21 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,3 °C

Қўшма стратегияни режалаштириш гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлди

Анқара шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғлу раислигида Қўшма стратегияни режалаштириш гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўртасидаги келишувларни амалга ошириш жараёни, жорий йил Анқара шаҳрида давлат раҳбарлари раислигида ўтказиладиган Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишига тайёргарлик кўриш доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини батафсил муҳокама қилдилар.

Учрашувда турли даража ва шакллардаги Ўзбекистон – Туркия мулоқотининг жадаллашгани мамнуният билан қайд этилди. 2019 йил 22-23 июль кунлари Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркия Ҳукуматлараро комиссияси йиғлишининг самарали якунлари эътироф этилди. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликда марказий ўринни савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқалари эгаллаши таъкидланди. 2018 йил якунларига кўра икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 40,5 фоизга ошиб, 2 млрд. 172 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатлар ўртасидаги ташқи савдо айланмаси эса 1 млрд. 142,7 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга ошди. Туркия капитали иштирокидаги компаниялар сони 50 фоизга ошиб, 1081 тага етди.

Вазирлар икки томонлама сиёсий-дипломатик ҳамкорликни давом эттиришга, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга қизиқиш мавжудлигини тасдиқладилар.

Музокаралар якунида икки давлат ТИВ раҳбарлари раислигида Қўшма стратегияни режалаштириш гуруҳининг иккинчи йиғилишини 2020 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди. Йиғилиш якунида Абдулазиз Камилов ва Мавлут Чавушўғлу Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзоладилар. Ҳужжатда савдо, инвеститсия, туризм, энергетика, транспорт, хавфсизлик, таълим каби долзарб йўналишлар ва бошқа масалалар бўйича ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказишни ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қилиш кўзда тутилади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech