03 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +35,4 °C

Саломатлик
10 Июл  2020 381

Олти киши коронавирус қурбони бўлди

Коронавирус инфекциясига чалинган афғонистонлик 40 ёшли, пойтахтлик 83 ва 51 ёшли бемор, шунингдек, жиззахлик 28 ёшли ҳамда бухоролик 53 ёшли аёл ва Сурхондарёлик 35 ёшли эркак ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этдилар.

Афғонистон давлати фуқароси 40 ёшли эркакни 2-3 кун давомида йўтал ва тана ҳарорати кўтарилиши безовта қилган.

21 июнь куни тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморга СOVID-19, икки томонлама пневмониянинг ўта оғир кечиши, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, юрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган.

Шифохонада бемор бир неча марта мутахассислар томонидан онлайн консультация қилинган, даволаш жараёни уларнинг тавсияси асосида олиб борилган.

Учтепа туманида яшовчи 83 ёшли онахонни жорий йил 25 июндан тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, ҳансираш ва нафас сиқиши безовта қилган. 28 июнь куни эса коронавирус аниқланган ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган.

30 июнь куни тос суяги бўйинчаси цинганлиги сабабли 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ўтказилган.

Унга COVID-19 оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмониянинг оғир кечиши, ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шунингдек, бемор икки томонлама гонартроз, икки томонлама коксоартроз каби ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.

Бемор бундан аввал, кўп йиллардан буён гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги билан даволаниб келади. 2019 йилдан бери эса ётоқ ҳолатда бўлган (тизза ва тос-сон бўғимлари остеоартрози, жорий йил 16 июнь куни эса йиқилиб тушиши оқибатида тос суяги бўйинчаси цинган).

Шайхонтоҳур туманида яшовчи 51 ёшли эркакни сўнгги 3-4 кун давомида ҳансираш безовта қилган.

4 июль куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ётқизилган ва COVID-19 инфекциясига намуна олиниб, инфекция билан касалланганлиги тасдиқланган. Кўкрак қафаси рентген текширувидан ўтказилганда икки томонлама пневмония аниқланган.

Даволаниш динамикасида беморнинг аҳволи оғирлашиб, нафас етишмовчилиги ва ҳансираш кучайган. Шундан сўнг у 1-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ўтказилган. Бемор бундан аввал эпилепция касаллиги билан назоратда турган, 2-гуруҳ ногирони.

Шифохонада бемор бир неча марта Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан онлайн режимида консультация қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Жиззах шаҳрида яшовчи 28 ёшли аёлнинг жорий йилнинг 22 июнь кунидан тана ҳарорати кўтарилиб, у уй шароитида даволаниб юрган.

Бемор аҳволи оғирлашиб, 4 июль куни тиббиёт ходимларига мурожаат қилганидан сўнг, ундан COVID-19га намуна олинган ва инфекция билан касалланганлиги тасдиқланган. Унда икки томонлама бронхопневмония, ўткир нафас етишмовчилиги кузатилган.

Бемор даволаниш жараёнида мутахассислар томонидан бир неча марта консультация қилинган, унга тасдиқланган стандартлар асосида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Беморда ўткир нафас етишмовчилиги белгилари кучайганлиги сабабли у сунъий нафас бериш аппаратига уланган.

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи 53 ёшли аёл жорий йил 20 июнь куни туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган.

22 июнь куни эса беморнинг аҳволи оғирлашиб, тез тиббий ёрдам автомашинасида Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг реанимация бўлимига кўчирилган. Унга COVID-19, икки томонлама пневмония, ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Шунингдек, унда гипертония касаллиги ҳам қайд этилган.

Сурхондарё вилояти Музработ туманида яшовчи 35 ёшли эркак жорий йил 28 июнь куни томоғида оғриқ сезган, нафас йўллари яллиғланган. Аммо ҳеч кимга мурожаат қилмай, уйида ўзича даволанган.

2 июль куни соғлиғи ёмонлашавергач, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Унда COVID-19 тасдиқланган ва вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга COVID-19 оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас, юрак қон-томир етишмовчилиги асорати билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, семизлик ва сурункали пиелонефрит каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Ушбу беморларнинг барчаси даволаниши давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан онлайн консультация қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан уларнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech