19 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,8 °C

Саломатлик
14 Мар  2019 3096

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: эпидемиологик ҳолат барқарор, хавотирга ўрин йўқ

Сўнгги вақтларда турли ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда аҳоли ўртасида менингит касаллиги кенг тарқалганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда. Ушбу ҳолат бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жойлардаги вазият юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

 

Аниқланишича, 21 ёшли фуқаро менингит хасталигидан вафот этган. Сабаби эса тиббий ёрдамга кеч мурожаат этганлиги билан боғлиқ. Бу касаллик мавсумий бўлиб, республикада учраб туради ва ҳар йили 5 тадан 10 тагача қайд этилиши мумкин. Энг муҳими, менингит аҳоли ўртасида кенг тарқалмаган, эпидемик вазият барқарор. Аслида ушбу хасталикнинг эрта баҳор мавсумида учраб туриши табиий жараён бўлиб, шу кунларда аксарият Европа ва бизга қўшни бўлган давлатларда бир неча юзлаб одамларда ушбу касаллик қайд этилмоқда.

– Маълумки, кўпгина касалликлар қиш фасли тугаб, баҳор мавсуми кириб келиши билан авж олади. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги касалликларнинг мавсумий кўтарилиш даври эканлигини ҳисобга олган ҳолда, аҳолидан ўз соғлиғига эътиборли бўлишларини, менингит ва шу каби касалликлар белгилари, яъни, тана ҳароратининг кўтарилиши, кучли бош оғриғи, қайт қилиш, томоқда ачишиш сингари клиник белгилар кузатилган ҳолатларда дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат этишларини сўраб қолади, – дейди вазирлик бош эпидемиологи, Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори Нурмат Атабеков. – Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, менингит хавфли касаллик эмас. Агар у илк босқичларда аниқланса, ушбу хасталикдан осон фориғ бўлинади. Шунинг учун аҳолининг бундан хавотирга тушишига хожат йўқ.

Менингит хасталиги кузатилганда, биринчи навбатда, қандай чораларни кўриши керак?

– Менингитнинг клиник белгилари кузатилганда, аввало, тезкорлик билан шифокорга мурожаат қилиши зарур. Асло ўзича даволанишга ҳаракат қилмаслиги, ўтиб кетар дея бефарқ бўлмаслиги лозим, – дейди Соғлиқни сақлаш бош инфекционисти, Республика вирусология илмий-текшириш инситутити директори Эркин Мусабоев. – Шифокор профилактика мақсадида тавсия этган антибактериал дори воситаларини белгиланган миқдорда ва ўз вақтида истеъмол қилишга қатъий риоя этиши талаб қилинади. Имкон қадар стационар шароитда даволаниш тавсия этилади. Ёки бўлмаса, беморни шифокор тавсияси билан алоҳида хонага ўтказиш, ишга, мактабга, умуман олганда, жамоат жойларига бормаслиги, жамоат транспортидан фойдаланмаслиги керак. Бу чоралар касалликнинг соғлом одамга юқушининг олдини олишда жуда муҳим. Чунки, менингит бир одамдан бошқа одам юққани сари кучайиб боради. Шу боис имкон қадар юқуш эҳтимоли бўлган ҳар бир ҳолатнинг олдини олишга ҳаракат қилишимиз талаб этилади. Яна бир муҳим жиҳат, яшаш жойларнинг ҳавосини мунтазам алмаштириш, хонани тез-тез артиб-тозалаш минингит касаллигининг олдини олишда жуда муҳим ўрин тутади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech