06 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,6 °C

Инвестициялар
23 Янв  2020 1125

Ўзбекистон озиқ-овқат саноати соҳасидаги йирик корхоналар ўнталиги

Бугунги кунда Ўзбекистонда 11 минг 800 дан ортиқ мева-сабзавот, гўшт-сутни қайта ишловчи, қандолат, алкоголсиз ичимликлар, ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва бошқа турдаги озиқ-овқат саноатига ихтисослашган корхоналар фаолият олиб бормоқда. Ўтган йилда мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳисобига миллий озиқ-овқат саноати янги ишлаб чиқариш субъектлари билан янада бойиди. Бу борада «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йирик ва ишончли корхоналар ўнталигини аниқлади. Булар:

1. Мева-сабзавотни қайта ишлашга ихисослашган «Namangan Agro Logistic» Логистика маркази 116 миллион сўмлик инвестиция лойиҳаси асосида ташкил этилган бўлиб, йиллик қуввати 20 минг тонна мевани қайта ишлаш имконини беради. Бугунги кунда у ерда 75 та янги иш ўрни яратилган. Корхона ўзининг энг сархил мевалари билан танилган Поп туманида барпо этилан.

2. Тошкент вилоятининг Зангиота туманида фаолият юритаётган «Melek Best Milk Agro» масъулияти чекланган жамияти йилига 20 минг тонна сутни қайта ишлаш имкониятига эга. У ерда 26,9 миллиард сўмлик инвестиция юқори сифатли сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлиб, натижада 26 нафар маҳаллий фуқароларнинг бандлиги таъминланган.

3. Сурхондарёнинг Музработ туманидаги «BIO AGRO» масъулияти чекланган жамиятининг ташкил этилишига 273,9 миллиард сўм инвестиция жалб этилган. Органик маҳсулотларни етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган ушбу корхонанинг йиллик қуввати 15 минг тоннани ташкил этиб, бу ерда 80 кишининг иш билан таъминланишига эришилган.

4. Ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Top Oil» масъулияти чекланган жамият Ангрен шаҳрида 107,3 миллиард сўмлик инвестиция эвазига барпо этилган. Йилига 11 минг тонна хомашёни қайта ишлаш қувватига эга ушбу корхонада 100 та иш ўрни яратилган.

5. «Parmis Muller» масъулияти чекланган жамиятининг ҳам йиллик қуввати 11 минг тоннани ташкил этади. Фақат бу корхонада шу ҳажмдаги ўзлари томонидан замонавий иссиқхонада етиштирилган мева-сабзавотлар қуритилади ва қадоқланади. Шаклланишига 33,4 миллиард сўм инвестиция жалб этилган Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги ушбу корхонада бугун жами 100 та иш ўрни яратилган.

6. Макарон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича бугун Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги «Ashraf Ramazon» қўшма корхонаси пешқадамлик қилмоқда. 19,6 миллиард сўм инвестиция киритилиши натижасида бу ерда бугун йилига 8 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарадиган тармоқ йўлга қўйилган, ҳамда 40 нафар фуқаро иш билан таъминланган.

7. Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги «Янги Аср» фермер хўжалигида 10,3 миллиард сўмлик инвестиция жалб қилиниб, сутни пастеризациялаб, қадоқлаш ишлари йўлга қўйилган. Йилига 6 минг тонна хомашёни қайта ишлайдиган ушбу корхона ташкил этилиши фермерга қишлоқ аҳлининг 15 нафарини иш билан таъминлаш имконини берди.

8. Самарқанд вилояти Ургут туманидаги «Panel Sav» қўшма корхонасида бугун 16,9 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳаси малга оширилиши натижасида сендвич панеллар ишлаб чиқарилиш йўлга қўйилган, ҳамда 10 та иш ўрни яратилган. Маҳсулотлар асосан, логистик марказлар ва совитиладиган омборлар қуриш учун энг керакли қурилиш материали ҳисобланади. Корхонанинг йиллик қуввати 6 минг квадрат метр сифатли материал ишлаб чиқаришга тенг.

9. Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги «Бахт Имкон Ривож» фермер хўжалигида 10,2 миллиард сўмлик инвестиция жалб этилиб, бринза ва пишлоқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 12 та янги иш ўрни яратилган ушбу корхона йилига 6 минг тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга.

10. Йилига 5 минг тонна мева-сабзавотни сақлай оладиган Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидаги «Агро Сой Пласт» масъулияти чекланган жамиятидаги корхона 38,6 миллиард сўмлик инвестиция жалб этилиши билан барпо этилган. Бу ерда 7 та иш ўрни яратилган.

Маълумот ўрнида, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил ҳудудларга ташрифлари доирасида Давлат инвестиция дастурига қўшимча равишда озиқ-овқат саноати йўналишида “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси томонидан тақдимоти ўтказилган умумий қиймати 17,6 триллион сўмлик жами қуввати 4,8 миллион тонна бўлган 1 минг 207 та янги лойиҳа устида амалий ишлар олиб борилган. Натижада, ўтган йили жами қуввати 681,2 минг тонна бўлган 490 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилган.

Шунингдек, 2019 йилда Давлат инвестиция дастурига киритилган 16 та ва қўшимча 139 та лойиҳа устида амалий ишлар олиб борилиб, жами 203,5 миллион доллар, жумладан 124 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, белгиланган режа ортиғи билан бажарилган, дея хабар беради «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси ахборот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech