21 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +26,7 °C

Ҳукумат
11 Янв  2019 1859

Президентимиз Самарқанд шаҳрида бунёд этилаётган Конфуций майдонига борди

Давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрининг Университет хиёбонида қурилаётган Конфуций майдонида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. 

Конфуций эрамиздан олдинги 551 йилда туғилган. Хитой маданияти асосларининг яратилиш даврини бошлаб берган. Файласуф конфуцийчилик асосчиси, сиёсий арбоб сифатида танилган. 

2014 йилда Шанхай хорижий тиллар университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институти ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасига мувофиқ чет тиллар институти қошида Конфуций институти ташкил этилган. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг аввалги ташрифи чоғида берилган топшириқларга мувофиқ Самарқанд давлат университети ёнида буюк мутафаккир Конфуций ҳайкали ўрнатилди. Ҳайкал атрофидаги мўъжаз майдонда қадимги Хитой анъаналарига хос айвонлар барпо этилди. 

Шу ердаги Самарқанд давлат университетига қарашли тўққиз қаватли ўқув ва маъмурий бинода қурилиш ишлари амалга оширилиб, унинг ҳар бир қавати ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари андозаларига мослаштирилди. 

Бу ерда халқаро таълим дастурлари маркази ташкил этилмоқда. Унда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи давлатлари университетларидаги энг яхши тажрибалар ўрганилади. Мамлакатимиз тармоқлари учун зарур бўлган малакали мутахассислар тайёрланади.Талабалар икки йил ушбу марказда таълим олса, кейин тегишли хориж мамлакатларида ўқишни давом эттиради. 

Давлатимиз раҳбари марказ лойиҳаси билан танишиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Шунингдек, шу ерда Самарқандда туризмни ривожлантириш, конгресс-хол ва меҳмонхоналар қуришга оид кўплаб лойиҳалар намойиш этилди. 

Хусусан, ўн тўрт гектардан зиёд майдонда бунёд этиладиган Конгресс-холда йирик халқаро анжуманлар ўтказиш учун барча шароит яратилади. Унинг атрофида иккита замонавий беш юлдузли меҳмонхона, бизнес марказлар ва бошқа объектлар қурилади.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 540 дан зиёд туристик объекти, 119 та меҳмонхона, 23 та оилавий уй меҳмонхона, 127 та туроператор фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили вилоятга 2 миллион 400 мингдан зиёд маҳаллий ва хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. 

Айни пайтда вилоят туризм салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Индонезиянинг “Sahid group” компанияси билан ҳамкорликда иккита замонавий меҳмонхона қурилмоқда. Ургут, Самарқанд, Нуробод каби қатор туманларда янги туристик маршрутлар ташкил этиш ишлари бошланган. 

Давлатимиз раҳбарига туризмни ривожлантириш бўйича “Smart Chain” компанияси томонидан “Nazzar” – инновацион илова ҳақида маълумот берилди. 

Ушбу инновацион илова исталган материални тўлдирилган реаллик элементлари билан бойитиши мумкин. Смартфон “Nazzar” белгисига йўналтирилса, мобиль қурилма экранида реал объектнинг тасвири чиқиб, у турли эффектлар билан тўлдирилади. 

“Smart Chain” компанияси мутахассислари таклиф этаётган инновацион иловалар орқали мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, ҳамда тарихий обидалар ва музейларни ёшлар ўртасида янада оммалаштириш мумкин. Ушбу карточкаларга смартфонни яқинлаштириш орқали тарихий объектларни “гавдалантириш”, лавҳа фонида аудиоматнни эшитиш ёки уни 3 D реаллигида томоша қилиш мумкин. 

Президентимиз мамлакатимизга туризм салоҳиятини янада ривожлантириш учун энг аввало малакали мутахассислар тайёрлаш зарурлигини қайд этди. 

Мутасаддиларга туризм ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети фаолиятини янада кучайтириш бўйича топшириқлар берди. 

c2938d2a-1494-d1e1-bfcb-29d0b373058a.jpg
 
1b60a4c8-d026-d8f7-5fa8-b1935e7fdb92.jpg
 
18b14620-6471-1bcc-c770-fc8833937df0.jpg
 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech