22 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +20,5 °C

Туризм
16 Янв  2019 1168

Муаммолар ўрганилди, қарор қабул қилинди, энди навбат...

Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ва унинг асосида қабул қилинган қарор сайёҳлик соҳасида фаолият кўрсатаётган фирмалар учун катта совға бўлди, дейиш мумкин. Чунки мамлакатимизда туризм жуда тез ривожланяпти, бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилган, деб жар соламизу аммо унинг ичида «қайнаётган»ларнинг суҳбатини олсангиз, ҳар куни, ҳар қадамда муаммоларга дуч келинаётгани, қоғозбозлик, сансалорлик, коррупцион ҳолатлар ҳамон давом этаётганини эшитасиз.

 

Хўш, туризм билан шуғулланаётган фирмалар давлатимиз раҳбарининг сайёҳлик ривожига қаратилган навбатдаги фармонини қандай кутиб олди? Уларнинг қарашларига ҳамоҳангми, дуч келаётган муаммоларига ечим бўла оладими? Шундай саволларга жавоб олиш мақсадида бир неча туристик компанияларга мурожаат қилдик.

Ҳасан МИРАЛИЕВ — «World wide Travel» сайёҳлик компанияси менежери:

– Ўтган йилнинг ноябрь ойида туризм масалаларига бағишланган очиқ мулоқотда иштирок этдим. Сўзга чиқиб, туроператорлар фаолияти билан боғлиқ кўплаб муаммоларани санаб ўтгандим. Мана, орадан икки ой ўтиб-ўтмай, Президентимизнинг туризм тармоғини янада ривожлантиришга қартилган фармони ва қарори эълон қилинди. Унда айнан ўша очиқ мулоқотда кўтарилган муаммоларнинг деярли барчаси кўрсатиб ўтилган ва унинг ечими бўйича тегишли идораларга топшириқлар берилган, бажарилиши лозим бўлган вазифалар, чора-тадбирлар белгиланган.

Энг катта муаммолардан бири авиачипталар билан боғлиқ эди. Рақобат йўқлиги сабаб «Ҳаво йўллари»мизнинг чипталари шунчалик қиммат эдики, айрим хорижлик сайёҳлар нархини эшитиб Ўзбекистонга келишнинг бошқа йўлини қидирарди. Сафардан воз кечганлари ҳам йўқ эмас. Фармонда эндиликда аэропортларимиз хизматидан хорижий ташувчилар ҳам эркин фойдаланиши, бунинг учун уларга чегирмалар бериш, чартер рейсларини кўпайтириш кўзга тутилган. Хусусан, «Зиёрат» туризмини ривожлантириш учун Индонезия авиакомпанияларини жалб қилиш масаласини тезкорлик билан ҳал қилиш кўрсатилган.

Шу ўринда, фармонда мамлакат ичкарисидаги авиакомпания харажатларини камайтириш ва авиачипталар нархини мақбуллаштиришга ҳам эътибор қаратилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки маҳаллий сайёҳларнинг асосий қисми қўшни давлатлар, жумладан, Қозоғистон орқали учиб кетаётгани айни ҳақиқат, ва бу бизнинг энг оғриқли нуқталаримиздан бири эди.

Хирожиддин Ибрагимов — МЧЖ «I TRAVEL» туристик фирма таъсисчиси:

– Бугун туризм саноати шунчалик тез ривожланиб бормоқдаки, сайёҳларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда ҳар куни, ҳар соатда янгидан-янги талаб ва истаклар, имкониятлар пайдо бўляпти. Ўзбекистонни сайёҳлик ривожланган давлатлар билан таққослаганда, эҳ-ҳе, қилиниши лозим бўлган қанчадан-қанча ишлар бор, фойдаланилмаётган имкониятларнинг эса саноғи йўқ.

Дунёнинг бренд компаниялари борган сари хизмат кўрсатишни янада яхшилаб, нарх-навони арзонлаштириш йўлидан бормоқда. Мақсад, янада кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш. Марҳамат, туристнинг хизматини қилиб, рози қилинг ва пулини олинг! Аммо бизда, аксинча. Келган сайёҳнинг аввало, хизматини эплаб қилолмаймиз, камига алдаб, пулини шилиш пайида бўламиз. Бир келгани қайтиб келмайди. Менимча, бунинг бари соҳада жонкуяр, билимдон мутахассисларнинг етишмаслиги билан боғлиқ.

Гидлар масаласи ҳамон муаммолигича қолмоқда. Улардан миллий тарихимизни сўрасангиз, тилини тишлайди. Айрим гидларнинг аравани қуруқ олиб қочишидан чет элликлар олдида кулгига қолган пайтлар ҳам кўп бўлган. Шунинг учун фармонда мутахассислар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мана, Самарқандда «Ипак йўли» Халқаро туризм университети очиладиган бўлди. Шунингдек, сайёҳлик ривожланган хорижий давлатлар олий ўқув юртларининг ҳамкорликдаги қўшма факультетларини очиш кўзда тутилган.

Туристларни янада кўпроқ жалб қилишимиз керак, деймиз. Қани шарт-шароит, қани хизмат кўрсатиш?! Биргина меҳмонхоналар бўйича бирталай муаммолар бор. Фармонда меҳмонхоналар қуриш, бу борадаги хизматларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилгани аҳамиятлидир. 50 ўриндан кам бўлмаган 3 юлдузли меҳмонхона қурган инвесторларга меҳмонхонадаги ҳар бир номерга сарфланган харажати учун давлат бюджетидан 40 миллион сўм ва 100 ўриндан кам бўлмаган 4 юлдузли меҳмонхона қурган инвесторларга меҳмонхонадаги ҳар бир номерга сарфланган харажати учун эса 65 миллион сўм ажратиладиган бўлди.

Бекзод ЮНУСОВ — «TRAVEL TIME» компанияси бошқарувчиси:

– Хизмат юзасидан чет элда кўп бўламиз ва фаолиятимиз билан боғлиқ барча ишларни жойимизда ўтириб «онлайн» тарзда бажарамиз. Биронта қоғоз тўлдирмайсиз ёки ташкилотлар эшиги олдида кун бўйи сарғаймайсиз. Ўзбекистонда эса қон-қонимизга сингиб кетган эканми, қоғозбозлик, бюрократиядан қутулишимиз жуда-жуда қийин бўлмоқда. Кунингиз ташкилотлар орасида югуриб, маълумотлар тўплаш билан ўтиб кетади. Ахир, дунё аллақачон «онлайн» мулоқотга ўтиб бўлди-ку, деб дод солгинг келади.

Шунинг учунми, фармонда туризмда замонавий ахборт технологиялари хизматидан янада кенгроқ фойдаланишга катта эътибор қаратилган. 2019 йилнинг 15 мартидан бошлаб электрон кириш визаларини олувчи давлатлар рўйхати янада оширилади. Умумий рўйхатдан 76 давлат ўрин олган. Меҳмонхоналар, маданий объектлар ва муассасалар хизматида телекоммуникация тармоғи бўйича минимал талабларни бажариш белгиланган.

Сайёҳлик фирмамиз ички туризм бўйича ҳам шуғулланади. Фармонда бу йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилотларга кўплаб қулайликлар яратиш кўзда тутилган. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 14 миллиондан 25 миллионга ошириш белгиланган. Умуман, қарорда туристлар учун ҳам, бу соҳада фаолият кўрсатаётган фирмалар учун катта имкониятлар яратилиши кўзда тутилган. Энди ҳамма гап унинг қай даражада бажарилишида қолди.

Равшан Маҳмудов

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech