18 Февраль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,5 °C

Саломатлик
3 Янв  2020 1068

Соғлиқни сақлаш вазири янги йилни бемор болалар ҳолидан хабар олишдан бошлади

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бугун, 3 январь куни туғма юрак нуқсони ҳамда онкологик касалликлар туфайли даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олди, деб хабар қилади вазирлик матбуот хизмати.

Биринчи манзил пойтахтимиздаги Академик В.Воҳидов номли республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази кардиохирургия бўлими бўлди.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам бўлди.

Онкологик касалликлар жаҳонда нафақат катта ёшдаги аҳоли, балки болалар саломатлигига ҳам жиддий таъсир этаётган муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, йилига 400 минг нафарга яқин болалар хавфли ўсма касаллиги билан рўйхатга олинади. Ўзбекистонда ҳам йилига 900 нафарга яқин болаларда хавфли ўсма аниқланади. 4000 нафардан кўпроқ бола ҳисобда туради.

Бугун Ўзбекистонда болалар онкологияси дунёнинг тиббиёти энг ривожланган мамлакатлари билан тенгма-тенг ривожланмоқда. Бунда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва филиалларининг фаолияти муҳим ўрин тутади.

Хусусан, бу ерда касалликка аниқ, тез ташхис қўйиш имкониятлари жуда юқори. Бу борада ўсма маркерлари билан ишлаш, иммуногистохимик таҳлиллар замонавий стандартлар асосида ўтказилади.

Бундан ташқари, МСКТ, МРТ, ПЭТ, рақамли рентген, допплер каби замонавий тиббий технологиялар тиббиёт амалиётига чуқур кириб келиши касалликка эрта босқичларда аниқ ташхис қўйиш имкониятини кенгайтирмоқда. Табиийки, саратон қанча эрта аниқланса, беморларнинг саломатлигини асраш имконияти ҳам шунча юқори бўлади.

Болалар онкологиясида бугун бир қатор янги замонавий жарроҳлик амалиётлари ҳам самарали қўлланиляпти. Булар таянч ҳаракат тизими ўсмаларида суяк аутопластика операциялари, суяк кўчириб ўтказиш амалиётлари, йирик бўғимларни эндопротезлаш операциялари, буйрак, қорин парда ости соҳаси, кичик чаноқ бўшлиғи ўсмаларида ҳам янгича операция усуллари муваффақиятли қўлланиляпти. Албатта, тиббиётимизнинг бундай илғор ютуқлари беморлар соғлигини тиклашда муайян ютуқларга замин бўлмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири ўз ташрифи доирасида ушбу шифо муассасаларида болаларга замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш борасида яратилган шароитлар билан танишди. Олимлар ва шифокорлар билан ушбу йўналишда тиббиётимиз олдида турган муҳим вазифалар ва уларни ҳал этишда тиббиёт илм-фанини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш хусусида фикрлашилди.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech