16 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +7,9 °C

Бўш вақтда
20 Сен  2019 564

Метин бардош

онам Норметова Зайнаб ҳақида ҳаётий воқеалар

Онам Норметова Зайнаб. 1933 йилда Самарқандда олинган сурат.

Баъзи маълумотларга кўра, оила қуришидан олдин онамизнинг фамилияси Норметова Зайнаб бўлган, турмушга чиққандан сўнг Мусаева Зайнабга ўзгарган. 1914 йилнинг 12 мартида Сижжак қишлоғида туғилган ва 1967 йил 19 октябрда оламдан ўтган (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин). Тўққизта боланинг ота-онаси Мусаев Муслим ва Мусаева Холби ҳам оламдан ўтганлар, қолганлари ҳаёт.

Сирожов Йўлдош,

Норметова Зайнаб онамизнинг жияни:

«Зайнаб аммам Чимкентда 1926-1927 йилларда Ишчилар факультети («Рабфак»)да таълим олган ва ўқимишли бўлган. Файзулла Маюсупбой Қози ўғли тоғаси экан. Ўқиши пайтида чимкентлик бир йигит уни яхши кўриб қолиб, йўлини тўсаверган. Хуллас, нима қилишни билмай қолган онамиз бу ҳақда тоғасига айтишга мажбур бўлган. Файзулла тоғамиз ўша йигит билан гаплашиб, унинг шу ерда ўқигани ва мактаб директори эканини билибди. Йигитнинг фамилияси номаълум, исми Усмонали бўлган дейишади. Хуллас, тоғаси Чимкентда йигитнинг ота-онаси билан гаплашиб, Зайнаб онамизни унаштиришиб, тўй қилиб берган экан. 1929 йилда улардан қиз фарзанд туғилган. Ана шу опамиз ҳозир ҳаёт, саккиз фарзанднинг онаси».

Бу опамизнинг фамилияси Мусаева Қорасоч, асли исми Халима. У Зайнаб онамизнинг иккинчи турмуш ўртоғи, яъни отамизнинг фамилиясини олган. Қорасоч опамиз ўз отасини кўрмаган, фақат онаси орқали исмини билади. Чунки тўйидан сўнг тахминан олти-етти ой ўтиб, отасини қулоқ сифатида қамаб, уйларини ёқиб юборишган. Зайнаб онамиз не-не машаққатлару қийинчиликлар билан Сижжак қишлоғига етиб келса, Файзулла тоғаси ҳам қулоқ сифатида сургун қилиниб, қамалиб кетибди. Шу-шу онамиз тоғасини бошқа кўрмаган.

Шу ўринда Файзулла тоғамиз ҳақида икки оғиз келтириб ўтсам.

Тоғам Файзулла Маюсупбой Қози ўғли.

У киши 1870-1880 йилларда Москвада гимназияда ўқиган. Рус тилини яхши билган, хушқомат, баланд бўйли, мўйлов қўйган киши бўлган, дейишади. Ўзига тўқ оиладан бўлиб қишлоққа чиққан пайтлари маҳалла аҳли дарров йиғилиб тўпланаркан. Ночор кишилар, оилаларга совға олишни ҳам унутмас экан. 1917 йил Октябрь инқилобидан кейин Марказий ижроқўм раиси Йўлдош Охунбобоевга таржимон ва маслаҳатчи бўлиб ишлаган. Кейин Сирдарёнинг қайсидир туманида райком котиби ва ундан кейин Тошкент шаҳрида бозорком бўлиб ишлаган экан. Нозигул Ҳомид бува қизига уйланган. Лекин фарзанд кўришмаган. Мен Файзулла тоғамизнинг турмуш ўртоғини ўз кўзим билан кўрганман. Зайнаб онам у киши билан таништирганди. Лекин Нозиргул янгамизнинг қачон вафот этгани номаълум.

Яна онамнинг жияни Йўлдош тоғамнинг айтишича: «Қорасоч аммам 1929 йилда туғилган. Ўшанда биз, яъни 1929 йилда янги уй қургандик ва ўша ерда яшардик. Зайнаб аммам Қорасочни онамга ташлаб ишга, яъни ўқитувчилик қилиш учун борар эдилар. У пайтлар мактаб йўқ эди..

Бу киши ҳозирги кунда ҳам ҳаёт, невара, эвара ва чеварали...

Саидаҳмедов Мирзааҳмад,

Онамнинг ўқувчиси 1920 йилда туғилган, йигирма йилдан зиёд Сижжак қишлоғидаги 24-мактабда директорлик қилган:

«1927 йилдан, яъни етти ёшимдан Норметова Зайнаб устозим қўлида бошланғич синфда тарбия олдим. Мактаб қаёқда дейсиз, бизни Мирзараим оқсоқол буванинг уйида ўқитишарди. У пайтларда ёши катталар ҳам ўқирди. Қирқдан, ҳатто, ундан ҳам зиёд ўқувчи бор эди. Парта, деган гаплар ҳам йўқ эди. Шундоқ ерда ўтириб ўқирдик, жой етишмай қолса, тахмонга, токчага чиқиб ўтирардик. Устозимиз Зайнаб онамиз жуда самимий, гўзал, дўппи кийган, сочлари жуда узун эди, рус тилини ҳам ўша устоздан ўрганганмиз».

Ғиёсов Фаёз,

Зайнаб онамизнинг яна бир ўқувчиси, 2018 йил 9 апрелда вафот этган. У киши ҳам 24-мактабда директор бўлиб ишлаган:

«Зайнаб устозни 1927 йилдан бери биламан. 1917 йилда шу қишлоқда туғилганман. Ўн тўрт ёшимда бошланғич синфга бордим. Ўзимдан ҳам катталар билан ўқиганман. Ўқувчи болаларнинг сони жуда кўп эди. Устозимиз Зайнаб опа ҳаммага бирдай муомала қиларди. Жуда чиройли эди, ҳалигача эслайман. Бошида дўппи, сочлари қирқ кокил қилиб ўрилган ва ерга тегай-тегай, дерди. Кийимлари ҳам ўзига ярашиб турарди. Русчага жуда уста эди. Минбарга чиқиб, сўзлаганда ҳамма анқайиб қоларди. Ўша пайтларда Зайнаб устозимиз Сижжак қишлоғи хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлиб ҳам ишлаган. Ўша даврнинг маърифатпарвар инсони эди. Чунки 1924-1934 йилларгача Бўстонлиқ район маркази бўлган. Икки йил ўқиганимдан сўнг Тошкентнинг «Ўқчи» маҳалласидаги педагогика техникумига кириб ўқидим. 1937 йилда ўқишни тугатиб, Хўжакентда кимё ва биологиядан дарс бердим. Кейин яна Сижжак қишлоғига қайтиб, мактабда ўқитувчилик қилдим. 15 йилдан ошиқ ўқув ишлари мудири бўлиб, кейинчалик мактаб директори бўлиб ишладим. Бу албатта, устозимиз Зайнаб онамизнинг меҳнати ҳамдир».

Набиев Тўхтамат,

Зайнаб онамизнинг яна бир ўқувчиси. 1920 йилда Сижжак қишлоғида туғилган. «Қизил куч» колхозида ҳисобчи бўлиб ишлаган, савдо соҳасида ҳам фаолият олиб борган. Бурчмулло ўрмон хўжалигида ҳисобчи бўлиб ишлаган. Саксон тўққиз ёшида вафот этган:

«Кейинроқ бундай ўқитувчининг камдан-кам бўлишини тушунганмиз. Айниқса, рус тилига жуда уста эди. Чунки қишлоғимизга келган одамлар орасида рус кишилари ҳам бўларди-да. Бундай вазиятларда уларга ўзбекчадан таржима қилиб бериши учун Зайнаб устозимизни олиб кетишарди. Устозимизнинг уйига ҳам жуда кўп меҳмон келарди. Чунки Мусаев Усмон ака, яъни Зайнаб онамизнинг иккинчи турмуш ўртоғи, Сижжакдаги тўртта колхознинг бош ҳисобчиси бўлиб ишларди. Зайнаб онамизнинг уларга ҳам кўп ёрдами теккан. Негаки, ичида рус кишилари ҳам бўлганлар колхозни текширгани келарди».

Толипов Тожибой,

Зайнаб онамизнинг ўз жияни, 1926 йилда Сижжак қишлоғида туғилган:

«Сижжак кишлоғида тўртта колхоз бўлган: «Қизил юлдуз» (акамиз Одилов Эшонқул раиси ва поччамиз Мусаев Усмон бош ҳисобчиси бўлган); «Меҳнат бирлиги» (раиси Саидаҳмедов Саидаҳмад ота); «Қизил куч» (раиси Мадалиева Норби опа); «Октябрь» (раиси Ўринбоев Нурпўлат бўлган). Шу колхозларнинг барига кейинчалик Мусаев Усмон поччамиз бош бухгалтер бўлган. 1933 йилда «Қизил юлдуз» колхози қошида болалар боғчаси очилган унга Норметова Зайнаб аммам бош мудир бўлган ва унда қирқдан зиёд бола тарбияланган. Шу боғчага мен ҳам борганман яна Қоратоев Бўронбой, Ғиёсов Мирза, Аҳмедов Мирзатилла ва бошқалар борган. Эсимда қолганлари шулар..

Зайнаб онамиз қаттиқ машаққатлар билан Сижжак қишлоғига қайтиб келгандан сўнг, жуда ночор яшаган. Негаки, отасидан кейин энг ишонган инсони, қўлловчиси Юсупбой ўғли Файзулла тоғасидан ҳам айрилган. Қишлоқда бошқа оилалардан ҳам қатағон қилинган кишилар кўп, очарчилик пайтлари эди. Онамнинг оналари Зоғда очам бетоб бўлиб, кейинчалик қулоқлари эшитмай қолган. Қорасоч (Халима) опам 1929 йил 3 мартда туғилган.

Онамнинг ўзи айтиб берганди: «Ўқитувчилик қилаётган пайтларим эди. Бунга катта қаршиликлар бўлган, мактабни ёқиб юборишган, баъзилар боласини ўқишга юбормай қўярди. Мактаб кулга айлангач, қаерда дарс ўтишимни билмай, доскани уйимизга олиб келганман, шунингдек, яна бошқа уйларда ҳам дарс беришимга тўғри келган. Мендан ёши катта Роқия опамни Хумсонга, Олимқозибой ҳузурига мажбурлаб жўнатишган ва жорияга айлантиришган. Роқия опам у ерда кўп яшамади, Олимқозибойнинг бошқа хотинлари опамни заҳарлаб ўлдиришган».

Опамиз Қорасоч (Халима) Мусаева

Бу ишлардан хабар топган Сирож акаси Зайнаб онамизга қаттиққўллиқ қилиб, тинчлик бермай қўйган. Кунларнинг бирида Зайнаб онам уйига келганида акаси Сирож тоғамиз «Сенга бормайсан деб айтгандим, нима учун айтганимни қилмадинг? Яна енги калта куйлак кийибсан, тенгкурларим олдида нима деган одам бўлдим», деб Зайнаб онамни ҳовлисидан ўтган катта ариқ сувига босиб, бўғиб, калтаклаган. Ажратиб олишга ҳеч кимнинг кучи етмаган. Зоғда очам дод солиб бақирганча, кўчага чопган. Кейин қўни-қўшнилар ажратиб олган. Буни ўз кўзи билан кўрган Қорасоч (Халима) опамиз чинқириб йиғлаб, ҳушидан кетиб қолган экан.

Юқорида ёзганимдек, онам «Қизил юлдуз» колхози қошида очилган болалар боғчасида бош тарбиячи бўлиб ишлаган пайтларда отамиз Мусаев Усмон хотини билан ажрашиб кетган экан. Олдинги хотинидан бир фарзанд (ўғил) қолган. Боғчада Зайнаб онамизни учратиб, сенга уйланаман, дея кўндиришга уринган. Кўп ваъдалар бериб, бошимда кўтариб юраман, хўрламайман, деб 1933 йили Норметова Зайнаб онамизга уйланган. 1934 йилда Зайнаб онамиз Усмон отамиздан биринчи фарзанди, яъни қиз кўради. Бу опамиз Мусаева Рихси бўлиб, ҳозир ҳаёт, невара, эваралар кўрган.

Энди Мусаев Усмон отамиз ҳақида қисқача маълумот:

Марзаев Усмон Матмуса ўғли 1906 йил 12 февралда Сижжак қишлоғида, ўзига тўқ оилада дунёга келган. Отамизнинг биринчи хотини Ёдгора исмли аёлдан 1927 йилда Неъматилла исмли акамиз туғилган ва у тўқсон тўрт ёшида оламдан ўтди. У кишини биз Элчи ака, деб чақирардик ва бизларга бош ака ҳисобланарди. Элчи акамизнинг айтишича, отамиз Усмон ака саводли киши бўлган. Бобомизнинг жияни Усмонов Деҳқон акамиз Самарқандда Шароф Рашидов, Усмон Носир, хумсонлик Элбек отахонлар билан бирга ўқиган. Афсуски, ўқиган муассасасининг номи номаълум. Лекин Усмон отамиз ўқишини тугатмаган ва Сижжакка қайтиб келган. Отамиз Мусаев Усмон Боғистон қишлоғида бобомиз Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор авлодларидан бўлган кишилардан сабоқ олган, араб алифбосини ўрганиб, муқаддас Қуръони каримни ўқиб-ўргана бошлайди. Анча йил имом-хатиб ҳам бўлган. 1984 йил 12 февралда вафот этган. Лекин отамиз онамизга берган ваъдасининг бирортасини ҳам бажармаган. Мен туғилган 1945 йил 10 апрелдан олдин, яъни март ойлари бошида Усмон отамиз Умр исмли учинчи хотинга ноқонуний уйланиб олади. Бу онамиз 2005 йил 29 августда оламдан ўтди. Умумий ҳисобда отамизнинг саккизта-тўққизта хотини бўлган. Улардан ҳам фарзандлари бўлган, лекин бир-биримизни танимаймиз. Буни отамизнинг ўзи ҳам айтган.

12 ёшларда эдим. Мени ва тўртинчи хотини Ҳубайра онамизни Госпиталный бозорига (Миробод)га олиб кетди. Шаҳарни умуман кўрмаганман, биринчи боришим эди. Орадан икки кун ўтар-ўтмас, музқаймоқ егим келиб, ўша даврдаги ўн тўққиз тийинга сотиб олдим ва еб келаётганимда тўртинчи онамиз Ҳубайрага рўбарў келдим. Қўлини силкиб, олдига чақирди. Кейин менга: «Анорбек! Усмон отангнинг хотинларини кўрдингми? Ана, отангнинг тиззасида ўтирибди...» Қарасам, беш-олти метр нарида отамнинг иккитаси тиззасида ва бир аёл ёнида хохолашиб ўтиришибди. Аёлларнинг оғзи тўла тилла тиш, кўриб турганимдан хабарлари йўқ. Кейин Ҳубайра онамиз олдидан иккита катта олмани олиб, уларга қарата отдим, биттасининг бошига тегди. Кейин йиғлаб, уларни қувиб кетдим. Бозордагиларнинг икки кўзи бизда. Усмон отам ширакайф, мени ушлаб олиб, юзимга шапалоқ солди. Бу воқеа сира ўз ўнгимдан кетмайди.

Зайнаб онамни жуда пазанда бўлган, дейишади. Усмон отамиз тўрт колхознинг бош ҳисобчиси бўлган пайтларда уйимизга жуда кўп меҳмонлар, амалдорлар келишарди. Онамизнинг айтишича: «ўчоқда олов ўчмасди, уйимизда ҳатто, уй хизматчилари ҳам бўлган. Лекин бу ишлар менинг ўқитувчилик фаолиятимга катта таъсир кўрсатарди. Кунларнинг бирида туман бош ҳисобчиси Исохон ака ва бошқалар кўпчилик бўлиб келишди. Ичкилик кўп бўлди... Келганлар билан қўл бериб сўрашмаса, бўлмайди. Рус кишилар мен билан кўл бериб сўрашдилар. Сўрашмаса, меҳмонлар кетгач, отанг нима учун улар билан сурашмадинг, дея койирди. Кўришса, нега мендан рухсатсиз кўришдинг, дерди. Бир куни мени дўппослади, ўша куни менга: «бошқа ўқитувчилик қилмайсан, ишламайсан, уйда ўтирасан», деди. 1936 йил қишда Рустам аканг туғилди. Шу йили кўклам — май ойида ҳаммага ипак қурти тарқатдилар. Бизларга ипак қурти беришмади. Кейин отангга: «ҳаммани мажбурлаб, ипак қурти беряпсизлар. Уйда бекор ўтирибман, менга ҳам ўн грамм ипак қурти олиб беринг», дедим. Менга ўн грамм ипак қурти олиб берди. Шу пайтларда Рустам аканг уч ойлик чақалоқ эди (ҳозир ҳам ҳаёт). Тутга чиқиб қайчида барг кесаётганимда оёғим тагидаги шох синиб кетиб (ўша тут ҳали ҳам бор), дарахтдан йиқилдим, белим синди. У пайтларда табиблар қаёқда? Тахтага ётқизииб қўйдилар. Ўша тахтада беш-олти ой ётдим. Оқибатда букри бўлиб қолдим».

Усмон отамизнинг тўрт қиз, тўртта ўғил, Қорасоч опамни ҳам ҳисобга олсак, тўққизта фарзанди бўлган. Шулардан иккитаси — Мусаев Муслим 1942 йилда туғилган, 2001 йилда вафот этган, Мусаева Холби синглимиз ҳам вафот этган. Аслида яна 1944 йилда Мусаева Боғда опамиз ҳам туғилган бўлиб, узоқ яшамаган.

Зайнаб онамнинг хумсонлик Ҳусанов Тиллабой ака ва унинг рафиқаси Гулнора (миллати озарбайжон) билан бирга ишлаганини билиб қолдим. Ана шу масала борасида 2008 йилнинг 12 январида Ҳусанов Тиллабой аканинг Буюк исмли кенжа ўғли билан суҳбатлашдим. Уйида сақланаётган суръатларни кўриб чиқдим. Лекин буни тасдиқловчи бирон далил топа олмадим.

2008 йил 13 январида хумсонлик ўқитувчи Эдиров Турсунбой ака билан уйида учрашганимда: «Анорбек ўғлим ота-онангиз ҳақида олдинроқ айтиб бермоқчи бўлиб юрувдим. Ўзингизнинг келганингиз яхши бўлди. Онангизни ўқитувчи Сатторова Асорат ҳам яхши таниркан», деганди.

Эдиров Турсунбой ака ҳам ота-онамни биларкан, жуда кўп илиқ фикрлар айтди. Хўжакент район маркази бўлган пайти у ФҲДЁ бўлимида ишлаган экан. Буни онамни ўзлари ҳам айтган эди.

Мен Бўстонлиқ тумани партияси топшириғи билан 1983 йилда 18-мактабга Маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари қилиб ишга юборилдим. Охунжонова Комила опанинг эллик ёшга тўлгани муносабати билан уларнинг уйида йиғилдик. Ҳаммамиз ўтирибмиз. Бир пайт хўжакентлик ёши саксонлардаги аёл эшикдан кириб келиб, барча эркак ва аёл ўқитувчилар билан кўришиб кетди. Ўқитувчи бўлиб шу Хўжакентга келганимни ўқувчилардан эшитган, исмимни ҳам биларкан. Олдимга келиб, қуюқ сўрашди. Кейин: «Анорбек ўғлим, Сижжакданмисиз?» деб сўради. «Ҳа, Сижжакданман», дея жавоб қайтардим. Сижжакдаги барчани танишини айтиб, ота-онам ҳақида суриштирди. «Мусаев Усмон аканинг ўғлиман», дедим. «Ҳа-а... отангизни яхши таниман. Отангиз жуда хотинбоз киши эди, ўша ўшанинг ўғлимисиз?», деди. «Онангизнинг исми нима?», деб сўради. «Зайнаб», дедим. «Ҳозир ҳаётми?» деб сўради. «Йўқ, онам 1967 йили 19 октябрь куни оламдан ўтган», дедим. У хола буни эшитиб йиғлаб юборди. Кейин: «Онангизни отангиз ўлдирди. Устига хотин олавериб, роса куйдирди», деди. «Онамни қаердан танийсиз?» деб сўрадим. «Анорбек ўғлим, (йиғлаб) ҳаммангизни таниман. Зайнаб опам мендан етти ёш катта эди. Онангнинг ҳуснига, сўзларига тўймасдик. Чиройли бўлиб юрарди. Бошидаги дўпписи ўзига ярашган, қирқ кокили тақимига тегарди. Мен Зайнаб опа ишлайдиган хона полини ювардим. Аттанг, ёш ўтиб кетибди-я!», деб йиғлаб мен билан самимий хайрлашиб, уйига таклиф этди.

Кейин мен бу аёл ҳақида ҳамкасбларимдан суриштирдим, исми Жаҳон хола экан. Ўзимни ниҳоятда ёмон ҳис қилардим. Шундай катта йиғинда, ҳамма ўқитувчилар олдида, Усмон отам ҳақида бундай гапларни эшитаман, деб сира кутмагандим. Ер ёрилса-ю, кириб кетсам, дердим. Бироқ онам ҳақида айтилган илиқ сўзлар сал бўлса-да, таскин берарди. Хўжакентда райкомда ишлаганини онамнинг ўзи ҳам менга айтганди. Хонадондан чиқиб кетишни ҳам, қолишни ҳам билмасдим. Хуллас, йиғин  охирига қадар чидаб ўтирдим...

Ўшанда Жаҳон холаникига бориб, онам ҳақида сўраб-суриштириб, кўпроқ нарсаларни билиб олсам бўларкан... Ҳамон ўзимни койиб юраман. Жаҳон холанинг фамилияси Тошрўзиева экан. Мен 2019 йил 20 апрель куни ўзим ўқитган ўқувчим Тошрўзиева Қундузларнинг уйига бордим. Жаҳон холанинг расмларини сўрадим. Улар менга Жаҳон холанинг турмуш ўртоғи билан тушган расмини берди. Жаҳон холанинг оламдан ўтганига ўн йил бўлибди. Мен 18-мактабга ишга келганимда Бўстонлиқ тумани бўйича Хўжакент тарихи музейи бор эди. Музейга Жаҳон холанинг турмуш ўртоғи билан тушган расми ҳам қўйилган эди. Ўша расм ҳозир менда ҳам бор. Чунки улар Зайнаб онам ҳаётини асослаб берувчи ҳужжатдир.

Янада кўпроқ маълумот олиш учун Тошкент вилояти архивлари, Бўстонлиқ тумани архивлари, Ўзбекистоннинг барча архивларини суриштириб чиқдим. Минг афсус, ҳеч қандай маълумот тополмадим. 2012 йил 25 май онам (Норметова Зайнаб) борасида маълумот олиш учун Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилдим, лекин мени яхши қабул қилишмади. Менга Ташқи ишлар вазирлигига боринг, дейишди. Худди шу куни Ташқи ишлар вазирлигига келиб, шу масалалар бўйича мутахасис билан гаплашдим. Қозоғистон элчихонасига борганимни ҳамда улар менга бундай ишлар билан шуғулланмасликларини, ўзимизга қарашли бўлган жойга мурожаат қилишимни айтишганини маълум қилдим. «Олдимизга келиб тўғри қилибсиз, лекин аслида бундай ишлар Қозоғистон элчихонасининг вазифаси эди. Майли, хафа бўлманг амаки», деб, менга ариза ёздиришди. Ўша пайтларда Бўстонлиқ тумани жанубий Қозоғистонга қарашли бўлганини айтдим. Улар қўлимдаги қоғозни олиб, бир ой ичида жавоб олишимни айтишди. Қозоғистон элчихонаси архивидан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан кетма-кет жавоблар келди. Онам ҳақида ҳеч қандай маълумот топа олишмабди. Қозоғистон Республика архиви онажоним ҳақида ҳамон суриштиряпти, ҳар ҳолда менга жўнатилган жавоб мактубида шундай ёзилган. Лекин 2019 йилга қадар ҳеч кандай тайинли жавоб бўлмаяпти. Мен эса кутяпман. Шундан кейин Бўстонлиқ тумани архивларини яна бир бор текширишларини илтимос қилдим. 1964-1965 йилларда мен ва мендан катта опа-акаларимиз уч ойлик мактаб таътилида совхозга ишлаганларимизни Зайнаб онамиз номига ёздирардик. Шулар йиғиб ҳужжатлаштирилиб, сақлаб қўйилган экан. Онам иккинчи гуруҳ ногирони сифатида ўша пайтнинг пули билан етти сўмлар атрофида нафақа олган экан. Мен бу ҳужжатларни район таъминот бўлими архивидан топдим, кераклиларидан нусха олдим. Онамнинг исм-фамилияси ёзилган бу қоғозларни юзимга босиб, йиғладим. Атрофдагиларнинг барчаси аёллар эди, улар ҳам кўзларига ёш олишди.

Онам билан 1964 йил 11 декабрда Сил касалликлари диспансерида учрашдим. Аслида бу касалга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. Хумсонлик холаваччаси Боқи ака билан тасодифан учрашиб қолишибди, онамнинг асаблари қаттиқ чарчаганини кўриб, шу ерда ётишини маслаҳат бериб, ўзи даволаган. Ўша куни Усмон отамнинг укаси амаким Мусаев Ўрмонникида меҳмон бўлдим. У киши шу Сил касалликлари диспансери ёнида турарди. Замира келинойим ҳам шу диспансерда ишларди. Боқи акадан уч-тўрт соатга биз билан ўтиришига илтимос қилдик ва Ўрмон амаким онамни уйига олиб чиқиб келди. Кейин яна Ўрмон амаким, Замира келинойим билан онамни диспансерга кузатиб қўйдик. Эртасига эрталаб соат 7:00 да улар билан ҳам хайрлашиб, жўнадим. Ғазалкент автовокзалида мени Рустам акам кутиб олди. Кейин икковимиз Тошкент вилояти ҳарбий комиссариатига келдик. Ўн иккинчи декабрда шу ердан ҳарбий хизматга жўнатилдим. Ундан бўшаб, 1967 йил 20 октябрда уйга кириб келдим. Келсам, Зайнаб онам оламдан ўтган экан… белечар куни етиб келибман. Ҳамма мен билан йиғлаб кўришди. Энди аҳволимни ўзингиз бир тасаввур қилинг. Ҳарбий зизматни уч йил давомида ўтаб келганимдан сўнг ҳам бирон хурсандчилик бўлмаган. Бу аламлар етмагандек, хумсонлик яхши кўрган қизим (исми Тамара) ҳам мени оддий ишчи кўриб, бошқа йигитга турмушга чиқиб кетибди. У олийгоҳда ўқиётган эди. Баттар чўкиб қолдим. Зайнаб онам тўғрисидаги маълумотлар ҳозирча шу. Эзмалик қилган бўлсам, узр. Лекин буларнинг ҳаммаси содир бўлган ҳаётий воқеалар.

Мен Мусаев Усмон ва Мусаева Зайнабнинг олтинчи ўғлиман. Бу ёзилганларнинг барчаси 2008 йил 3 февралда қоғозга туширилган.

Худойберганов Қаюм,

1917 йил 9 майда туғилган. Ҳозир ҳаёт. Тўқсон икки ёшда. Ғазалкентда яшайди. Кўп фарзандли, невара-эваралари бор. 1940 йилда Низомий номидаги педагогига олийгоҳини тугатган. Уруш қатнашчиси «Қизил юлдуз» ордени, ўн бешта медаль соҳиби. Бўстонлиқ ижроқўмида, райком котиби бўлиб ишлаган:

«Ота-онангизни 1947 йилдан бери биламан. Сижжакдаги тўртта колхоз бош ҳисобчиси бўлмасдан олдин «Қизил юлдуз» колхози бош ҳисобчиси бўлган. Бўстонлиқ тумани бош ҳисобчиси Шамсиев Исохон ака билан ва бошқа мутахасислар билан бирга Сижжакка иш юзасидан чиқсак, Мусаев Усмон аканинг уйида тунардик. Онангиз Зайнаб опанинг ширин шилпилдок, норин, ва бошқа овқатларини еб, чойини кўп ичганмиз. Опамизнинг ҳеч қачон қовоғдан қор ёғмаган, жуда хушфеъл аёл эди. Мен: «Опажон, халқ учун Ватан учун кўплаб инсонларни тарбияладингиз, яна шу ўқитувчилик ишингизга қайтинг», деб илтимос қилдим. Лекин Усмон ака ўқитувчилик қилишига рухсат бермади».

Мен нафақат онамнинг ўтмишини, балки мутлақо чидаб бўлмас даражадаги ҳаёти ва умри хазон бўлган муштипар волидам тимсолида минг-минглаб, миллионлаб, дунё аёлларини ҳам ўз кўз олдимга келтираман. Ва келтирмоқдаман... Метин бардошли Зайнаб онамнинг кўрган-кечиргани ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

Ўз аёлини хўрлаш, ўз зурриётларингизни хўрлаш билан баробардир. Хўжакентдаги 18-мактабда ўқитувчилик қилганимда, ўз ўқувчиларимнинг уйлари, дарс қилишлари ва бошқа шароитлари билан танишиш баробарида жуда кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. Аёли хамир қилиб, нон ёпиш учун болта билан ўтин ёряпти. Бир беш-олти эркак эса ичкари уйда ароқ ичиб ўтиришибди. Бунга нима дейсиз? Аёл мени кўриб, дарров сўрашди: «Келинг устоз», деди. Ўқувчиларим сабаб Хўжакент аҳлини анча яхши билиб қолгандим. Исмини айтмайман, лекин аёлдан сўрадим: «хўжайининг қани?». Аёл кўзи билан имлаб кўрсатди. Ичкарига кирдим, ичкаридагилар ўринларидан туриб ҳурмат билан кутиб олишди. Дастурхон қуюқ, тўкин-сочин. Ўтириб фотиҳа қилдим, бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўрашдик. Кейин мен билан ташқарига чиқишларини сўрадим. Чиққач, уларга нон ёпишга ўтин камлигини айтдим. Бу сўзимдан кейин тандирга ташланган ўтинни кўриб, ҳозир домла деб, узр сўрашди-да, бири болтани олиб ўтин тайёрлашга, қолганлари арралашга тушиб кетди. Мен ҳам бошқа ўқувчиларимнинг уйига кетдим. Аёлларни камситиб, ожиз деб ҳақорат қилманг. Аслида ўзингизни хўрлаган бўласиз.

Онам Мусаева Зайнаб Нормат қизи ҳамда отам Мусаев Усмон Муса ўғли

Қуйидаги сатрларни эса 2019 йил 5 июнь тонгги соат тўртларда ёзганман. Зайнаб онам ҳақида ўзим гувоҳи бўлган воқеани сўзлаб бермоқчиман. Чамаси ўн тўрт ёшларда эдим. Норби опамнинг ёши каттароқ, яъни турмушга чиқадиган бўлиб қолган. Холби синглим етти-саккиз ёшларда эди. Сижжак қишлоғининг Шавкат маҳалласи Шайдон, деб аталувчи жуда катта майдоннинг ёнгинасида турардик. Катта акам Рустам Самарқандда жисмоний тарбия техникумини тугатгач, Оржоникидзе туманини (ҳозирги Қибрай) Маданият қишлоғидаги Сталин номидаги мактабда устоз бўлиб ишлаётган пайти эди. Ҳаётимиз анча оғир бўлгани сабаб Рустам акам, Муслим акам, Норинбой укамни олиб кетиб, шу мактабида ўқитаётган эди. Зайнаб онам Норби опам, Холби синглим ва мен тўрт киши шу Шайдон маҳалласидаги уйимизда яшардик. Кундузи тушга яқин бўлса керак, Усмон отам маст ҳолда уйга кириб келди-да, тўғри Зайнаб онамнинг олдига борди. Иккаласи ниманидир гаплашдилар. Суҳбат узоққа чўзилмади, кейин кутилмаганда отам онамни сўкиб, калтаклай кетди. Онамнинг йиғлаб айтган «сизнинг қайси хотинларингизга қонуний бўлишига розилик берай, 3-4-6-7... сигами?», деган гапларини тушундик. Чунки ўгай укаларимиз бошқа фамилияда эди, мактабда ўқишарди. Уларни қонуний қилиш керак-ку?! Бунинг учун онамнинг розилиги бўлиши шарт экан...

Ўшанда онам отамга иккита хотин билан қонуний бўлишига розилик берган экан. Лекин отам қолганларини ҳам қонуний қилиш керак, деган. Онам қолганларига розилик бера олмаслигини айтган. Онамдан рад жавобини олгач, отамиз уни доппослай кетган. Ҳатто, анча жойгача онамнинг сочидан судраб борди. Биз дод солганча онамни қутқаришга ҳаракат қилардик. Отам бизни ҳам силталаб, уриб ташлади. Қўни-қўшнилар ҳам биздан узоқда туришади. Нима қилишни билмаймиз.... Сочидан судраш натижасида онамнинг ҳамма ёғи шилиниб, қонади. Ундан ташқари, онамнинг бели синиб, букри бўлиб қолган. Усмон отамиз сочидан тортиб судраганда, белининг синган жойи тошга тегиб кетиб, бор овозда чинқриб юборди. Мен чопиб кўчага чиқдим, қарасам, Бердиқул поччамиз отга миниб ботаника боғига ишга кетаётган экан. Поччамни кўрган заҳотим тез мен билан юришини ёлвориб сўрай бошладим. У киши нима бўлганини билмайди, албатта. Бердиқул поччам тезда отдан тушиб, онамни божаси қўлидан, яъни отамиз қўлидан ажратиб олди. Биз болалар тезда онамга ёрдам беришга югурдик. Кейин Норби опам сув қайнатиб тоза латталар топиб, онамни қонларини, шилиниб кетган жойларини тозалади ва ичкарига жой солиб ётқизди. Уччаламиз ҳам йиғлаймиз, титраймиз. Шунда Норби опам: «Ўзи уч ойлаб, ҳатто, ундан ҳам кўп уйимизга келмайди. Келсаям доим онамни калтаклаб кетади», деб йиғлади. Бу ҳақиқатдан ҳам, шундай эди. Биз фақат онамиз тарбиясини олганмиз.

Азизларим, юқорида биргина онамнинг бошидан ўтказганларини баён қилдим, холос. Ҳурматли азиз ота-акалар, укалар ва ўғилларим, ота-онангиздан ўғил бўлиб туғилдингизми? Қисқа қиламан; ҳақиқий эркак бўлинг. Оилалардаги камчиликларнинг асосий айбдори эркаклардир. Айбни аёллардан қидириманг. Бундай гапларимга хафа бўлмайсиз, деган умиддаман, зеро, бу гапни сизларга, етмиш бешга қадам қўйган инсон айтмоқдаман. «Бировни кўриб - фикр қил, бировни кўриб - шукр», деб жуда топиб айтишган экан…

Мирзомерган ўғли Мусо,
Мусо
ўғли Усмон,
Усмон ва Зайнаб ўғли
Анорбек.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech