21 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +41,2 °C

Транспорт
18 Июн  2019 545

“Ўзбекистон темир йўллари” пойтахтга келадиган сайёҳлар учун яна бир қулайлик яратди

Тошкент-Жанубий темир йўл вокзалида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш мақсадида харид қилинган замонавий автотранспорт воситаларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда оммавий ахборот воситаларига 51 ўринлик 1 та “Mercedes-benz Tourismo” ва 30 ўринлик 2 та “Isuzu HD 50” русумли автобуслар ҳамда 11 ўринлик 3 та “Hyundai H-1” русумли микроавтобусларнинг қулайликлари таништирилди.  

Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш мақсадида йўловчиларга замонавий ва сифатли хизмат кўрсатиш, қўшимча қулайликларни яратиш учун “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ томонидан янги режалар ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра 2019 йилнинг якунига қадар босқичма-босқич ўндан зиёд замонавий автотранспортлар сотиб олиш кўзда тутилган.

Эндиликда Тошкент шаҳрига саёҳатга келадиган йўловчилар ўзларининг ҳудудларидаги вокзалларга бориб, олдиндан буюртма беришса, улар Тошкентга етиб келгунига қадар буюртмалари асосида замонавий автотранспорт воситалари тайёр қилиб қўйилади. Ушбу транспорт воситаларида нафақат Тошкент шаҳри, балки Тошкент вилоятининг сўлим гўшаларига ҳам саёҳат қилишлари мумкин. Кейинги босқичда харид қилинадиган ана шундай замонавий автотранспортлар қадимий шаҳарларимиздаги вокзалларда ҳам сайёҳларга хизмат кўрсатади.

Албатта, ҳар қандай йўловчи замонавий вагонларда юришни хоҳлайди. Шуларни инобатга олиб, жорий йил охиригача “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ дан 50 та барча қулайликларга эга вагон харид қилиниши кўзда тутилган. Бу ҳам кўрсатиладиган сервис хизматлар сифатини янада оширишга имкон яратади.

Тақдимот маросимида “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ томонидан келажакда пойтахт ҳамда вилоят марказларидаги темир йўл вокзалларида такси хизматларини йўлга қўйиш кўзда тутилганлиги ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech