17 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,4 °C

Ижтимоий ҳаёт
25 Янв  2019 1933

Муҳаббат қалбга муҳрланади, устунга эмас

Бухоро жаҳоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири саналади. Унга саёҳат қилган ҳар бир инсоннинг руҳи таскин топиб, кайфияти кўтарилади. Айниқса, Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги фавворалар майдони нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам кундузги жазирамадан сўнг салқинланиши учун қулай жойдир.

Бинобарин, бу ерда турли оммавий-маданий тадбирларнинг тез-тез ўтказилиши дам олувчилар сонининг янада ошишига хизмат қилмоқда.

Одатда ҳар гал ишдан чарчаб уйга қайтаётганимда бирор сокинроқ жой топиб, дам олишга ҳаракат қиламан. Бир сафар ушбу майдон олдидан ўтиб қолдим. Офтоб забтига олган. Дам олиш ва салқинлашга мўлжалланган айвончалардан бирига яқинлашдим. Бироқ кайфиятим тушиб кетди. Ўймакор усталар машаққати билан бунёд бўлган, баланд ёғоч устунларига келиб-кетувчиларнинг турли сўзларни, исмларини ёзганини кўриб, уларга қоғоз керак эмас экан-да, деган хулосага келдим.

«Azizbek + Dilfuza = Love, Shaxi + Hanifa,  Nilu + Mehriniso + Risher + Elmurod = Dostlar...»

Булар устунлардаги баъзи бир сўзлар, холос. Баъзи бирини мисол қилиб келтиришдан ҳам уяласан киши. Дўстлигини қалбларга эмас, балки мана шу устунларга «муҳрлаб» қолдиришни истаган тенгдошларимиз бу иши билан нимани исботламоқчи экан-а? Қолаверса, вилоятимиз меҳмонлари уларнинг нечоғли маънавияти паст эканлигини кўриб, ёқа ушламайдими?

Устунларни кузатар эканман, ёнимга бир онахон келиб, сўз қотди:

– Болам, Бухорода меҳмонсиз чоғи, устунларга ҳайрон бўлиб қараётганингизга айтаман-да, – дейди ўзини Нурия Сафарова деб таништирган онахон. – Мен ҳар куни шу ерга невараларимни олиб келаман. Ёшлар учун шундай ажойиб майдон қурилган, қанча мевали, манзарали дарахтлар экилган. Кўрган кўз қувонади. Аммо гоҳида уларнинг дарахт шохларини синдириб, анвойи гулларни узиб, бир оз ўтгач, шундоқ ерга ташлаб кетишларини кўрганимда бу ерни обод масканга айлантириш учун кеча-кундуз меҳнат қилаётганларга  ачинаман. Бу каби ёшларга ота-онаси яхши тарбия бермаган, деб ўйлайман. Орамизда шундайлар борлигидан хафа бўлиб ҳам кетаман.

Таъкидлаш керакки, яшаб турган маконимизнинг ободлиги, озодалигига қараб бизга баҳо берилади. Бу ишимиз минглаб инсонлар заҳмати, саъй-ҳаракати эвазига чирой очаётган она шаҳримиз ҳуснига доғ бўлиб тушишини унутмайлик.

Ферузбек Сайфуллаев

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech