18 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28 °C

Фикр
9 Фев  2019 1906

Кунимни сарҳисоб қилдим, лекин натижа ёмон. Нега?

Сарлавҳаданоқ ўзимни танқид қилмоқчи эканимни англадингиз. Тўғри, бугунги кун ислоҳни аввало ўзидан бошлаш кераклигини кўрсатяпти.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

 Илгари от-уловда ҳафталаб йўл юришган. Кейин поездларда. Узоқроқ бўлсада автобусда. Ҳозир тез юрар поездлару, енгил автомобилларда юрамиз. Энди қулайликлар ортиб, қўлимиз ишдан бўшаб вақтимиз ортиб қолаётган экан-да?

Китоб ўқиш, билим олиш, жуда бўлмаса беморлар ҳолидан хабар олиш учун энди вақт топилар.

Қаёқда дейсиз. Топиб олган гапимиз “вақт йўқ”, “вақт етишмаяпти”, “улгурмаяпман”.

 Нима қиляпмиз ўзи?

 Яқинларимни кўриб келишга вақтим йўқ. Беморлар ҳолидан хабар олиш, фарзандларимнинг таълим масканига бориб келиш, уларни машғулотга олиб боришга улгурмайман. Ҳатто қўнғироқларга ҳам шошиб жавоб бераман. Муҳими вақтим кетмасин. Лекин кун кеч бўлганда кўп нарсаларга улгурмаганим, ишларим чала қолганини эслайман. Кайфиятим тушади.

 Ишхонамиздан бир ҳамкасбимизнинг бошига ташвиш тушди. Ҳар хил зарбалар бўлар экан-да, ҳаётда. Яхши аёл. Ғамларини четга суриб қўя олмади. Юрак қон-томир касаллиги билан шифохонага тушиб қолди. Ўн кунлик даволанишнинг етти кунида қўнғироқ қилиб ана бораман, мана бораман деб кунни ўтказдим. Ўзимдан хафа бўлдим. Инсон қадрини англамаётганим учун. Бир таскин истаган аёлни бориб кўришга вақт топмаганим учун.

 Техника тараққий этган бугунги даврда имкониятларимиз кенгайди. Аммо ялқовлигимиз ҳам шунча мартага кучайганга ўхшайди. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра Алишер Навоий замонида бир одамнинг мияси олтмиш йилда қабул қилиши мумкин бўлган ахборот ҳажмини бугунги аср одами тахминан бир ҳафтада қабул қилиши мумкин экан. Аммо бу ҳисоб билан ҳар ҳафтада шунча ҳажмдаги ахборотларни қабул қилаётган болаларнинг аксарияти 12 ёшидаёқ академик бўлиб кетиши керак эди, деган қараш ҳам мавжуд.

Бугунги кунда дорилар кўпайган, аммо касалликлар озайгани йўқ.  15 дақиқа китоб ўқиймиз. Соатлаб телевизор кўрамиз. Эътиборсиз одамга айланиб боряпмиз. Дунёда бўлаётган воқеаларни биламиз, лекин ёнимиздагилар, қўшниларимиз кўнглидаги кечинмалар, азоб-уқубатларни ҳис этмаймиз. Катта-катта ва кўп режаларимиз бору, натижа кўринмайди. Шошиламиз, сабр-қаноатни унутдик. Танишларимиз кўп, дўстларимиз-чи?

Америкалик ҳажвий ёзувчи Жорж Гарлиннинг бу фикрлари ҳаммамизни ўйлантириши аниқ:

 „Давримиз ғалати зиддиятларга бой: биноларимиз баланд, қадримиз паст, йўлларимиз кенг, сабримиз тор. Кўп сарфлаймиз, оз нарсага эга бўламиз. Кўп нарса сотиб оламиз, аммо қувончимиз оз. Уйлар катта, оилалар кичик, қулайликлар – кўп, вақт – кам. Маълумотимиз яхши, ақлимиз қосир. Мутахассисларимиз кўп, муаммолар ундан ҳам кўп…“

Хўш, энди нима қилиш керак?

 Эҳтимол, китоб мутолаасини кучайтириш фойда берар. Қалбимизга назар солайлик. Уйғониш вақти келмадимикин? Зеро, бу бепарволикнинг оқибати келажак авлодларимизга ҳам таъсир этмасин.

 Барно Мелиқулова

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech