22 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,5 °C

Саломатлик
6 Мар  2019 971

Ўзбекистон ва Россия соғлиқни сақлаш вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди

Аввал хабар берганимиздек, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирилигининг делегацияси мамлакатимизда бўлиб турибди.

 

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида делегация аъзолари билан вазирлик раҳбариятининг учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирилиги матбуот хизмати. Дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова тиббиёт ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳамда бу борадаги янги лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилдилар.

Учрашувда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов таъкидлаб ўтганидек, Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, сўнгги икки йилда соҳада сезиларли ижобий ўзгаришлар юз берди. Жумладан,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқлангани ҳам соҳа ривожида катта воқеа бўлди. Ушбу Концепцияни ишлаб чиқишда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳолат чуқур таҳлил қилинди, 20 дан зиёд ривожланган мамлакатларнинг соҳадаги тажрибаси ўрганилди.

Шадманов, шунингдек, Президент Владимир Путиннинг таклифига биноан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи доирасида вазирликлар ўртасида бир қатор ҳужжатларнинг имзоланиши соғлиқни сақлашда таълим ва илм-фанни ривожлантириш борасидаги ҳамкорликка замин яратди. Натижада, кадрлар малакасини ошириш йўналишида яхши ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўтган йиллар давомида 600 дан зиёд мутахассисларимиз Россияда малака оширишган бўлса, Россиянинг 300 нафар нуфузли мутахассислари юртимизда маҳорат дарслари, кўргазма ва маърузалар ташкил этиш ҳамда мураккаб операцияларни ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришди.

Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт университетлар ўртасида ҳам фаол алоқалар мавжуд. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб юртимизда И.М.Сеченова номидаги Москва давлат тиббиёт университетининг филиалини очиш кўзда тутилган бўлиб, бу борада қўшма факултетларни ташкил этиш, бакалавриат, магистрлик ва клиник ординатурада таълим дастурларини тайёрлаш борасида шартномалар тузилди.

Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамкорлигида “Педиатрия иши” ва “Даволаш иши” таълим йўналишлари бўйича қўшма факултет ташкил этилади. Жорий йил сентябрдан Россиянинг Халқлар дўстлиги университети ва Тошкент давлат стоматология институти биргаликда “Дерматовенереология” йўналишида қўшма факультет очиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Оренбург давлат тиббиёт университети ва Тошкент давлат стоматология институти ҳамкорлигида “Даволаш иши” ва “Клиник психология” йўналишида ҳам қўшма факультетлар ташкил қилинади. Санкт-Петербург педиатрия тиббиёт университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали билан биргаликда эса олтита: “Акушерлик ва гинекология”, “Болалар жарроҳлиги”, “Травматология”, “Педиатрия”, “Стоматология” ва “Онкология” йўналишларида халқаро факултетлар ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган.

В.Скворцова Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзгаришларни, хусусан, мажбурий тиббий суғурта тизимини татбиқ этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, болалар ва кексаларни сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасаларида “ҳар бир даволанган ҳолат” учун клиник ҳаражат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш тизимининг жорий этилаётганини эътироф этди. Меҳмон ўзаро тажриба алмашиш ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббий таълимни ривожлантириш юзасидан қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, делегация аъзолари республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, хусусий клиникалар, бирламчи тиббий ёрдам муассасалар ҳамда тиббиёт олий ўқув юртларига ташриф буюрадилар.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech