24 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +12,2 °C

Яшил сайёра
3 Фев  2020 2674

Орол денгизи тўлиб-тошмоқда

Кўпчилигимиз, «умумхалқ ҳашари», «ҳашар элга ярашар» каби жумлаларни эшитганимизда унинг моҳиятини ҳамиша ҳам тўлароқ англайвермаймиз. Юртимиз тарихига назар солсак, халқимизнинг бир мақсад йўлида бирлашиб, «халқ ҳашари» шиори билан бундан олдин икки маротаба юксак эътирофга лойиқ натижаларга эришганига гувоҳ бўламиз.

Биринчиси, 1939 йилнинг август ойида катта Фарғона канали қурилиши бошланиб, халқ ҳашари йўли билан 45 кунда 270 километр узунликдаги иншоот бунёд этилишига эришилган. Ўшанда халқимизнинг матонати билан қисқа муддатда 18 миллион куб метр ҳажмда тупроқ қазиш ишлари бажарилиб, 450дан ортиқ сув иншоотлари ва 38 дона кўприклар қуриб битказилган. Мазкур умумхалқ ҳашарида Ўзбекистоннинг 200 минг нафардан зиёд аҳолиси билан бирга қўшни Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларининг ҳам кўплаб аҳолиси камарбаста бўлган. Иккинчиси, 1966 йил Тошкент шаҳрида содир бўлган зилзиладан сўнг тиклаш ва бунёдкорлик ишларидир. Ўша пайтги халқимизнинг меҳнатда кўрсатган жасоратлари, бунёдкорлик ишлари янги қурилган Тошкент шаҳри қиёфасига разм солганимизда  яққолроқ намоён бўлади, албатта. Назаримда, айни кунларда Мўйноқда, Орол денгизининг қуриган тубида амалга оширилаётган ишлар учинчи халқ ҳашари, десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Орол фожиаси жаҳон муаммосига айланганлигини таъкидлаб, бу муаммога жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратган эди. Шундан сўнг давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди ташкил қилинди. Эътиборлиси, Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламалар яратиш умумхалқ ишига айланиб, ўтган 2018-2019 йил қиш-баҳор мавсумида 500 минг гектар ерга кўчати ва уруғи орқали саксовул экилди.

Бугун Орол денгизнинг қуриган тубида саксовул экишга мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ҳашарчилар келишган. Ҳар бир вилоят ҳашарчилари турли манзилларда жойлашганлиги қарамай, барча ҳашарчиларга қулай шароитлар яратиш, уларнинг ҳолидан тизимли равишда хабар олиш ташкил қилинмоқда.

Ёш йигит-қизлар, механизаторларнинг Орол денгизининг бепоён қумликларида орзу-умидларимиз нишони бўлган саксовул дарахтлари ниҳоллари ва уруғларини экаётганини кўрган, қалбида ватанпарварлик руҳи бўлган ҳар бир юртдошимиз бу ишга бош қўшгиси келгани шубҳасиз.

Бу хайрли ишга Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги жамоаси ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Бугунги кунда Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламалар барпо қилиш ишида қатнашаётган ҳашарчилар ҳолидан хабар олиш Нукус шаҳридаги ҳар бир вазирлик ва ташкилотларнинг бурчи ва кундалик юмушига айланиб улгурди.

Жиззахлик механизатор ва ишчи ҳашарчилар Мўйноқ тумани марказидан 130 километр узоқликда Орол денгизнинг қуриган тубида ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилишмоқда.

– Сир эмас, бундан бир неча йил илгари меҳнат сафари билан кимдир Мўйноқ туманига бориши керак деса, кўпчилигимиз ортга чекинар эдик, – дейди «Суенли» ирригация тизими бошқармаси  бошлиғи Мурат Алджанов. – Бугунги кунда эса Президентимизнинг ташаббуси билан Мўйноқни обод қилиш, Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламаларни барпо қилиш бўйича бошланган тарихий ва оламшумул ишлари ҳар бир юртдошимизни ушбу масканга чорламоқда. Ҳозир Нукус шаҳри билан Мўйноқнинг орасидаги масофа  ҳам яқинлашиб қолгандек, назаримда. Олдинлари бориш учун бир кун тайёргарлик кўрсак ҳозир, бир кунда бориб қайтамиз, лозим бўлса эртасига яна кетаверамиз. Хуллас, бугунги кунга келиб Мўйноқ туманига сафарга деса, барча жамоадошимиз олдинги сафда бориш истаги билан чиқадилар.

Маълумотларга кўра, 2019–2020 йилларда бу ерда 700 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этиш назарда тутилган. Бугун Оролнинг қуриган тубида 2 минг 700 нафарга яқин киши ҳашарга жалб этилган.

Ҳа, аввало, Президентимизнинг хайрли ташаббуси билан бошланган ва бугунги кунда халқ ҳашари, юртдошларимиз бирдамлиги, жасоратли меҳнати натижасида қуриган Орол денгизи том маънода тўлиб-тошмоқда, гўё. Биз, ишонамиз Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибрайим Юсупов таъкидлаганидек:  «Бу эл ҳали зўр бўлади», деб хабар беради Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech