11 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +26,3 °C

Туризм
9 Июл  2020 459

Корея сайёҳлик агентликлари уюшмаси билан ҳамкорлик ўрнатилди

Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Жанубий Корея Сайёҳлик агентликлари уюшмаси (КАТА) вакиллари ўртасида видеоконференция ташкил этилди.

Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов, КАТА раиси Чанг Хи Ох, уюшманинг масъул ходимлари, шунингдек Кореянинг «Hana Tour» ва «Modetour» каби етакчи туроператорлари вакиллари иштирок этдилар. КАТА раиси Чанг Хи Оҳ коронавируснинг салбий асоратларини бартараф этишда биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидлар экан, Корея сайёҳлик компанияларининг икки мамлакат ўртасида сайёҳлик алмашинувини тиклаш учун Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, жумладан мамлакатимизда туризм соҳасини тиклаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳамда «Uzbekistan. Safe travel Guaranteed» («Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат КАФОЛАТЛАНГАН») санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизимини юқори баҳолашди. Тадбир давомида кореялик сайёҳлар орасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида хавфсиз туризм тизимини жорий этиш ҳамда реклама-маркетинг фаолиятини жадаллаштириш бўйича ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунига кўра, туризм соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилувчи икки томонлама шартномани имзолаш масаласини кўриб чиқишга доир келишувга эришилди.

Маълумот учун: 1991 йилда ташкил топган КАТА уюшмаси туризм соҳасида фаолият юритадиган 2 мингдан ортиқ корейс компанияларининг манфаатларини ифода этади. Ассоциация таркибига вазирликлар, маҳаллий ҳокимиятлар вакиллари ва Корея Республикасининг етакчи авиакомпаниялари, шу жумладан, «Korean Air» ва «Asiana Airlines» авиакомпаниялари, шунингдек, хорижий сайёҳлик ташкилотлари филиалларининг махсус аъзолари киради, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech