23 Февраль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +7,6 °C

Ижтимоий ҳаёт
17 Дек  2018 270

Миграциянинг салбий таъсирини қандай камайтириш мумкин?

Илгари мамлакатимиз Халқаро миграция ташкилотида (ХМТ) кузатувчи сифатида иштирок этарди. Унинг мазкур ташкилот таркибига қабул қилиниши - республикамизда миграция жараёнларини самарали бошқаришда муҳим босқич бўлди.

 

Ўзбекистон - аҳолиси тез суръатларда ўсаётган давлат. МДҲ давлатлари ўртасида Россия ва Украинадан (дунё бўйича 42-ўринда) кейин учинчи ўринда туради. Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотига асосан 2017 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, юртимиз аҳолиси 32,51 миллион кишини ташкил этган. БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти башоратига кўра 2030 йилда бу кўрсаткич - 36,7 миллион, 2040 йилга бориб эса 40 миллиондан ошади. Бу аҳоли сони 20,61 миллион кишига етган 1991 йилдагига қараганда, анча йирик кўрсаткич.

Ҳозирда аҳолининг халқаро миграцияси глобаллашди. БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти маърузасида келтирилишича, бугун дунё бўйлаб мигрантлар сони 250 миллионтага етган. 2050 йилга бориб бу рақам 321 миллионтани ташкил этади. Эътиборлиси, унинг 30 фоизи 29 ёшгача бўлган ёшлар ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон ҳам ушбу глобал жараёнларда фаол иштирок этмоқда. Мигрантларнинг кўпгина давлатлардаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга сезиларли таъсир кўрсатиши сир эмас. Миграциянинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳам мавжуд. Демак, бу ножўя таъсирларни камайтириш бўйича мос қарорларни қидиришни ҳамда шахс ва жамият ривожланишидаги ижобий таъсирини оширишга қаратилган ўрганишларни талаб этади.

Хорижга чиқишнинг сабаблари кўп: бизнесни юритиш, саёҳат қилиш, қариндошлари ва дўстлариникига меҳмонга бориш, ўқиш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш ва ҳоказо. Ўзбекистонликларнинг асосий оқими МДҲ давлатларига йўл олмоқда. БМТнинг нуфус соҳасидаги жамғармаси (UNFPA) ҳисоби бўйича Россияда 2 миллиондан зиёд киши, 600 мингга яқин ватандошимиз эса Қозоғистонда вақтинча меҳнат миграциясида.

Сўнгги йилларда миграция жараёнларини тартибга солиш тамойиллари ва бу масалага ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Хорижда ишлаётган фуқароларнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини назарда тутувчи давлатлараро даражадаги ҳужжатлар имзоланмоқда.

Миграция билан боғлиқ тобора катталашиб бораётган муаммоларни тезкор ечишда ёрдам кўрсатиш, бу йўналишда кўмакка муҳтож инсонларга хавфсиз, ишончли, мослашувчан ва арзон хизматлар кўрсатиш мақсадида 1951 йилда ХМТга асос солинган. Ташкилот миграция бўйича БМТнинг Агентлиги ҳисобланади. Унинг фаолияти умумий манфаатлар учун инсонийликни сақлаган ҳолда миграцияни тартибли амалга ошириш, муаммоларга амалий ечим излаш ва муҳтож мигрантларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишга қаратилган. Ўзбекистоннинг ХМТга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши борасидаги талабномаси БМТнинг Женевадаги Миграция бўйича агентлиги кенгашининг 109-сессиясида қўллаб-қувватланди. Унда мамлакатимизнинг Марказий Осиёда ва глобал мигрантлар оқими борасида муҳим саналиши қайд этилди.

ХМТ қочоқлар, кўчирилган одамлар, мигрантлар ва бошқа шахсларнинг ўз юртларига эркин қайтиши ва реинтеграциясини енгиллаштирадиган кўплаб дастурларни амалга оширмоқда. Ташкилот Марказий Осиё давлатларида ҳам фаол. ХМТнинг прогнозига қараганда, кейинги беш йил ичида ушбу ҳудудда ишчи кучи тўрт миллион кишига етади ва катталашишда давом этади.

ХМТ фаолиятида тўлақонли иштирок этиш халқаро механизмлар ва миграция жараёнларини бошқариш бўйича тузилмалар имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда техник ва услубий кўмак олиш имконини беради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари киритилган Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат матнида айтилишича, давлат уларни ҳурмат қилишни, миграцион мақомидан қатъи назар ҳимоясини таъминлашга, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига мос равишда ҳаракат қилиши лозим. Бу миграция ва у билан боғлиқ масалалар борасида муаммоларнинг эътироф этилиши бўлди ва бунинг ўта муҳимлиги таъкидланди.

Сўнгги йилларда миграция жараёнлари, фуқаролар билан ишлаш ва биргаликда ҳаракат қилиш, давлат тузилмаларининг аҳоли билан олиб борадиган музокараларини тартибга солиш қайта кўриб чиқилди. Хориждаги фуқароларни ишга жойлаштиришнинг ташкилий шаклларини йўлга қўйиш бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти. Хорижий келишувлардан, самарали ишга жойлаштириш учун квоталар олишдан, мигрантларга амалий кўмак беришдан вазиятнинг янада яхшиланиши кутилмоқда.

Миграция соҳасида мувофиқлаштирилган ҳолда ишлашини таъминлаш учун давлат органлари, вазирликлар ва идоралар, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш биринчи галда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уйларига қайтаётган меҳнат мигрантларига реабилитация (тиббий, руҳий ва педагогик жиҳатдан тиклаш) ва реинтеграция (фуқаролигини қайта тиклаш) ёрдамини кўрсатишга қаратилган.

ХМТ ишчи кучини экспорт қилувчи давлатларга мигрантлар манфаатини ҳимоя қилиш, айни дамда хориждаги ва чет элга ишлашга чиқмоқчи бўлаётганларга маслаҳат ҳамда ахборот хизматини кўрсатишдаги ролини ошириш учун давлат органлари вазифаларининг янгича шаклини яратишни таклиф этувчи тавсияномаларни ишлаб чиқди.

Мигрантларнинг эҳтиёжлари, жумладан, ижтимоий кам таъминланган оилалардаги потенциал меҳнат мигрантларини ўқитишга мўлжалланган, уларни тайёрлаш ва мослаштириш дастурларини амалга оширишда ХМТ билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболли ва муҳимдир. Хорижий бозор талабларига мос равишда чет элга чиқишидан олдин меҳнат мигрантларини тайёрлаш ва мослаштириш тизими ҳам такомиллаштирилмоқда. Бу йўналишдаги ишларни давом эттириш, ХМТ ишида фаол иштирок этиш миграция жараёнларини бошқариш механизмларини яхшилаш имконини беради.

Шуҳрат Исоқулов,
иқтисод фанлари номзоди
.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech