16 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,1 °C

Саломатлик
16 Июл  2019 716

Ўз ишига совуққонлик билан қараган масъул ходимлар ишдан бўшатилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жойларда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишларни мунтазам мониторинг қилиб боради. Ўрганишлар натижасида Қорақалпоғистон Республикасининг баъзи туманларида  жорий йилнинг ўтган олти ойи якунларига кўра, оналар ўлими кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан муайян даражада кўпайганлиги аниқланган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилади.

Юзага келган вазиятни атрофлича ўрганиш, мавжуд муаммолар ечимини топиш, таҳлил қилиш ва маҳаллий шифокорларга ҳомиладор аёлларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада яхшилаш юзасидан амалий-услубий ёрдам бериш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ олимлари ва малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб туришибди.

Улар томонидан оналар ўлими кўпайиши билан боғлиқ вазият синчиклаб ўрганилмоқда. Бу борада йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилиб, уларнинг олдини олиш юзасидан тиббиёт ходимларига услубий ёрдам кўрсатилиб, замонавий ташхис ва даволаш усулларини амалиётга қўллаш бўйича билим кўникмаларини оширишда кўмак беришмоқда.

Фаолияти давомида камчиликка йўл қўйган, ўз вазифасига совуққонлик билан қараган тиббиёт ходимларига нисбатан тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Перинатал маркази директори А. Абидов, директор ўринбосари З.Жуманиязова ва патология бўлими бошлиғи М.Эшбаева лавозимидан озод этилди. Шунингдек, мазкур марказнинг бир қатор ходимларига жарима интизомий жазо чоралари ва  “хайфсан” интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Д. Бекбоева, Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ж.Тарихов, Қўнғирот туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б. Жуманиязов ва Чимбой туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Д. Ембергеновларга жарима жазо чоралари қўлланилди.

Айни пайтда пойтахтдан борган мутахассислар маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда оналар, болалар, ўсмирлар, фертил ёшдаги аёллар ва аҳолининг барча қатламига кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада яхшилаш, тиббий-профилактика, перинатал ва антенатал тиббий ёрдамни замон талаблари даражасида ташкил этиш бўйича иш олиб бормоқда.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech