03 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +27,6 °C

Саноат
1 Июл  2020 154

ХМК ва ЕТТБ «Indorama» компаниясига Қўқон суперфосфат заводини замонавийлаштиришда молиявий ёрдам беради

Видеоконференсалоқа шаклида «Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals», Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ўртасида умумий қиймати 25 миллион долларга тенг бўлган кредит битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Тенг улушларда ажратилган ХМК ва ЕТТБ кредит маблағлари Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларидан фойдаланмаган ҳолда хорижий инвесторга тақдим этилади ва «Қўқон суперфосфат заводи» АЖни замонавийлаштиришда «Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals»нинг тўғридан-тўғри инвестицияларини молиялаштириш учун йўналтирилади.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилиши режалаштирилган: биринчи босқичда иссиқхона экинлари учун сувда эрувчан ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва суперфосфат ишлаб чиқариш ҳажми йилига 100 дан 350 минг тоннагача оширилади. Иккинчи босқичда дикалсий фосфат, калий сульфат ва сульфат кислота каби янги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

«Қўқон суперфосфат заводи»ни замонавийлаштириш лойиҳаси давлат активларини самарали ва ошкора хусусийлаштириш намунаси ҳамда Ўзбекистонда хорижий инвесторнинг «success story»сининг намойиши бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

ХМК ушбу лойиҳани молиялаштиришдан ташқари, «Indorama» компаниясига ўғитларни тарқатиш тизимини ишлаб чиқиш ва ташкил қилишда маслаҳат кўмагини беради ва фермерларга ер сифатини бошқариш соҳасида техник ёрдам кўрсатади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Маълумот учун: «Қўқон суперфосфат заводи» АЖ 1935 йилда ташкил этилган бўлиб, компания фаолияти Қизилқум фосфорит комбинатининг «Тошқура» кони фосфоритларидан минерал ўғитлар ишлаб чиқариш эди. 2019 йилда заводнинг 96% акциялари «Indorama Corporation» томонидан сотиб олинди.

«Indorama Corporation» - дунёнинг 35 дан ортиқ мамлакатларида ўғитлар, полимерлар, полимер хом ашёлари, тўқимачилик, толалар ва тиббий қўлқопларни ўз ичига олган турли хил маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи, 40 000 дан ортиқ одам ишлайдиган шўба корхоналари ва филиалларига эга бўлган Осиёдаги кимёвий саноат соҳасида етакчи холдинглардан биридир. Корхона Сахаранинг жанубида жойлашган Африка мамлакатларида энг йирик минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчиси, Ғарбий Африкадаги энг йирик полиолефин ишлаб чиқарувчиси ва дунёда учинчи йирик синтетик қўлқоп ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Шунингдек, компания пахта ва синтетик ипларни интеграллашган ишлаб чиқарувчиси ҳамдир.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech