03 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25 °C

Мамлакатимизда
15 Мая  2020 328

Лойиҳа онлайн муҳокамаси

13 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси лойиҳасининг видеоконференцалоқа шаклидаги халқаро муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очиб берди.

Муҳокамада БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий координатори Хелена Фрейзер, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси (ИҲОКБ) масъул ходими Наталья Кузьмина ҳамда ИҲОКБнингМарказий Осиё бўйича минтақавий бўлими бошлиғи Ришард Коменда, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг Инсонийлик мезонлари лойиҳалари бўйича маслаҳатчиси Матье Лемуан, БМТ ва ЕХҲТнинг халқаро эксперти Георгий Тугуши, Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги Доимий вакили Улуғбек Лапасов, шунингдек БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ходимлари иштирок этди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси лойиҳасини халқаро экспертиза қилиш мақсадида ўтказилди. Кейинги вақтда мазкур ҳужжат лойиҳаси миллий ва халқаро миқёсда кенг муҳокама қилинди. Ана шу муҳокамалар жараёнида 100 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотлар, БМТ ва унинг Агентликлари, ЕХҲТ каби халқаро ҳамкорлардан амалий таклифлар олинди.

Халқаро муҳокама иштирокчилари Миллий стратегия ҳамда уни амалга оширишнинг “Йўл харитаси” лойиҳалари тўғрисида фикр юритиб, ушбу ҳужжатларга ижобий баҳо бердилар.

БМТ вакили Х.Фрейзер Стратегиянинг мақсади инсон ҳуқуқлари бўйича миллий тизимни шакллантириш эканлигини қайд этди. У шунингдек, ҳозирги пандемия шароитларида “парламент, фуқаролик жамиятини институтлари иштирокида COVID-19 пандемияси ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида анжуман ўтказиш таклифини билдирди.

ИҲОКБнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими бошлиғи Р.Коменда ҳозирги пандемия шароитларида, унинг салбий оқибатлари билан бир қаторда, ундан ижобий жиҳатларини топишга ҳаракат қилиш кераклиги хусусида тўхталди. Мисол учун, бундай шароитларда, янги ахборот технологиялардан фойдаланиб, бугунгидек тадбирларнинг тезлик ва ортиқча ресурсларсиз ўтказилиши лойиҳанинг сифатини янада оширишга хизмат қилади.

БМТ ва ЕХҲТ эксперти Г.Тугуши Миллий стратегия ва “Йўл харитаси” лойиҳалари мукаммал ишланганлиги, содда ва тушунарли тилда ёзилганлиги, стратегик аҳамиятга эгалиги, қисқа муддатга мўлжалланмасдан, балки инсон ҳуқуқлари соҳасида истиқболли режалар белгилаб олинганлигига эътиборни қаратди.

Г.Тугуши, шунингдек лойиҳани халқаро форматга мувофиқлаштириш бўйича ўз тавсияларини берганлигини ва келгусида ушбу ҳужжат бошқа давлатлар, жумладан Марказий Осиё минтақаси учун намуна бўлиши мумкинлигини билдирди.

Ўзбекистоннинг Женевадаги Доимий вакили У.Лапасов келгусида Женевада халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг дипломатик корпусини жалб этган ҳолда, мазкур Миллий стратегия тақдимотини ўтказиш мақсадга мувофиқлигини билдирди, деб хабар беради Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech