02 Декабрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,5 °C

Молия
26 Фев  2020 2838

Янги солиқ тартиби синовда

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 2020 йил 1 майдан 2021 йил 1 майгача солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартиби синовдан ўтказилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 107-сонли қарорида белгилаб берилди.

Тажриба учун юқори сайёҳлик салоҳиятига эга, маҳаллий ва чет эллик меҳмонлар учун жозибали сайёҳлик жойларининг кўп қисми жойлашган Бўстонлиқ тумани танланди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, сув транспорти, сув мотоцикллари, қорда юрадиган техника воситалари, квадрацикллар, параплан ва дельтапланлар, шунингдек, супа, сўри ва шунга ўхшаш дам олиш жойлари жисмоний шахсларнинг даромад манбаи ҳисобланади ва солиққа тортилади.

Тажриба даврида жисмоний шахслар томонидан дам олиш уйлари, яшаш учун мўлжалланган турар жойлар ва бошқа айрим мол-мулклар махсус гувоҳнома асосида ижарага берилади.

Мазкур гувоҳнома солиқ органларининг таянч пунктлари томонидан мулк эгасига бепул тақдим этилади.

Бу ўзгаришлар Tошкент вилоятида туристик хизматлар кўламини яхшилаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва солиқ солинадиган объектларни ҳисобга олиш тартибини соддалаштиришга қаратилган. Бу борада Tуризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Яқин кунларда Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 4 та солиқ таянч пункти ташкил этилади. Уларда фаолият юритадиган ходимлар ушбу қарорда кўрсатилган ва солиққа тортиладиган кўчар ва кўчмас мулк объектларини ҳисобга олади.

Тажрибадан мақсад солиқ тўловчилар томонидан ўз мажбуриятларини вақтида, тўлиқ ва тўғри бажарилишини таъминлашдир.

Ушбу тартиб-қоидалар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтган ҳолда оилавий меҳмон уйлари ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга татбиқ этилмайди.

Дам олиш хизматларини кўрсатиш фақат рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома асосида амалга оширилади, деб хабар беради ДСҚ Матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech