18 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +4,9 °C

Маданият
14 Янв  2019 1847

Кинога тушдим, аммо кино кўрмадим

Сарлавҳани ўқиб ажабланманг. Сўнги вақтларда кинога тушасиз-у, аммо томошабин сифатида кирганларнинг суҳбатини эшитиб, “кино” кўриб чиқасиз. Маданият масканида маданиятсизлик қиладиган одамлар ўзини жуда маданиятли деб ўйлашади.

Аслида-чи?

Андиша қилсангиз қўрқоқ деб ҳисоблашади. Уялсангиз айб қилибди деб билишади. Маданиятли бўлсангиз, “ўзини бунча олмаса”, дейдилар.

Қаранг-а. Қарашлар шунча ўзгариб кетдими? Дунёқарашимиз оқсоқланаётганининг сабаби нимада?

Киносаройлар, концерт заллари, санъат саройлари бугун жуда гавжум. Кинолар ҳам мусиқий дастурлар ҳам талайгина. Аммо... Маданият масканлари қанчалик кўпаяётгани, дастурлар хилма-хиллигининг аҳамияти бўлмай қолди. Ўша маданият масканларидаги маданиятсиз хатти-ҳаракатлар одатий ҳолга айланиб, ҳатто “замонавийлик” сифатида талқин этилмоқда.

Бу оддий ҳолдек қабул қилинаётгани эса ажабланарли. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, мутахассислар томонидан кўп гапирилган, турли камчилик ва ютуқлари қайд этилган фильмни кўриш, ўз фикрим ва сўзимга эга бўлиш мақсадида кино саройига тушдим. Кино бошланди. Диққатимни қанча жамлашга ҳаракат қилмай, 15 дақиқа давомида бунинг уддасидан чиқа олмадим. Чунки кечикиб келувчилар бунга имкон бермади. Кеч келишгани етмагандай, баланд овозда гаплашиш, телефон суҳбатлари, жой танлаш каби ҳаракатлари билан хаёлни чалғитаверди.

Томошабин сифатида ҳамманинг ўз фикри, қарашлари бор. Эҳтимол кечиккандир дейсизми? Аслида ўзи истаган фильмни кўриш учун кеч қолиш уят. Ёки адашиб кириб қолганмикин киносаройга, деган фикр ҳам келади. Кино тугагунича, гоҳ ёнидаги шериги билан суҳбатлашса, гоҳ телефон орқали нималарнидир ҳал этишга уринади.

Бошқа томошабинларнинг фикрини чалғитиб, кино кўргандай қилмайди. Аммо ўзи-чи? Ўзи нимадир тушундими? Кинодаги қайсидир ҳолат эсида қолдими? Бу изоҳ айнан бир киши учун эмас. Бундай ҳолатларни кузатганмиз, кўрганмиз, учратганмиз.

Аслида фильмдаги ҳолатларни ўрганиш, таҳлил этиш учун киргандим. Лекин маданият масканидаги “замонавийлик” сабаб ниятимга етолмадим. Аммо шу ҳақда ёзиш фикри туғилди.

Кечикиб келган талабгор томошабинга бошланиб бўлган кино учун чипта сотиш керак эмасдир, эҳтимол. Ҳа-я, бу иқтисод билан боғлиқ дейсизми? Иқтисодимизни ўйлаб маданиятсизлигимизни ҳам юқори поғонага чиқариб қўймаяпмизми? Бугун ўзимиз имконият яратиб, кўнглига келган ишни қилишга рухсат бераётган томошабин эртага кинозалда ўзи “кино” қўйиб бермаслигига ким кафолат беради?

Агар унга чипта сотилмаса, кейинги сафар ўйлаб иш қилади. Керак бўлса, кейинги намойш вақтини кутишга мажбур бўлади. Бунинг нимаси ёмон. Масъулиятни ўрганади-ку.

Хўш, сиз нима дейсиз?

Асилабону Ҳамзаева

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech