28 Февраль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,5 °C

Ҳукумат
10 Янв  2020 3977

Президент Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ватан ҳимоячилари байрами арафасида, 10 январь куни Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари бу ерга 2017 йил январь ойида келиб, ҳарбий таълимни такомиллаштириш, ўша пайтдаги Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти негизида мутлақо янги ўқув муассасаси ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Кўп ўтмай, Президентнинг тегишли қарори қабул қилиниб, бу ерда хорижнинг илғор технологиялари ва замонавий ўқув воситаларини мужассам этган Қуролли Кучлар академияси ташкил этилди. 2018 йил январда Олий Бош Қўмондон мазкур янгиланган таълим маскани фаолияти билан танишган эди.

Бугун академия ҳам шароит, ҳам мазмун жиҳатидан тубдан ўзгарган. Аудиториялар компьютер техникаси, ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Замонавий ситуацион марказ, тренажёрлар ташкил этилган.

Ўтган йили бу ерда модернизация ишлари давом эттирилиб, янги объектлар қурилди. Курсантларнинг ўқиши ва жанговар машғулотлар ўташи, спорт билан шуғулланиши учун қўшимча имкониятлар яратилди.

Академия қошида мамлакатимизнинг барча ҳарбий таълим йўналишидаги олий ва ўрта махсус билим юртларида ўқув жараёни ва илмий ишларни мувофиқлаштирадиган Илмий-методик кенгаш тузилди.

Президентимиз ўқув муассасаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар натижаси ҳамда фойдаланишга топширилган замонавий таълим инфратузилмаси объектлари билан танишди.

Ўқув биносида ҳарбий техниканинг асосий намуналари бўйича динамик компьютер тренажёрлар имкониятлари намойиш қилинди, академия курсантларининг ихтирочилик ва инновацион ишланмалари ҳақида маълумот берилди.

– Барча соҳалар қатори ҳарбий таълим бўйича ҳам доимо замон билан бирга қадам ташлашимиз, керак бўлса, ундан олдинда юришимиз зарур. Ҳарбийларимиз, курсант ва тингловчилар энг илғор, инновацион билим ва кўникмаларни эгаллаши, соҳа бўйича дунёдаги янгиликлардан хабардор бўлиши, доим изланиши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз курсантларни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади. Ўқув хоналари, ётоқхона ва сузиш ҳавзасидаги шароитларни кўздан кечирди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech