03 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25 °C

Яшил сайёра
9 Апр  2020 493

Оролқумда нидерланд атиргуллари ўсади

Президентимиз ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари туфайли Орол денгизининг қуриган ҳудудида янги ҳаёт бошланди. Инсон қадами тегмаган жойларда саксовул ҳамда шўр ва қурғоқчиликка чидамли бошқа дарахт ва буталар экилиб, қум барханлари ўрнида яшил ҳудуд пайдо бўлмоқда.

Ўтган йили 500 минг гектар ерга турли дарахтлар уруғи сепилган бўлса, бу йил 700 минг гектар майдонни ўрмонзорлаштириш режалаштирилган эди. Маълумотларга кўра, апрель ойи бошида Орол тубида ўрмонлаштиришнинг иккинчи мавсуми ҳам якунига етди. Бу ишга жалб қилинган барча техника ва ишчилар Қўнғирот темир йўл вокзалидан ўз уйларига кузатиб қўйилди. 

Бугунги кунда экологик офат зонасида қум ва тузнинг учишига тўсқинлик қилувчи яшил майдонлар яратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан, 2019 йил куз ва 2020 йил қиш мавсумида 700 минг гектар майдонда ўрмон мелиорация ишлари бажарилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтга келиб 706 минг гектар ерда бу ишлар тўла амалга оширилди. Шунча майдонга саксовул ва чўл, яйлов ўсимликлари уруғлари сепилди. 166 минг 200 гектар майдон экиш учун тайёрланди. Бунинг учун Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан келган мингдан зиёд ишчи қарийб 4 ой давомида тиним билмай ишлади. 

Бошқача айтганда, қисқа вақт ичида мисли кўрилмаган ҳажмдаги ишлар қилинди. Саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан иборат ўрмонзор май ойининг бошида – вегетация даврида яшил тусга кириб, бутун майдон мовий гиламга айланади. Яна бир эътиборли жиҳат, Орол денгизининг қуриган тубига илк маротаба ем-хашак ўсимликлари экилди. Демак, бир неча ой ичида бу ерда яйловлар ҳам пайдо бўлади. 

Орол қуриб, аста-секин кемалар қабрис­тонига айланган ва чанг-тўзон ҳамда туз кўтарилиб, экологик муаммони келтириб чиқарган эди. Аммо матонатли, кучли халқ ёруғ кунларга ишониб, умид билан яшади ва ниҳоят орзу қилинган кунлар етиб келди. Орол денгизининг қуриган тубида “яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш учун бугун барча астойдил меҳнат қилмоқда. 

— 30 кишидан иборат жамоамиз 2019-2020 йилларнинг куз-қиш мавсумида Орол денгизи тубига саксовул кўчатларини ўтқазиш ишлари билан шуғулланди. 3 минг гектардан зиёд майдонга ўзимизнинг кўчатхонада етиштирилган 3 миллион дона саксовул кўчатини экдик, — дейди Нукус давлат ўрмон хўжалиги директори Арислон Юсупов. — Орол ва унинг фожиаси оқибатларини юмшатиш йўлида қўлимиздан келган барча ишларни бажаришга тайёрмиз. Келаси мавсум учун ҳам кўчатхонамизнинг 7 гектар майдонига саксовул уруғини сепиб, кўчат етиштирмоқдамиз. 

“Бирлашиб кўтарган юк енгил”, дейди доно халқимиз. Бугун қуриб қолган денгиз ўрнида ватандошларимиз амалга ошираётган ишлар ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Олдин Орол денгизи, кейин Оролқум бўлган ерда энди  ўрмон пайдо бўлмоқда. Бу ерда меҳнат қилаётган ҳар бир ватандошимизни замон қаҳрамонлари, десак арзийди. Ҳақиқатан ҳам, улар қум ва туз барханлари ўрнида мўъжиза яратмоқда. 

— Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 24 август куни Ашхобод шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида давлатимиз раҳбари Оролнинг қуриган тубида яйловлар яратиш кераклиги тўғрисида гапирган эди. 2000 гектар ерда ана шундай майдон яратилди. Айтиш керакки, бу ишга Ўзбекистонда илк маротаба қўл урилмоқда. Бир-икки йилдан сўнг бу ҳудуд ўт-ўланлар билан қопланади. Натижада чорвачилик ривожланади. Янги иш ўринлари яратилади, — дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, академик Зиновий Новицкий. — Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг яна бир кўрсатмаси бўйича жорий йилда 4 гектар майдонга мевали дарахт­лар ва манзарали ўсимликлар экилиши режалаштирилган эди. Ҳозир бу майдонга 20 хилдан ортиқ ўсимликлар экилди. Олма, ўрик, олхўри, гилос, узум, жийда ва бошқа  мевали дарахт кўчатларини ўтқаздик. Биз бу ерлардан нафақат ҳосил, балки эстетик завқ олишни ният қилганмиз. Яна 186 туп нидерланд атиргулини ҳам экдик. Бу қизил атиргуллар келажакда меҳмон бўлиб келган сайёҳларнинг баҳри дилини очади.

Инсон қадами тегмаган жойлар бугун кўкаламзорга айланмоқда. Бу эса  фаровон ҳаёт, ҳар бир фуқаро учун катта илҳом манбаи бўлиши шубҳасиз. Демак, яқин келажакда бу ҳудудни қайта жонлантириш борасида янги-янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади. 

Мнажатдин Қутлимуратов.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech