беш крон пул сўраяпти. Уни ҳар эҳтимолга қарши қамаб қўйдим, — деди полиция комиссари ва ўқишда давом этди.

Темирчи Виктор Безвагнинг кўрсатмаси:

«Полицияда қотиллик қуроли — катта болғани кўрсатишди. Темирчилик соҳаси билимдони сифатида онт ичиб айтишим мумкинки, ўша катта болға темирчиларники эмас. Шундай қилиб, бу қотиллик темирчилик ва шу касб эгаларига соя солмайди, чунки қотиллик қуроли темирчиларники эмаслиги кундай равшан. Шу билан бирга темирчилар учун кечки мактаб очишга рухсат берилиши ҳақидаги расмий илтимосномамизга жавобни тезлаштиришингизни сўраймиз. Расмий илтимоснома бундан ўн йил олдин берилган ва шу вақтга қадар кечиктириб бўлмас ишларнинг кўплигидан кўриб чиқилмаган».

— Мана буниси, шаҳардаги баққоллик дўкони ишбошисининг кўрсатмаси. Айтишича, Карлин — турли-туман ёвузликлар қадр топадиган жой эмиш! Бу гапи учун қамаб қўйишларини буюрдим. Муҳим маълумотлар эса, — давом этди амалдор, — бева аёл Крафтдан олинди. Унинг айтишича, қотил эркак киши эмас. Қотиллик аёл жинсига мансуб киши томонидан содир этилганмиш! Омадсиз муҳаббат, уни шундай йўл тутишга ва охир-оқибат сиртмоққа етаклаган кўринади. Бундан ташқари, бева яна хабар беради:

«Бунга тўғридан-тўғри далилларим йўғу аммо қўшнимиз Анна Чехова жуда шубҳали аёл. У сув жўмраги тагини шунақа ифлослантириб юборганки, бу унинг ҳамма ишга қодирлигидан далолат беради. Сўнгги пайтларда негадир ювош бўлиб қолди ва қотиллик содир этилган куни менга ўн крон қарзини қайтарди, лекин эрталаб ножоиз сўзларни айтиб, қарғанаётганди. Дарвоқе, ушбу пул матбуотда эълон қилингани билан тўғри келади».

— Анна Чеховани қамаб қўйдим.

— Тўғри! — деди полиция бошлиғи, бошини ушлаб. — Давом этинг.

— Мана бу Мирослав Гофрихтернинг талаби билан тузилган баённома. У ўзининг айбсизлигини исботлайдиган гувоҳлар билан келибди. Шундан сўнг минг кронни беришимизни талаб қилди. Эмишки, у кампирни ўзи ўлдирмаганини исботлаш орқали полицияни тўғри йўлга солиб юборганмиш…

Хўш, кейингиси, гувоҳ Матоушекнинг кўрсатмаси. У бахтсиз кампир ўзини ўзи ўлдирган бўлиши мумкин, деган тахминни айтмоқда.

— Ҳмм, шундай ҳам бўлиши мумкин, — минғирлади полиция бошлиғи фикри тарқоқ ҳолда хонада у ёқдан-бу ёққа юра туриб.

— Кейингиси, авлиё Кристоф черкови оқсоқолининг мактуби. Минг кронни унга жўнатишимизни сўраган. Негаки, мана, икки ойдирки черков йиғимларига пул бермаётган тақводорлардан бири борасида асосли гумонлари борлигини билдирган.

«Эътиборингизни бу ишда сўнгги пайтларда заҳарловчилар содир этган жиноят билан ўзаро шубҳали боғлиқлик борлигига қаратмоқчиман, — дея ёзади амалдор Миржихода. — Қотиллик қуроли сифатида келтирилаётган катта болға заҳар сотиладиган дўкондан харид қилинмаганмикан, агар шундай бўлса, қайси дўкондан, аниқлаш зарур. Катта болғада цианидли калий ва темирининг ўзида эса шубҳали аралашмалар  бор-йўқлигиниям. Юқоридаги ҳолатларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Улар, шубҳасиз, жиноятчининг изига олиб чиқади».

Бошлиқ пешонасига урди.

— Бу одам ҳақ! Давлат амалдори экани шундоққина билиниб турибди. Мана, кимдан ўрнак олиш керак! Зудлик билан катта болғани кимёвий таҳлил қилишга буйруқ бераман.

Шу билан тергов ишлари вақтинчалик тўхтатилди. Ҳамма хурсанд эди.

Аммо жуда кўп ишлар қилинганди: биринчидан, жиноятни содир этмаган бир нечта шахснинг ва уни содир этиши мумкин бўлган яна бир нечтасининг излари топилди. Бундан ташқари, бир нечта ўғирланган буюмларни сотиб олувчилар сўроқ қилинди. Ниҳоят, катта болға ва цианидли калий ўртасидаги боғлиқлик сабаби аниқланди.

Охирида полиция бошлиғи қотилни тутишдими-йўқми билиш учун Боховницига сим қоқишга буйруқ берди.

Жавоб жуда тез берилди.

— Йўқ.

— Биз ҳам уни қўлга туширганимиз йўқ, — деди чуқур маъноли қилиб бошлиқ. Полиция комиссари эса тимирскиланиб, яна битта хатни чиқарди.

«Муҳтарам полицай-президиумга. Камина эътиборингизни жиноят содир этилган жойдан топилган сиёҳ қаламга қаратишга жазм этаман. Биринчидан, кимда сиёҳ қалам бўлса, барчасини ҳибсга олинг. Иккинчидан, қотилликка алоқаси бўлмаганларнинг барини қамоққа олинг, шундай йўл билан жиноятчи изоляция қилинади ва қўлга туширилади. Бу ишда худди қадимги нақлда: «Олтита шерни тутишнинг энг осон йўли қандай? Ўнтасини тутинг ва тўрттасини қўйиб юборинг…» деб айтилганидек йўл тутган маъқул».

Полиция худди ана шу усулда тўхтади.

Рус тилидан

Нурпўлат НУРҚУЛОВ таржимаси

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech