16 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,1 °C

Бўш вақтда
27 Апр  2019 1470

Пулим йўқ дедингизми?..

Кўча-кўйда, транспортда «пул йўқ!..» деган гапларни эшитиб қоламиз. Аслида шундай деяётганларда ҳам пул бор, бироқ негадир ҳамиша етишмайди. Бундай ҳол маоши кам одамларда эмас, балки мўмай ишлаб топадиганларда ҳам кузатилади. Хўш, қандай йўл тутиш керак? Г.Острикованинг бу борадаги фикрларини келтирамиз...

 

Агар яхшилаб суриштирилса, келгуси маошгача бемалол етиши учун қанча пул кераклигини кўпчилик аниқ айтиб беролмаса керак. Боз устига пул доим етарли бўлиши учун маблағини тўғри сарфлашни ҳаммаям қойиллатавермайди. Шу тариқа у ойдан бунисига пул танқислигини бошдан кечириб юрадилар.

Демак, кўпчилик пул сарфлашни яхши билмайди, бозор ва дўконларга бир киришдаёқ маошининг ярмини ташлаб чиқадиганлар ҳам учрайди. Шу боис пулни қандай тўғри сарфлаш кераклиги ҳақида бош қотиринг. «Нега унчалик зарур бўлмаган буюмни сотиб олдим-а?!» деган савол сизни қийнамаслиги учун! Ана шунда ким ҳақ, ким ноҳақлиги масаласи ҳам юзага қалқиб чиқади.

Пулни тўғри сарфлашни уч қисмга бўлиш мумкин: биринчиси: сарфлашга тайёргарлик; иккинчиси: сарфлаш жараёнининг ўзи; учинчиси: амалга оширилган чиқимларни таҳлил қилиш.

Ўзингизга: «нимага?», «қаерда?», «қандай?» ва «нима учун?» каби бир нечта саволга жавоб беришингизга тўғри келади.

«Нимага?» — чиқимларни режалаштириш ва бир ойлик бюджет билан бевосита боғлиқ. Сиз нимага ва қанча пул сарфламоқчи бўлаётганингизни аниқ билишингиз керак.

«Нима учун?» деган савол чиқимнинг мақсадга мувофиқлиги билан боғлиқ. Биламизки, молиявий мустақилликка интилаётган киши ўзининг эҳтиёжларини тўлиқ қондиришга интилади. Бунга келажагини ўйлаши ҳам киради. Дастлаб ўз даромадининг 10 фоизини йиғиш учун ажратади. Кейин, агар чўнтаги кўтарса, ўзининг бошқа эҳтиёжларини қондиради.

«Қаерда?» саволи эса харажат қилишни қаерда амалга оширмоқчи бўлишингиз билан боғлиқ. Аммо бу йўлда дуч келган биринчи дўконда, дегани эмас. Ўзингиз ўйлаб кўриб танлаган, сифати ва нархи тўла қаноатлантирадиган бўлиши муҳим. Бу рўйхатга харид чоғида сизга нархини арзонроқ беришлари мумкин бўлган жойларни ҳам қўшишни унутманг. Ана шунда қанчадир пулни тежаш имконингиз туғилади.

«Қандай?» деган саволга жавоб топишдан олдин харид қилмоқчи бўлган маҳсулотларингиз рўйхатини синчковлик билан тузиб чиқишингиз керак. Бу — дўкон ёки бозорга шунчаки эмас, балки нималарни харид қилишни аниқ билган ҳолда борасиз, дегани. Сизни ҳеч ким ва ҳеч нима рўйхатдан ярим сантиметрчаям четга чиқишга мажбур қила олмасин. Акс ҳолда ортиқча буюмни харид қилиб қўйсангиз, сизга эмас, балки сотувчига кўпроқ фойда. Негаки айнан у сотиши лозим бўлган (сиз учун айтарли муҳим бўлмаган) маҳсулотини харид қилгансиз-да!

Харид жараёни ҳам ўзига хос босқичларда амалга оширилади. Бирор буюм ёки маҳсулотни савдолашиб, арзонроқ нархда олишга интилинг. Тежаган пулни эса бошқа чўнтакка солиб қўясиз. Кейин эса ўша пулларни йиғилаётганларига қўшиб қўясиз.

Ҳисоб-китоб қилганда берилаётган пул ва қайтимини санаб кўришни тавсия қиламиз. Негаки, сотувчи ҳам одам, баъзида адашади. Айримлар қайтим бермаслиги ҳам мумкин... Яна бир тоифа харидингиз кўрсатилган чекка қарамаслигингизни жуда-жуда истаб туради. Чекни сақлаб қўйишни унутманг. Чиқимларни таҳлил қилишда асқотади.

Харид қилаётганда нималарни билиш лозим?

Баъзи сотувчиларнинг айёрликлари ва айнан сизнинг ҳамёнингизга қаратилган маркетинг усулларидан хабардор бўлиш зарар қилмайди. Бу нима дегани? Шундай маҳсулотлар борки, улар импульсив харид учун мўлжалланган. Буларга чиқаверишдаги касса аппарати ёнига чиройли қилиб териб қўйилган шоколад, сақич ва бошқа маҳсулотларни мисол келтириш мумкин. Қорнингиз оч бўлса, бунақа маҳсулотларни сотиб олганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз.

Дўконларда бирор қимматроқ маҳсулот ёнига бепул совға қўшиб бериш усуллари ҳам мавжуд. Бу ҳиссий факторга қаратилган усул — текинга совға олиш кимга ёқмайди, дейсиз? Бироқ ана шу совғани деб сиз учун унчалик муҳим бўлмаган маҳсулотнинг пулини тўлайсиз... Шу боис бозор-ўчар қилаётганда тез-тез рўйхатга қараб туришни маслаҳат берамиз.

Яна бир тавсия. Бозор ёки дўконга оч қорин билан чиқманг. Акс ҳолда қарорни мия эмас, балки тўйишни кучли истаётган қорин чиқарган бўлади.

Буюм ёки маҳсулот сотиб олаётганда ўзингизга «шу маҳсулот ҳақиқатан ҳам менга керакми?» деган саволни бериб кўринг.

Барча харидларни қилиб бўлгач, қандай ҳаракатларни совуққонлик билан амалга оширганингизни таҳлил қилиш учун бир неча дақиқа вақт ажратинг. Таҳлил қилиб кўринг-чи!.. Буни ҳар сафар қилишингиз шарт. Ҳатто, сизга зерикарли туюлса ҳам. Рўйхатга қанчалик амал қилганингизни таҳлил қилмасангиз бўлмайди. Агар рўйхатдан четга чиқиб кетган бўлсангиз, сабабларини топишга ҳаракат қилинг. Кейинги сафар бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун бу жуда муҳим. Рўйхатда ёзилмаган маҳсулотни сотиб олишга нима САБАБ бўлганини кўринарли жойга КАТТА-КАТТА ҚИЛИБ ёзиб қўйиш ҳам яхши иш беради. Ўша ёзувга тез-тез қараб туринг. Кейин эса кераксиз, унчалик муҳим бўлмаган маҳсулотлар учун ҲЕЧ ҚАЧОН ортиқча пул сарфламасликка, олдиндан тузилган рўйхатдан четга чиқмасликка ўзингизга сўз беринг.

Хуллас, бошқа такрорламаслик учун ўз хатоларингиз ёрдамида ўрганишингиз, тажрибангизни оширишингиз лозим. Бу ишни хариддан тўлиқ қониқиш ҳисси пайдо бўлгунича давом эттираверинг. Рўйхат ва унга сарфланадиган маблағ ҳамиша ўзгариб туради, пулни тўғри ишлатганингиз учун сизда қониқиш ҳисси пайдо бўлади. Тез орада «тежалган 1 сўм — ишлаб топилган 1 сўм» эканини, ишлаб топишдан тежаш эса бирмунча осон ва кўнгилли эканини англаб етасиз.

Агар тўғри сарфлашга даромадни кўпайтиришни ҳам қўшсангиз, нур устига нур. Бу — сиз ҳеч қачон «пул йўқ» деган сўзни ишлатмайсиз дегани! Чунки ҳамёнингизда ҳамиша пулингиз бўлади!..

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech