05 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,8 °C

Халқаро ҳамкорлик
15 Июл  2020 329

Пандемия ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон тажрибаси

2020 йил 14 июлда Тошкент шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги Лойиҳаларини мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда Миллий мулоқот ташкил этилди. Ушбу тадбир COVID-19 пандемияси муносабати билан жорий этилган чекловлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзусига бағишланди.

Онлайн давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар масъуллари, Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари мутасаддилари, шунингдек БМТ, БМТ Ривожланиш Дастури, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Унда Ўзбекистоннинг COVID-19 пандемиясига қарши курашиш жараёнида инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид миллий чораларни амалга ошириш борасидаги ижобий сабоқлари муҳокама қилинди.

Бундан олдин, 24 июнда БМТ ва ЕХҲТ расмий шахслари Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги Ўртасарой карантин марказига ташриф буюрганди. Ушбу ташриф туфайли карантин ҳудудларида инсон ҳуқуқларига амал қилиниши борасидаги Ўзбекистон тажрибасини таҳлил қилиш учун амалий далиллар тўплаш имконияти туғилди.

Миллий мулоқот доирасидаги маърузачилар Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасидан келиб чиқадиган хулоса ва тавсиялар ҳамда глобал истиқбол масалалари хусусида атрофлича фикр юритдилар.

Учрашувда БМТнинг карантин чоралари бўйича қабул қилган сўнгги раҳбарий йўриқномалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, 2020 йил 19 мартда тасдиқланган «Коронавирус (COVID-19) касаллиги тарқалишини тийиб туриш шароитида алоҳида шахсларни карантинга жойлаштириш принциплари бўйича ЖССТ Йўриқномаси» ҳақида сўз борди.

Мазкур Йўриқномада қайд этилганидек, коронавирус пандемияси тарқалаётган шароитда жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Карантинга жойлаштирилган шахсларга тиббий, молиявий, ижтимоий ва руҳий-маънавий ёрдам кўрсатилиши лозим. Уларнинг асосий эҳтиёжлари, жумладан, озиқ-овқат, сув ва бошқа шу каби ҳаётий зарур маҳсулотларга бўлган талаблари қаноатлантирилиши зарур. Айниқса, аҳолининг заиф қатламлари талаб-эҳтиёжларига устувор аҳамият берилиши даркор.

Бундан ташқари, иштирокчилар БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг COVID-19 билан боғлиқ карантин масаласига доир муҳим бир тавсиясини маълумот учун қабул қилдилар. Бу ўринда давлатларнинг барча кишилар, шу жумладан, озодликдан маҳрум этилган шахслар билан инсонийлик асосида ва инсон қадр-қимматига ҳурмат кўрсатган ҳолда муомала қилиш мажбуриятига доир тавсия ҳақида гап бормоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, мамлакатимизда ҳам ушбу хатарни бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини қайд этиш мақсадга мувофиқдир. Энг муҳими, бунда аввало инсон манфаатларининг ҳар нарсадан устунлиги талабидан келиб чиқилаётир.

Миллий мулоқот якунида пандемия карантини шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида аниқланган қийинчиликлар бўйича давлат органларига таклиф этиладиган тавсиялар ишлаб чиқилди, деб хабар беради Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.

Миллий мулоқот ҳақида тадбир ташкилотчилари фикр билдирдилар.

Ҳелена Фрейзер, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси:

- Мазкур тадбир жамоатчилик соғлигини сақлаш борасидаги чора-тадбирлар халқаро тиббий-санитария қоидалари ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги стандартлар ва мажбуриятларга мос бўлиши муҳим экани хусусида фойдали мушоҳада юритиш имконини берди.

Мен Ўзбекистон ҳукуматининг ўз ижобий сабоқларини баҳам кўришга шайлигини қўллаб-қувватлайман. Чунки карантин муассасалари тажрибаси, шунингдек, мавжуд ҳолатни янада яхшилаш учун тегишли соҳаларни белгилаб олиш борасидаги очиқлик диққатга лойиқдир.

Элчи Жон МакГрегор, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси:

- Ўзбекистон ҳукуматининг COVID-19 пандемияси тарқалишига барҳам бериш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайман. Карантин марказлари жамоатчилик соғлигини сақлаш борасида кўрилган чоралар орасида ўта муҳим аҳамият касб этгани тайин. Чунки кейинги ойда барча янги касалланиш ҳолатларининг аксарият қисми айнан ушбу марказларда аниқлангани шундан далолат беради. Халқаро ҳамжамият, шубҳасиз, бу тажрибадан ибрат олади.

Акмал Саидов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори:

- Бугунги воқелик шундан далолат берадики, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида тобора кўпроқ мамлакатлар инсон ҳуқуқларига бевосита таъсир қиладиган қатъий чораларни, жумладан, ҳаракатланиш ва шахсий ҳаёт эркинлигига дахл қиладиган чекловларни қўлламоқда. Бинобарин, фавқулодда ҳолат ва хавфсизликни таъминлаш бўйича карантин билан боғлиқ бошқа ҳар қандай чора-тадбирлар албатта инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципига таяниши шарт.

Умуман олганда, халқаро тузилмалар раҳбарлари, хорижий экспертлар, мутахассислар Ўзбекистонда инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият эканини таъкидламоқда.

Шубҳасиз, Ўзбекистон тажрибаси пандемияга қарши курашда муҳим аҳамият касб этиб, бошқа давлатлар учун ёрқин намуна вазифасини ўтайди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech