21 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +30,9 °C

Суҳбат
11 Мар  2019 1031

Қизларнинг ҳаракати мукофотгачами?

ёхуд Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бу ҳақда нима дейди?

Уйғониш фасли дилбар шоира Зулфия таваллуд топган кун билан бошланиши бежиз эмас, деб ўйлайман. Зеро, баҳор Зулфия билан бирга унинг номидаги Давлат мукофотини кўксига қадаган қизларнинг ҳам айёми.

 

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Қумар БЕГНИЁЗОВАнинг  шу борадаги фикрлари билан қизиқдик.

– Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби бўлган қизларимизнинг илм даражаси йил сайин ортиб бормоқда. Бироқ бу юксак мукофотни олганларнинг кўпчилиги ўз йўналиши бўйича бирор бир соҳани ривожлантиришга доир амалий иши билан ўзини кўрсата олаётгани йўқ, назаримда. Хўш, бунга сабаб нима? Мукофот муносибларга берилмаганми ёки бошқа сабаблар борми?

– Тўғри, бу гапнинг “болалаётгани”га кўп бўлди. Сафимиз кенгаяётгани ҳам ҳақиқат. Мукофот муносибларга бериляптими, йўқми, мен бу ҳақда тугал бир гап айтишим қийин. Чунки биз битта ёки ўнта эмасмиз, юртимизнинг турли нуқталарида Зулфиячи қизларимиз яшаяпти, ижод қиляпти. Мен уларнинг айримларини танқид ёки таҳлил қилсам, бир нуқтаи назардан қараган бўларман, балки. Сабаби, уларнинг ижоди, турмуши, жамиятдаги мавқеи ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасман.

Мени бир нарса хафа қилади. Бугун айрим қизларимиз фақат мукофот олиш учунгина ижод қилаётгандек... Ижод ёки истеъдод мажбурлик ёки бирор эҳтиёжни қондириш учун эмас-ку.

Яқинда бир гап қулоғимга чалиниб, ҳайратландим, айни пайтда хафа бўлдим. Нима эмиш “қизларнинг югургани Зулфиягача” эмиш. Тўғриси, нима бўлганда ҳам, юксак мукофотни оёқости қилаётган кимсаларга нисбатан ғазабим тошди. Наҳотки, шоира номи билан аталган мукофотга ҳурмат шу бўлса?!

Ҳар бир танловда доим ҳам танлов тўғри бўлавермаслиги мумкин, албатта. Шу боис бу гапга аниқ жавоб бериш мушкул. Ҳакамлар, иложи борича, ижоднинг қадрини биладиган қизларни одилона баҳолаяпти, деб ўйлайман. Бу менинг фикрим.

– Зулфиянинг издоши сифатида бу вафо ва садоқат тимсоли бўлган аёлнинг қайси фазилатларини ардоқлайсиз ва қизларимизда шу хислатни кўришни хоҳлардингиз?

– Мен Зулфия Исроиловадан садоқат ва сабрни ўрганишни хоҳлайман. Чунки ижод, оила, касбни ҳамма ҳам бирдек эплолмайди. Яқинда ҳаётимда жуда катта муаммога дуч келдим. Ўзимни йўқотиб қўядиган даражага тушдим. Ўшанда Зулфиянинг курашчан ва енгилмас шеъриятини ўқиб синовга тайёрландим ва бу курашда ютдим. Чинакам адабиёт инсон қалбини қутқариб қолиши бор гап экан.

– Мукофот масъулияти қандай ишларни бажаришингизга туртки бўлган? Ишончни оқладим, деб ўйлайсизми?

– Ишончни оқлаганим йўқ, доим оқлаш ҳаракатидаман. Ҳозир Қорақалпоқ давлат университетида ўқитувчиман. Докторлик диссертациясини ҳимоя қилиш учун тайёрланяпман. www.kar24 сайтининг бош муҳаррири сифатида ҳам фаолият олиб боряпман. Ижоддан тўхташ ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Иккита бадиий китобим тайёр. Мукофот олганимни яхши маънода унутиб юборганман. Чунки ютуқларга маҳлиё бўлиб юриш катта мақсадларни йўқотишга олиб келади. Инсон бирор ютуққа эришдими, уни яхши маънода унутиб, бошқа ютуқлар сари ҳаракат қилиши керак.

– Жамиятда лидер, фаол бўлган қизларнинг кўпчилиги оила қургандан сўнг турмуш ташвишлари, бола тарбияси билан банд бўлиб, ўз ижтимоий мавқеини йўқотиб қўяди. Шундай қилиб, эртанги куннинг кучли физиги, синчков мунаққиди, хуллас, бир соҳага керак бўлган мутахассис бой берилади. Сизнинг фикрингизча, аёл оиласи ва жамиятдаги муҳим ўрнини сақлаб қолиши учун нима қилиши керак?

– Мен ҳам келин, ҳам она, ҳам ўқитувчи, Зулфиячи қизман. Ҳаммасини баробар олиб кетиш жуда қийин. Шу вақт ёнингда сени қўллайдиган инсонлар, албатта,  бўлиши керак. Шунинг учун умр йўлдош, севимли касб, дўст танлашда тўғри қарор қабул қилиш шарт. Шунда жамиятдаги мавқеингни сақлаб қола оласан.

– Ёшлар билан ишлайсиз. Шу маънода қизларимизга қандай мурожаатингиз бор?

– Ўйин-кулги ўткинчи, билим ва ҳаракат абадий. Достоевский “ҳамма нарсада чегара бор. Чегарадан чиқдингми, хатар бошланади”, дейди. Шундай экан, ёшлар ҳамма нарсани меёрида ушлаб, тартибни тарбия билан уйғунлаштиришини хоҳлардим.

 

Гўзал ОХУНОВА

суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech