25 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,8 °C

Ўзбекистон делегацияси жаҳон таълим форумида иштирок этди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Лондон (Буюк Британия)да бўлиб ўтган жаҳон таълим форумида иштирок этди. Унда 100 дан зиёд давлатларнинг таълим вазирлари ва расмийлари қатнашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Шерзод Шерматов Форум доирасида Буюк Британиянинг Мактаб стандартлари бўйича давлат вазири, мамлакат Парламентининг аъзоси Ник Гибб билан учрашди ва мамлакатимиз таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, юртимизда инглиз тилини ўқитишни такомиллаштириш бўйича масалаларни муҳокама қилишди.

Ник Гибб Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш методикасини такомиллаштириш ва ўқитувчиларни малакасини оширишда кўмак беришга тайёрлигини ҳамда бу борада Британия Кенгаши билан олиб борилаётган ишларни тўлиқ қувватлашини таъкидлади.

Шунингдек, Халқ таълими вазири Буюк Британиянинг таълим бўйича давлат котиби ва парламент аъзоси Дамиан Хиндс, собиқ таълим вазири ва Британия Кенгашининг инглиз тили бўйича бош маслаҳатчиси Чарлз Кларк, Буюк Британия халқаро савдо вазирлиги ва Британия Кенгаши вакиллари билан ҳам учрашиб, Ўзбекистонда инглиз тилини ўргатишни янада такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик муҳимлигини муҳокама қилди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари шу билан бирга Cambridge Assessment International Education, Bridge International Academies, Education First (Шведция) ва бошқа ташкилотлар билан учрашувлар ўтказдилар.

Хорижий компания вакиллари Ўзбекистон билан инглиз тилини ўқитиш, инглиз тили ўқитувчилари билимини текшириш, дарс жараёнини онлайн назорат платформасини, мутахассисларни инглиз тилига онлайн ўқитиш тизимини жорий этиш ҳамда бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш ниятини билдирдилар.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech