24 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +7,3 °C

Спорт
25 Фев  2019 572

Ўзбекистон 2030 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиши мумкин

Шу кунларда Осиё Олимпия Кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабах юртимизда меҳмон бўлиб турибди. Унга ташриф давомида Халқаро кураш ассоциацияси президенти, ООК Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар фармон ва ООК котиби Льюсен Альварез ҳамроҳлик қилмоқда.

 

Бугун Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ООК президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабах билан учрашув ўтказди. Учрашувда шунингдек, AIBA президенти Ғофур Раҳимов ҳам иштирок этди. Унда томонлар 2030 йилги Осиё ўйинларини Ўзбекистоннинг Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳарларида ўтказиш масалаларини муҳокама қилишди, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Шунингдек, учрашув давомида йирик комплекс мусобақа учун янги спорт иншоотлари ва Олимпия шаҳарчасини қуриш, логистика, қулай транспорт маршрути, юқори савиядаги тадбирларни ташкил қила олиш механизми, ўйинлар трансляцияси ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.

XXI Осиё ўйинларни қабул қилиш учун шунингдек, Қатар, Ҳиндистон ва Филиппин каби мамлакатлар даъворгарлик қилишмоқда.

Учрашув давомида ООК президенти Ўзбекистонда Осиё ўйинларини ўтказиш учун имкониятлар юқорилиги, мамлакатимиз ҳаттоки бу бўйича етарли устунликларга эга эканлигини айтиб ўтди. Мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек спортга қаратилаётган эътибор бу борада муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон бунгача Осиё ўйинларини қабул қилмаганлиги, бу эса мусобақа географиясини оширишга ҳизмат қилиши ва ушбу курашда мамлакатимизнинг имкониятларини яхшигина оширишини қайд этиб ўтди.

Ушбу музокаралар якунига кўра, Ўзбекистон Осиё Олимпия Кенгашининг навбатдаги Ассамблеяларидан бирида Осиё ўйинлари-2030 мезбонлиги бўйича ўз тақдимотини ўтказишига келишиб олинди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech