09 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +26,8 °C

Транспорт
24 Июл  2020 1071

Ўзбекистон, Афғонистон ва Эрон транспорт соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йил 22 июлда видеоконференц алоқа шаклида Ўзбекистон Республикаси, Афғонистон Ислом Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси вакиллари иштирокида транспорт соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Онлайн мулоқот шаклида ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Элёр Ғаниев бугун дунёда кузатилаётган коронавирус пандемияси транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларни янада фаоллаштириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан қўшма қарорлар қабул қилиш зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этаётганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, бошқа давлатлар ўртасидаги юк ташиш ҳажми пасайиши кузатилаётган бир даврда Афғонистон йўналишида юк ташувлар ҳажми умумий динамикаси барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Жумладан жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида темир йўл транспорти орқали Афғонистондан ва Афғонистонга юк ташувлари ҳажми 2,5 миллион тоннани ташкил этди. Бу 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 50,6 % ўсишга эришилганини англатади. Айнан шунинг учун ҳам халқаро ҳамжамият Афғонистон ҳудудида амалга оширилаётган транспорт коридорларини ривожлантириш билан боғлиқ инфратузилма лойиҳаларига катта қизиқиш билдирмоқда. Айни шу жиҳатлардан келиб чиққан ҳолда учрашувда трансафғон темир йўлининг қурилиш масаласи ҳамда «Шимол-Жануб» транспорт коридори доирасида Эроннинг «Чохбохор» порти имкониятларидан унумли фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Эроннинг йўл ва шаҳарсозликни ривожлантириш вазири Муҳаммад Исломи ҳамкорликдаги лойиҳаларни давом эттириш мақсадида давлатлар ўртасида махсус ишчи гуруҳини ташкил этиш ва транспорт соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи янги битим имзолашни таклиф қилди. Томонлар янги ҳужжатни шакллантириш учун уч томонлама экспертлар кенгашини ташкил этишга келишиб олишди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон томони Эрон – Афғонистон – Ўзбекистон йўналишида илк автокарвонни ташкил этиш таклифини билдирди. Мазкур таклиф Афғонистон ва Эрон томонидан ҳам маъқулланди. Эрон томони айнан мазкур йўналишда мултемодал транспорт коридорини ташкил этиш давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада ривожланишга катта туртки беришини алоҳида қайд этиб ўтди. Муҳаммад Исломи шунингдек, 2021 йилда Эрон томони Чохбохор портидан мамлакатнинг Захедон шаҳригача темир йўл қуриб битказилиши ва ишга туширилишини бу эса ўз навбатида давлатлар ўртасида юк ташувлар ҳажмининг ортишига ҳисса қўшишини таъкидлаб ўтди.

Афғонистон транспорт вазири Ямо Шамс давлатлар ўртасидаги транспорт ва транзит алоқаларини ривожлантиришга ва бу борадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирди. Эрон – Афғонистон – Ўзбекистон йўналишида илк мултемодал автокарвонни ташкил этиш ва бу жараёнда хавфсизлик масалалари Афғонистон ҳукумати томонидан тўлиқ таъминланишини таъкидлаб ўтди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech