22 Январь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +5,3 °C

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котибини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 январь куни жорий йил 1 январдан бошлаб Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби лавозимига киришган Владимир Норовни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси вакилининг шундай юқори ва масъулиятли лавозимга – ШҲТ Бош котиблигига тасдиқланиши тарихий воқеа эканини таъкидлади.

Биринчи марта мамлакатимиз фуқароси халқаро ташкилотнинг раҳбари этиб тайинланди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон Президенти очиқ ва конструктив мулоқот учун самарали майдон, кўп қиррали ҳамкорликнинг таъсирчан механизми, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликнинг муҳим омилига айланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятига юқори баҳо берди.

ШҲТнинг асосий ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган мамлакатларнинг суверенитети,, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва давлат чегараларининг дахлсизлигини ўзаро ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, тенглик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш каби тамойилларнинг асосий роли қайд этилди.

Ўтган давр мобайнида кўп томонлама ҳамкорликка доир салмоқли шартномавий-ҳуқуқий база шакллантирилди, ШҲТнинг 30 га яқин ишчи органи муваффақиятли фаолият кўрсатиб келмоқда.

Хорижий давлатлар ҳамда халқаро тузилмаларнинг мазкур нуфузли ташкилот билан шериклик муносабатларини йўлга қўйишга қизиқиши тобора ортиб бораётгани таъкидланди.

Мамлакатимиз Президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ишга солинмаган улкан салоҳияти мавжудлигига алоҳида эътибор қаратди. Хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт коммуникациялари, туризм, қишлоқ хўжалиги ҳамда минтақалараро ҳамкорлик соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш келгусидаги устувор йўналишлар сифатида қайд этиб ўтилди. 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech