28 Ноябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +1,2 °C

Инвестициялар
24 Фев  2020 3262

Фотоэлектр станциялари қурилиши учун инвесторлар танланади

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги фотоэлектр (қуёш) станциялари (ФЭС) қуриш мақсадида инвесторлар ўртасида танлов эълон қилади.

Фотоэлектр (қуёш) станцияларининг (ФЭС) Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қурилиши мўлжалланяпти. 

Танлов икки босқичда ўтказилади. Ҳозирда унда иштирок этишни истаган потенциал инвесторлар Лойиҳага қизиқиш билдиришлари ва дастлабки малакавий танловдан ўтиш учун ариза беришлари мумкин.

ФЭСлар бўйича алоҳида ишларни бажариш, молиялаштириш, қурилиш ва ишга тушириш ҳамда эгалик қилиш (PV) борасида битта ёки иккита ёхуд хусусий сектордан иборат мустақил электр энергия ишлаб чиқарувчилар (IPP) консорциум танлаб олиниши режалаштирилган.  Ҳар бир ФЭСнинг қуввати қарийб 200 МВт бўлиши тахмин қилинмоқда.

Малакавий танловдан ўтган потенциал талабгорлар иккинчи босқичда лойиҳани баҳолаш, лойиҳа ҳужжатларига шарҳ бериш ва кейин техник ҳамда молиявий таклифларни тақдим этишга таклиф этиладилар.

Маълумот учун: Қайд этиш керакки, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ФЭС қурилиши Ўзбекистон Ҳукуматининг қайта тикланувчи энергия манбаларини яқин 10 йил ичида 5 ГВт га етказиш стратегияси доирасида амалга оширилади.

Ушбу мақсадда Халқаро молия корпорацияси (Жаҳон банки гуруҳи) қуввати 900 МВтгача бўлган қуёш энергияси лойиҳалари бўйича тендерларни ташкил этиш ва ўтказишда кўмаклашиш учун етакчи маслаҳатчи сифатида жалб этилган.

Танлов ташкилотчилари Энергетика вазирлиги тизимидаги «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳисобланади.

«Лойиҳага қизиқиш билдириш» бўйича расмийлаштириш тафсилотлари билан Энергетика вазирлигининг веб-сайтида танишиш мумкин. Манфаатдор томонлар  2020 йил 21 мартгача бўлган муддатда мурожаат этиши мумкин, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech