06 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,7 °C

Мамлакатимизда
5 Апр  2020 1968

«Прописка» ўрнига «рўйхатдан ўтилади»

Прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан масъул вазирлик ва идоралар томонидан прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Лойиҳаларни тайёрлашда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва илғор хорижий тажриба чуқур ўрганилиб, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қоидалар ва кафолатларни белгилашга асосий эътибор қаратилди. 

Жумладан, кўпчилик фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган «прописка» тушунчаси ўрнига халқаро тажрибага асосланган ҳолда «рўйхатдан ўтказиш» тушунчаси киритилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинмоқда.

Муҳокамадан фуқароларнинг рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ бўлган бир қанча чекловлар олиб ташланиши масалалари чуқур ўрин олган.

Мисол учун, энди доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади.

Доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва мазкур жараёнларни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.

Мазкур лойиҳаларнинг мазмуни таклиф ва мулоҳазалар билдириш ҳамда шу асосда уларни янада такомиллаштириш учун сизларнинг эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Муҳокама жорий йил 11 апрелига қадар давом этади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар схемаси ҳам келтирилади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech