17 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +27,8 °C

Ижтимоий ҳаёт
25 Мар  2019 2147

Ўзбекистонда пенсия ёши ростдан ҳам  ўзгардими?

Бугун кичик бир хабар ҳам ростми ёки ёлғонлиги текшириб ўтирилмасдан жуда тез тарқаляпти.

 

Бу бир томондан яхши, албатта. Аммо унга кўр-кўрона ишониш тўғри қарор эмас.

Хусусан, яқинда айрим сайтлар ва телеграм каналлар «Ўзбекистонда пенсия ёши ўзгарди» дея хабар тарқата бошлади.

Аммо бу тушунмовчилик келтириб чиқараётган маълумот. Пенсия ёшига доир ҳеч нарса ўзгармади. Қўшимчалар бўлди, холос.

Гап шундаки, пенсия ва нафақа ўртасида   фарқ борлигини кўпчилик ҳам билавермайди. Пенсия бошқа нарса, нафақа бошқа нарса. Кўпчилик ҳатто ёшга доир пенсияга чиққан бўлса ҳам, «пенсионер» русча сўз деган фикрга бориб, «нафақахўрман» деб қўя қолади.  Аммо, ҳурматли ёши улуғлар, пенсионерман деявериш қонунан тўғри бўлади.

Унда қандай ўзгариш бўлди?

Ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 18 мартдаги қарори билан айрим ҳужжатларга  ўзгариш киритилди.

Хусусан, 2011 йил 7 апрелдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган «Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом»га ҳам ўзгариш киритилди.

Бу низом:

1) пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қариялар;

2) меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга тегишли эди.

Эндиликда нималар ўзгарди?

Ўзгаришга кўра, эндиликда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга ҳам нафақа бериладиган бўлди.

Низомнинг 6-бандига кўра, ёшга доир нафақалар:

эркакларга — 65 ёшга етганларида;

аёлларга — 60 ёшга етганларида тайинланади.

Бу азалдан ҳам мавжуд банд эди, аслида.

Мана шу бандга 3-хатбоши қўшилди:

болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга — 55 ёшга етганларида тайинланади.

Пенсияга стажи етмайдиган аёллар илгари 60 ёшдан нафақа олган бўлса, ногирон фарзанди бор оналарга енгиллик берилиб, гарчи стажи бўлмаса ҳам, улар 5 йил олдин, 55 ёшдан нафақа оладиган бўлди.

Пенсиянинг қандай турлари мавжуд?

- ёшга доир пенсия;

- ногиронлик пенсияси;

- боқувчисини йўқотганлик пенсияси.

Нафақа турларичи?

- вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси;

- ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;

- бола туғилганда бериладиган нафақа;

- дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа;

- ишсизлик нафақаси;

- ишдан бўшатиш нафақаси;

- ходимнинг вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақа;

- ёшга доир нафақа;

- ногиронлик нафақаси (болаликдан ногиронлардан ташқари);

- боқувчисини йўқотганлик нафақаси ва ҳ.к.

Уларнинг фарқи қуйидагича:

Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;

аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда берилади.

Ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқи эса, иш стажига эга бўлмаган эркакларга — 65 ёшга етганларида;

аёллар — 60 ёшга етганларида;

болаликдан ногиронлиги бор фарзанди бор оналарга — 55 ёшга етганларида тайинланади.

Маълумотни тўғри тарқатиш ОАВ учун қанчалик муҳим бўлса, унга ишониш учун аниқ мутахассисдан маслаҳат олиш ҳам шу қадар муҳимдир.

Барно Мелиқулова

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech