28 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +12,2 °C

Маданият
24 Фев  2020 1226

Ноёб хазина Ватанга келтирилди

Дунё тамаддунига ҳисса қўшган қанча халқ ва миллат бўлса, уларнинг ҳар бири ўзига хос миллий қадрияти, сўзлашув ва кийиниш маданияти, урф-одати, маданий бойликларини асрлар давомида авлодларга бебаҳо мерос сифатида етказиб келмоқда. Зеро, аждодлардан қолган нодир буюмлар келажак авлод учун тарихий ва маданий аҳамиятга эга бойлик сифатида эъзозланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан Буюк Британия, Германия, Франция, Туркия ҳамда Уммон султонлиги кутубхона музейларида сақланаётган ўттиз тўртта қадимий қўлёзма нусхалари Ислом цивилизацияси марказига топширилди.

— Алишер Навоий қаламига мансуб тўққиз қўлёзманинг нусхасини олиб келишга муваффақ бўлдик, — деди филология фанлари доктори Афтондил Эркинов. — Буларнинг саккизтаси Франция миллий кутубхонаси, биттаси Туркиянинг Сулаймония кутубхонасидан келтирилди. Уларнинг ичида энг аҳамиятлиси Алишер Навоийнинг ҳаётлик даврида — 1485 йили кўчирилган “Бадое ул-бидоя” девонидир. Ҳиротда машҳур хаттот Султонали Машҳадий қўлёзмани кўчираётган пайтда Навоий “Хамса”ни ёзиб тугатаётган эди. У қўлёзмани кўрган бўлиши эҳтимоли жуда катта.

Тадбирда Имом Бухорийнинг “Ал-жоме ас-саҳиҳ”, “Саҳиҳ ал-Бухорий”, Муҳаммад Хоразмийнинг “Мафотиҳ ул-улум”, Ҳаким Термизийнинг “Баён ул-илм”, Яъқуб Чархийнинг “Тафсири Чархий” каби кўплаб ноёб қўлёзма асарлари нусхаси Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасига топширилди.

Рисолат МАДИЕВА

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech