10 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,5 °C

Саломатлик
1 Фев  2020 7385

Коронавирус инфекциясининг пайини қирқиш йўлида

Айни пайтда дунёда коронавирус инфекцияси тарқалиши, ундан касалланиш ва вафот этаётганлар сонининг ўсиши жиддий тус олмоқда.

Хабарингиз бор, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан Хитойда янги коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги халқаро даражадаги фавқулодда вазият деб эълон қилинди. Бундан бир муддат олдин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссиясининг йиғилиши ўтказилган бўлса, шу йилнинг 29 январида давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида» ги фармойиши қабул қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни масалада ЖССТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда видеоселектор йиғилиши ўтказди. Уни соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов олиб борди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Хитойдаги эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда юртимиз ҳудудига коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ҳаво, автомобиль ва темирйўл транспорти объектларида санитария-эпидемиология ва миграция назорати кучайтирилмоқда. Бу борада қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, барча тегишли вазирлик ва идораларга ижро учун юборилган. Туну кун фаолият кўрсатувчи махсус штаб ҳаракати йўлга қўйилган. Касалликда гумон қилинган фуқаролар ихтисослаштирилган даволаш муассасаларида чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказилмоқда.

Мамлакатимизда Давлат чегараларининг кесишиш жойларида 52 та санитария-карантин пункти фаолият кўрсатмоқда. Давлат чегара постларидан ўтаётган фуқаролар тиббий назорат кўригидан ўтказилиши йўлга қўйилган, шунингдек, тепловизор ёрдамида йўловчиларнинг тана ҳарорати масофадан туриб ўлчаниб, уларнинг умумий ҳолати текширилмоқда.

— Аммо ушбу чора-тадбирлар хавфсизликни тўлиқ кафолатлайди дегани эмас, — дея қайд этилди видеоселекторда. — Негаки, коронавирус инфекцияси ҳаво томчилари орқали ўтиши, инсондан инсонга юқиши, шунингдек, касалликни клиник белгилари 14 кунгача яширин кечиши хотиржам бўлишга сабаб бўлмаслигига эътибор қаратилди. Қолаверса, бугунгача 20 га яқин тиббиёти ривожланган мамлакатда бу касаллик кузатилаётганлиги вазиятнинг нақадар жиддийлигини кўрсатиб турибди.

Шу боис ҳам, бўлиб ўтган видеоселекторда айни пайтга қадар юртимизда бундай касалликка чалиниш ҳолати умуман кузатилмаганлигига қарамасдан эҳтиёт чораларини янада кучайтириш борасида мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Жумладан, хориждан, айниқса, Хитойдан келаётган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларнинг руйхатини шакллантириш, касалликнинг яширин даври давомида тиббий назоратга олиш, захира ўринларини тайёрлаш, дори-дармон, дизенфекция воситалари ва зарур тиббий анжомлар билан таъминлаш устидан назоратни янада кучайтириш, касалликка қарши курашишда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликдаги фаолиятни кучайтириш каби қатор вазифалар кўрсатиб ўтилди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech