20 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +27,4 °C

Биласизми?
4 Мая  2019 1163

«Малайзия йўлбарси»нинг бойлиги

Уруш йилларида жануби-шарқий Осиё мамлакатларига босқинчиликларни содир этган қўшинга япон генерали Ямасита бошчилик қилган ва мислсиз бойликларни қўлга киритган эди. Урушдан сўнг Филиппин оролларида яшаб қолган Ямасита улкан хазинани мазкур архипелагнинг турли бурчакларига яшириб қўйишга қарор қилган. Сабаби, у интиқом онларининг яқинлашиб келаётганини сезган эди.

Ямаситанинг талончилик юришларидан хабардор бўлган мутахассисларнинг тахминий ҳисоб-китобига қараганда, «Малайзия йўлбарси»нинг (бундай номга Ямасита Малайзияни эгаллашда кўрсатган жасорати учун сазовор бўлган) хазинаси бир миллиард долларни ташкил этаркан. Айрим маълумотларда очофат генерал махфий жойлардан атиги биттасига тахминан саккиз тонна олтин яширганлиги келтирилади. Яна бошқа гап-сўзларга қараганда, бойликлар яширилган жойлар сони 172 та!

Хазина кўмилган жой бошқаларга маълум бўлмаслиги учун уни яширишда иштирок этган ҳайдовчи, юк ташувчи, ер қазувчи, ишчиларнинг ҳаммаси Ямаситанинг буйруғи билан отиб ташланарди. Қисқаси, кўп филиппинлик, америкалик ҳарбий асирлар ҳамда айрим япон аскарлари кераксиз гувоҳ сифатида «тинчитиб» юборилган. Бироқ кўп ўтмай, қилмишлари учун жавоб бериш вақти ҳам келди. Япония таслим бўлганидан сўнг талончи генерал Манилада ҳарбий жиноятчи сифатида дорга осилган. Энди хазина ҳақидаги сир аслзода самурайлар вакилларининг фақат айримлари учунгина аён эди, холос. Боз устига бойликлардан хабардор одамлар сони ҳам тобора қисқариб бормоқда эди. Шунга қарамай, марҳум генералнинг улкан хазинаси тўғрисидаги миш-мишлар янада кенг тарқала бошлади.

Мана, бир неча ўн йилки, Филиппин оролларидаги аҳоли, кўп сонли сайёҳлар ва ҳар турли таваккалчилар ер кавлайди, деворларни тақиллатиб уриб кўради, бахт излаб, денгиз қаърига шўнғийди. Хазина қидирувчиларга эса ҳамма вақт ҳам омад кулиб боқавермаган. Ҳартугул, айримларига Филиппиннинг баъзи жойларидан олтин танга, ҳайкалчалар, безак ва шунга ўхшаш буюмлар топиш насиб қилди. Масалан, 1971 йилда оғирлиги салкам бир тонна келадиган олтин Будда ҳайкали қазиб олинди. Орадан ўн йил ўтгач эса, Минданао оролида олтин буюм ва қимматбаҳо тошларнинг бутун бошли хазинасига дуч келдилар. Шунда дарров «Малайзия йўлбарси» эсга тушиб, топилган бойликларни ўша яширган, деган фикр билдирилди.

Ямасита хазинаси афсонадан бошқа нарса эмас, деган бир қатор тарихчи ва ҳарбий мутахассислар, хусусан, японлар ҳам бор. Чунки бундай маълумот қачон ва ким томонидан «тўқилгани»ни ҳеч ким билмайди. Японияда чоп этиладиган журналлардан бири деярли ярим аср муқаддам оккупациячи қўшинларнинг ахборот бўлимида хизмат кўрсатган собиқ майор Мацунобэнинг қизиқарли хотираларини чоп этди. Унда ёзилишича:

«Уруш сўнгги босқичга кирганида, тахминан 1944 йилнинг баҳорида вазият шу даражада кескин ўзгардики, Филиппинда муомалада бўлган пулларга қўшин учун етарли озиқ-овқат ва зарур хомашё сотиб олиш мушкул бўлиб қолди. Бу муаммони ҳал қилиш мақсадида Япониядан маару-фуку олтин тангалари жўнатилди. Мазкур юк бешта қирувчи кузатувида махсус бомбардимончи самолёт ёрдамида фақат бир марта олиб келинган, холос. Ўшанда мен кузатиб борувчи зобит вазифасини бажарганман. Хуллас, армиямизга ҳар бирининг вазни 35 грамм келадиган ўн мингта ана шундай танга етказиб берилди. Бундан ташқари, ихтиёримизда кумуш тангалар ҳам бор эди. Биз Манилага ҳужум қилиб, тахминан ўнта юк ташийдиган машинани қўлга олганимизда, уларни қўлга киритгандик. Чекиниш бошланганида, биз тоғ сўқмоқлари орқали қайтдик. Ишлатилмай қолган тангаларнинг катта қисмини эса Багио шаҳри атрофига кўмиб ташлашга тўғри келган. Бу ишни интендант хизматидаги кишилар амалга оширган».

Мацунобэ журнал ўқувчиларига уруш тугаганидан бир неча йил ўтгач, Филиппинга бориб, яшириб қўйилган тангаларни Багио атрофидан излаб топишга урингани, бироқ кимдир уни доғда қолдирганини маълум қилди. «Афтидан, америкаликлар хазинани металл излаш мосламаси ёрдамида топиб олган», дея фикр билдирганди ўшанда собиқ зобит. Майорнинг гувоҳлигига асосланган журнал хазиналар тўғрисидаги миш-мишларнинг ҳаммаси уйдирма эмас, дея хулоса билдирган.

Ҳақиқатдан ҳам шундаймикан?

Бу борада фикрлар турлича. Айрим маълумотларга кўра, бу бойликларни ўша давр амалдорларидан бири топиб олиб, ҳаддан ташқари бойиб кетган. Бу ҳақдаги хабар газетада чоп этилганидан сўнг хазина қидирувчилар кўнглига яна ғулғула тушгани аниқ. Чунки мақолада ёзилишича, ўша одам японлар томонидан яшириб қўйилган улкан бойликнинг қарийб учдан бир қисмини топиб олганмиш. Шундан сўнг ороллар мажмуига турли мамлакатлардан нафақат оддий «геологлар», балки нуфузли компанияларнинг молиявий жиҳатдан таъминлаган экспедициялари ҳам оқиб кела бошлади. Филиппин ҳукуматининг эса бунга рухсат беришдан бошқа чораси йўқ эди. Ахир хазина топилса, катта улуши мамлакатга топшириларди-да!

Хазина қидирувчилар бирваракайига мамлакатнинг жуда кўп жойларида қазув ишларини бошлаб юбордилар. Айниқса, уруш йилларида япон армиясининг махфий хизмат бўлинмалари жойлашган эски қаср харобалари жуда синчиклаб, қаричма-қарич қазилди.

Мухтасар қилиб айтганда кўмиб ташланган улкан бойликлар барибир топилмаяпти. Хазина изловчилар эса ҳали-ҳануз уларни топишдан умидларини узган йўқ. Қолганини эса вақт кўрсатади.

Нурбек Ғаффоров тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech