28 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,6 °C

Молия
10 Июн  2020 1095

Солиқ сири ҳақида

2020 йилдан янги таҳрирда амалиётга татбиқ этилган Солиқ кодексига асосан, солиқ тўловчилар томонидан тўланган солиқларнинг ва солиқ қарзининг суммалари ҳақидаги маълумотлар солиқ сири ҳисобланмайди.

Солиқ кодексига асосан, солиқ сири ҳисобланмайдиган маълумотлар таркиби кенгайтирилди. Яъни 2020 йилдан:

- солиқ тўловчилар томонидан қўлланиладиган солиқ режимлари ва қўшилган қиймат солиғини тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлик тўғрисидаги маълумотлар;

- тўланган солиқларнинг ва солиқ қарзининг суммалари ҳақидаги маълумотлар;

- юридик шахснинг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар;

- ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони тўғрисидаги маълумотлар;

- молиявий ҳисобот маълумотлари бўйича даромадлар ва харажатлар суммалари тўғрисидаги маълумотлар солиқ сирини ташкил этмайдиган маълумотлар таркибига киритилди.

Амалиётда давлат солиқ хизмати органларига учинчи шахслар томонидан солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни олиш юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Албатта, солиқ сири ҳисобланган солиқ тўловчи маълумотларини ошкор этиш мумкин эмас.

Шу каби муносабатларни тартибга солиш бўйича Давлат солиқ қўмитасининг қарори қабул қилиниб, Адлия вазирлигидан 3237-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур қарор билан «Солиқ тўловчилар тўғрисида ҳисоб маълумотларини юритиш, бу маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш, шунингдек солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари учун маълумотлар таркибини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низомда солиқ органларига солиқ тўловчи, шунингдек давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган ва солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлар таркиби келтириб ўтилган.

Хусусан:

- ички ишлар органларидан олинган паспорт маълумотлари;

- кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлардан олинган тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисидаги маълумотлар;

- нотариуслардан олинган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари;

- мол-мулк ижараси шартномалари тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори;

- меросга эгалик қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномалар берилганлиги ҳамда ҳадя этиш шартномалари нотариал тарзда тасдиқланганлиги ҳақидаги маълумотлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, солиқ тўловчи тўғрисидаги солиқ сири ҳисобланмайдиган, яъни очиқ маълумотлар таркиби ҳам аниқ белгилаб қўйилди.

Буларга:

- солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) тўғрисидаги маълумотлар;

- солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари ва бу қоидабузарликлар учун жавобгарлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар;

- солиқ тўловчилар томонидан қўлланиладиган солиқ режимлари ва қўшилган қиймат солиғини тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлик тўғрисидаги маълумотлар;

- тўланган солиқларнинг ва солиқ қарзининг суммалари ҳақидаги маълумотлар;

- юридик шахснинг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар;

- ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони тўғрисидаги маълумотлар;

- молиявий ҳисобот маълумотлари бўйича даромадлар ва харажатлар суммалари тўғрисидаги маълумотлар киради.

Низомда солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва республика давлат бошқаруви органларига тақдим этиш ДСҚ билан ўзаро электрон ахборот алмашиш бўйича тузилган битимлар асосида электрон тарзда амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Маълумотлардан фақат рухсат берилган мансабдор шахсларгина фойдалана олади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда тижорат ташкилотларига ҳам солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари тақдим этилиши мумкин. Бунда, солиқ сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этиш фақат солиқ тўловчининг розилиги билан амалга оширилади.

Масалан, жисмоний шахс кредит олиш учун тижорат банкига борди. Албатта, тижорат банки ундан охирги 12 ой давомида олган даромади тўғрисидаги тасдиқланган маълумотнома ва СТИРини тақдим этишни талаб қилади.

Бироқ, энди бу бошқача бўлиши ҳам мумкин:

Жисмоний шахс розилигига кўра, тижорат банки солиқ органидан фуқаронинг паспорт маълумотлари бўйича охирги 12 ой давомида олган жами даромади ва СТИР бўйича маълумотларини электрон тарзда олиши мумкин.

Маълумот олишнинг бу тартиби ортиқча ҳужжатбозликка чек қўйиб, ҳам вақтни, ҳам нақдни тежайди. Албатта, бу ҳолатда солиқ органлари томонидан тижорат банкининг ахборот хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилиши назорат қилинади.

Низомда солиқ тўловчига ўзининг контрагентларини танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги ҳамда солиқ сирини ташкил этмайдиган маълумотларни шахсий кабинет орқали реал вақт режимида олиши мумкинлиги белгиланди.

Чунки, контрагентлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш солиқ тўловчининг кейинги ишлаб чиқариш, иш ва хизматлар кўрсатиш фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу нормалар солиқ тўловчилар ва унинг контрагентлари ҳамда давлат солиқ органлари ўртасидаги ишончли ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилади, деб хабар беради ДСҚ матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech