02 Декабрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,5 °C

Молия
6 Мар  2020 1679

Марказий банк асосий ставкани сақлаб қолади

Марказий банк Бошқарувининг 2020 йил 5 мартдаги қарори билан асосий ставка йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

Ушбу қарор тартибга солинадиган нархларнинг кутилаётган эркинлаштирилиши ҳамда коронавирус билан боғлиқ бўлган ташқи иқтисодий ноаниқликларнинг кучайиши билан изоҳланади.

Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра инфляциянинг энг юқори даражаси жорий йилнинг иккинчи чорагида кузатилиши мумкин. Айни вақтда, 2020 йилнинг иккинчи ярмида тарифлар ўсишининг инфляцияга таъсири пасайиб боради ва йил охирида инфляция даражаси прогноз коридорининг юқори чегарасига яқинлашади.

Ўтган йиллардаги инфляция хусусиятининг таҳлили шуни кўрсатадики, давлат томонидан тартибга солинадиган товарлар ва хизматлар нархларининг мунтазам тизимли равишда ошириб келиниши инфляциянинг асосий омилларидан бўлган. Таъкидлаш жоизки, ушбу соҳаларда нархлар шаклланишининг бозор тамойилларини жорий қилишни кечиктириш кейинчалик ҳам нархларни ҳар йил ошириб боришни талаб қилади. Бу, ўз навбатида, қўшимча инфляцион босимни яратишда давом этади ва 2023 йилга келиб инфляция бўйича мақсадли кўрсаткичга – таргетга эришишни қийинлаштиради.

Нархларни ўзгартиришни бир босқичда амалга ошириш орқали бозор тамойилларини жорий этилиши инфляцияга маълум даражада қисқа муддатли таъсир кўрсатиши мумкин, бироқ бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш жараёнларини ривожлантириш йўлидаги муаммоларни бартараф этишга, республика ҳудудларида энергия ресурсларидан фойдаланиш имкониятларининг кенгайишига ҳамда товарлар ва хизматлар таклифи ҳажмининг кўпайишига хизмат қилади.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2020 йилнинг февраль ойида йиллик инфляция январь ойига (14,3 фоиз) нисбатан 0,8 фоиз бандга ва 2019 йилнинг декабрь (15,2 фоиз) ойига нисбатан 1,7 фоиз бандга пасайиб, 13,5 фоизни ташкил қилди.

2020 йил февралда базавий инфляция 2019 йил декабрга нисбатан солиштирганда 1,4 фоиз бандга пасайиб, 12,5 фоизлик даражагача тушди.

Инфляция даражасининг пасайишига, биринчи навбатда, фундаментал омиллар, жумладан, иқтисодиётни кредитлаш ҳажми ва бюджет харажатларининг ўсиш суръатларининг секинлашуви, шунингдек, 2019 йилда юзага келган бир марталик омиллар (ўтган йил январь ойида ҚҚСга тортиладиган базанинг кенгайиши, август ойида миллий валюта курсининг девальвацияси ҳамда энергия ресурслари нархининг ошиши, октябрь ойида ун ва нон нархининг эркинлаштирилиши) таъсирининг  қисқариши сабаб бўлди.

Мавсумий тебранишларнинг таъсирининг камайиши жорий йилнинг январь-февраль ойларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарор бўлишига хизмат қилди ва ушбу гуруҳ нархларининг ўсиши 2,4 фоизни ташкил қилди (2019 йилнинг январь-февраль ойларида 4,9 фоиз).

Сақлаш инфратузулмасининг кенгайиши ва иссиқхоналар тармоғининг ривожланиши ҳисобига қиш ойларида мева ва сабзавотлар нархининг кескин ошиши кузатилмади. Хусусан, 2019 йилнинг январь-февраль ойларида мевалар 15,6 фоизга, сабзавотлар 13,8 фоизга ошган бўлса, жорий йилда нархлар ўсиши қарийб икки баробарга пасайиб, мос равишда 7,7 фоиз ва 6,3 фоизни ташкил қилди.

Шунингдек, буғдой уни ва нон маҳсулотлари нархларининг бозор шароитларига мослашиб бориши натижасида уларнинг ИНИга таъсири сезиларли даражада пасайди ва нон маҳсулотларининг улуши 0,08 фоиз бандни ташкил қилди (2019 йил январь-февраль ойларида 0,2 фоиз банд).

Жорий йил бошидан Марказий банк томонидан 1,75 трлн. сўмлик қисқа муддатли облигациялар муомалага чиқарилди, 2 трлн. сўмлик бюджет маблағлари Марказий банк депозитига жалб этилди ва бу банк тизими ликвидлигида мавжуд таркибий профицитни қисқартиришга ёрдам берди.

Жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги истеъмол ва ипотека кредитлари сегментида юқори ўсиш суръати (5,2 фоиз) кузатилди (умумий кредит портфели ўсишининг 38 фоизини ташкил қилди). Ушбу кредитлар бўйича фоиз ставкаларнинг нисбатан юқори бўлишига қарамасдан, уларга бўлган талабнинг юқорилиги қуйидагилар билан изоҳланади:

истеъмол кредитлар бозори нисбатан янги бўлганлиги учун узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган юқори талаб;

истеъмолчилар молиявий саводхонлик даражасининг юқори эмаслиги;

энг асосийси, мамлакатда бир неча йиллар давомида юқори инфляция кузатилганлиги сабабли, иқтисодиётда юқори фоиз харажатларини қайтаришнинг қийин бўлмаслиги тўғрисидаги фикрларнинг сақланиб қолиши.

Хорижий валютадаги кредитлар фоиз ставкаларининг нисбатан паст эканлиги ушбу кредитлар ҳажмининг 3,4 фоизга ошишига сабаб бўлди.

Ушбу тенденциянинг давом этиши аҳолини кредитлаш ва хорижий валютадаги кредитлар бўйича юзага келиши мумкин бўлган хатарларни олдини олиш ҳамда қарз юкининг мувофиқ даражасини сақлаб туриш мақсадида макропруденциал чоралари қўллаб борилади.

Умуман, жорий йилнинг январь-февраль ойларида фуқароларнинг миллий валютага бўлган ишончи ортиб бориши давом этди.

Январь-февраль ойларида жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли омонатлари 9,4 фоизга ошди, хорижий валютадаги омонатлар эса деярли ўзгармади.

Бюджет харажатлари ва иқтисодиётни кредитлаш ҳажмини қисқартириш бўйича амалга оширилган чоралар муайян даражада импортга бўлган талабнинг мувозанатлашувига олиб келди. Хусусан, 2020 йилнинг январь ойида импортнинг йиллик ўсиш суръати 23 фоизгача (2019 йилнинг январь ойида 43 фоиз, февраль ойида 40 фоиз) секишланди. 

Ноаниқлик ва хатарлар. Жаҳон иқтисодиётида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ бўлган иқтисодий муаммолар Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам муайян даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Бунда таъсир кўлами жаҳон иқтисодиётидаги хатарларнинг  давомийлиги билан баҳоланади.

Истеъмол саватчасида сезиларли улушга эга бўлган Хитойдан импорт қилинадиган айрим товарлар ҳажмининг қисқариши ички бозорда нархларга маълум босимни юзага келтириши мумкин.

Ички нархлар даражасига «коронавирус» таъсирининг бир марталик қисқа муддатли бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Хитойдан импорт қилинадиган товарлар бўйича қопланмаган талаб ички ишлаб чиқаришнинг кенгайиши ва бошқа давлатлардан янги импорт йўналишларининг йўлга қўйилиши орқали қопланади ва натижада ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлашади.

Ички бозорда гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабнинг сезиларли ошишига нисбатан таклиф ҳажмининг номувофиқ ўсиши нархларга маълум даражада босим яратади.

Чорвачилик соҳасини тубдан ривожлантириш ва бу учун зарур бўлган озуқа базасини шакллантириш орқали ички бозорни узлуксиз гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш, маълум бир вақтни талаб қилади. Шу билан бирга, бошқа давлатлардан (Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизстон) гўшт импортининг етарли даражада эмаслиги, шунингдек, гўшт импорти нархининг ошиши ўрта муддатли истиқболда гўшт нархига таъсир кўрсатади.

Яна бир бор таъкидлаш лозимки, транспорт инфратузилмасини, бозорларда рақобатни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз газ ва электр энергия билан таъминлаш соҳаларида зарурий таркибий ислоҳотларни амалга ошириш инфляция даражаси барқарор пасайишининг асосий омилларидан ҳисобланади.

Марказий банк ташқи ва ички шароитлар таъсирида инфляциянинг омиллари ва хатарлари хусусиятини чуқур ўрганишда давом этади ҳамда инфляция прогноз динамикасининг шаклланишидан келиб чиқиб асосий ставка даражаси бўйича тегишли қарорларни қабул қилади.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича асосий мажлиси 2020 йилнинг 23 апрелига режалаштирилган, деб хабар беради Марказий банк матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech