17 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +27,8 °C

Ташвишли хабар
3 Апр  2019 1480

Адолат қарор топди-ю, аммо...

Эътиборингизга ҳавола этмоқчи бўлган ҳодисамиз бошқаларига ўхшамайди. Ҳаққоний ҳаётий ҳодисага асосланганига қарамай, унда қандайдир юзага чиқмай қолган гаплар бордай. Хуллас, ҳаммаси бир бошидан...

 

Мазкур ҳодиса анча илгари, яъни ўтган йилнинг 28 декабрида – қўриқланадиган ҳудуд Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғида содир бўлган.

Соат эрталабки 9 дан кейин миллий боғнинг Бўстонлиқ туманидаги чегарасининг Саргардон ҳудудидан олти фуқаро чиққан иккита «Toyota» ва «УАЗ Патриот» йўлтанламаси кесиб ўтди. Бу пайтда постда инспектор Азим Йўлдошев навбатчилик қилаётганди ва у қуйидагича сўзлайди:

«Саргардон-Оқбулоқдаги ўрмон хўжалиги Бурчмулла қишлоғидан унча узоқ бўлмаган чегара назорати ҳудудига киргани боис чегарачилар билан ёнма-ён хизмат олиб борамиз, яъни йўлнинг нарига тарафида улар, бу томонда биз. Ўша куни биринчи постга олти-етти киши чиққан иккита автомобиль келиб тўхтади. Йўловчилар рўйхатдан ўтиш учун тушишди, мен уларнинг ёнига бориб, табиатни муҳофаза қилиш пунктда ҳам рўйхатдан ўтишларини сўрадим. Бироқ улар гапларимга эътибор ҳам қаратмай, чегарачилар билан гаплашиб олгандан сўнг автомобилларига ўтириб, миллий боғ ичкарисига кириб кетишди. Ҳарбийлардан сўраганимда улар қандайдир табиатни муҳофаза қилиш муассасасидан эканини, гўёки ўрмон хўжалиги ишини текширгани келишганини айтишди, ҳатто, гувоҳномаларини ҳам кўрсатишибди. Автомобиль салонидаги ов милтиғи эса расман рўйхатдан ўтказилган эмиш.

Бу ҳақда боғ дирекциясига маълум қилдим ва автомобилларни топиш ва йўловчилар изидан бориш борасидаги кўрсатмани олдим ва бироздан сўнг шу ишга киришдим. Тез орада ўша икки автомобилга етиб олдим, бу пайтда боғ инспекторлари текшириш учун уларни тўхтатишган экан. «Toyota» йўлтанламаси юкхонасида эса ўлдирилган Сибирь тоғ такаси ётарди, машина салонида эса ов милтиқлари бор эди. Жониворнинг ички аъзолари олиб ташланган. Қоидабузарларнинг айтишича, таканинг ўзи йўлга югуриб чиқиб қолиб, уриб юборишибди. Ҳамамси фото- ва видеотасвирларга муҳрланди, далолатнома тузилди.

Ҳужжатлар расмийлаштирилаётганда ўзини қайсидир экологик маҳкамада ишлайдиган Азиз, деб таништирган кимса ёнимга келиб, инспекторлар билан «жойида» келишиб олишни хоҳлаётганини айтди. Мен рад этдим ва ҳужжатларни расмийлаштиришда давом этдик. Сўнг ҳисобдан чиқариш учун жониворнинг танасини мусодара қилдик».

Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи – Тошкент вилоятида жойлашган ғаройиб табиий дурдонадир. У 1992 йилда Ғарбий Тянь-Шаннинг Чотқол тизмаларидаги Оҳангарон, Бурчмулла ва Чирчиқ давлат ўрмон хўжаликлари ҳам қўшилган Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси базасида барпо этилган.

Сибир тоғ такасини табиий ҳолда учратганлар учун «қаҳрамонлар»нинг ўзини оқлаши кулгили туюлиши аниқ. Негаки, чиройли ва ҳуркак жонивор ҳеч қачон инсон ёки автомобилни ўзига яқинлаштирмайди. У хавфдан салкам девордай тик қоялар орқали қочиб кета олади, қалин қордан қўрқмайди ва одамлар яшайдиган жойдан жуда олисда ҳам ўзига етмиш топа олади.

«Уни уриб кетиш учун ҳайдовчи камида «Бэтмобиль»ни бошқариши керак, - кулади инспектор А.Йўлдошев. – Майли, нима ҳам дердик, уриб кетишибди, буни ўз кўзимиз билан кўрганимиз йўқ. Тўғри, Сибир тоғ такаси жуда кўп тарқалган жонивор, аммо бу уни табиатни муҳофаза қилиш ҳудудида ўлдиришга сабаб бўлолмайди».

Инспекторлар ҳужжатларни расмийлаштиришди ва бу «йўл ҳодисаси»даги айбни «Toyota» ҳайдовчиси Руслан Б. ўз зиммасига олди.

2018 йилда давлат миллий табиат боғида 734 та режим бузилиши содир этилган. Бунда 38 та ҳолат овчи-браконьерлар, 10 таси балиқчи-браконьерлар, 412 таси ўсимликлар оламига зиён келтирувчи гиёҳ терувчилар билан боғлиқ бўлса, 236 та ҳолатда одамлар рухсат этилмаган жойда гулхан ёқишган, маиший чиқиндиларни ташлаб кетишган ва шунингдек, бошқа ҳолатлар қайд этилган. Барча далиллар далолатномаларда қайд этилган ва судларга юборилган.

Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи дирекциясида улар ўрнатилган тартиб асосида расмийлаштирилган ва юқорида келтирилган шахслардан олти миллион сўм жарима ундирилишини сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига тақдим этилган. 18 мартда шу иш бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди. Давлат миллий табиат боғига суд қарори ҳали етиб келмагани боис унинг натижасидан ҳозирча бехабармиз, аммо бу жавобгарларнинг фойдасига бўлмаслигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Ҳозирча бирмунча тушунарсиз манзарани тўла тиклаш учун бир нечта саволларга жавоб топиш лозим. Биринчиси, бир тўда кишилар нима учун иккита йўлтанламасда ов милтиғи билан қўриқланадиган боғ ҳудудларига киришган? Иккинчиси, табиатни муҳофаза қилиш муассасасиданман, деган Азиз ким эди? У қайтарма ёқасини бошига кийиб имкони борича инспекторларнинг фотоаппаратларидан юзини яширишга ҳаракат қилди, бироқ барибир, унинг юзи суратга олинди.

Дарвоқе, саволлар риторик, жавоблар эса юзада ётибди. Айтганча, боғ ходимларидан бири Азизни таниди, Давлат бионазоратининг собиқ ходими эканини айтди. Аммо унинг қўли анча жойга етишини бизга шипшиганча, у ҳақда сўзлаб беришни истамади. Бу ишга оид яна бир далил, улар иккита йўлтанламасда боғ ҳудидига дам олгани келишмаган: ов милтиғини тутганча, гўёки «йўл ҳодисаси»га ўзи сабаб бўлиб, нобуд бўлган жонивор ёнида суратга тушган кишининг ижтимоий тармоққа жойлаштирилган расми тез орада олиб ҳам ташланди. Нимаям дердик, ҳақиқий эркак, «омадли» тарзда уриб юборган ўлжаси билан мақтангиси келган-да!..

Бундай олиб қаралса, ҳаммаси жойида: «эҳтиётсиз» ҳайдовчи жазоланди ёки маълум суммадаги жарима билан жазоланади. Адолат қарор топди. Аммо қоидабузарлар бундан хулоса чиқарармикан? Бу ҳодисанинг бошқа иштирокчилари-чи? Хуллас, омон бўлсак – кўрамиз.

Александр Зотов.

«Правда Востока» мухбири.

Суратлар Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи инспекторлари томонидан тақдим этилган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech