23 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +16 °C

Хавфсизлик
29 Апр  2019 962

Касби сабаб давлат ва жамиятга зарар етказган мутахассис

Инсон бир касбни танлар экан, шу орқали пул топсам, оиламни боқсам, жамиятга фойда келтирсам деб ўйлайди. Аммо беш қўл баравар бўлмаганидек, ҳамма ҳам ўз касби орқали ҳалол пул топиш ва қадр-қимматга эга бўлишга ета олмайди.

А.С. “Коntinent Imkon Baho” МЧЖ баҳоловчиси бўлиб ишлаган. Фарғона вилоят “Қишлоқхўжаликкимё” акциядорлик жамиятининг “Истиқбол” минерал ўғит омбори биносини мажбурий сотиш учун ҳамда тугатиш қийматини баҳолашда 2017 йил 29 мартдаги 184-сонли баҳолаш ҳисоботини тузган. Энг ёмони мулкни баҳолаш миллий стандартларининг 5, 18-бандларининг талабларига риоя қилмаган. Бино-иншоотларнинг ҳақиқий ҳолатини кўздан кечирмай, бинолар капитал таъмирлаш ҳолатида яъни, уларнинг эскириш даражаси 23-40 фоизни ташкил этганини ҳисобга олмаган. 

Мазкур иншоотларнинг нархини сунъий равишда пасайтирган.  Омбор фуқаролик биноси таркибига кирмасада, зилзилабардошлилик бўйича 1.15 коэффициенти қўллаб, биноларни баҳолашда уларнинг унсурларини, сан-техника жиҳозларининг йўқлиги ва бинолар ҳажмлари учун тузатишларни, омбор ҳовузини баҳолашда уни бетондан бўлган девори ва полини ҳисобга киритмаган. Шунингдек, тўсиқ деворни баҳолашда унинг пойдевори ва ташқи пардозларини қўшиб ҳисобламаган,  20 фоиз қўшимча қиймат солиғини инобатга олмасдан бино-иншоотларни 121 818 547 сўмга баҳолаган.

Хўш, муаммо нимада дейсизми?

Аслида ҳақиқий бозор баҳоси 437 433 376 сўм бўлган юқоридаги бино-иншоотларни очиқ аукцион савдосида 140 127 500 сўмга сотилишига, давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига атай олиб келинган.

Келтирилган суммалар озгина эмаслиги кўриниб турибди. Шу боис ўз касбий фаолияти давомида давлатга зиён келтириб, хизмат ваколатини суъистемол қилган баҳоловчига нисбатан суд ҳукми ўқилди.

А.С. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 19211-моддаси 2-қисми “а” банди ва 228-модда 1-қисми билан айбли деб топилиб, тегишли жазосини олди.

Бу каби жиноят юзасидан берилаётган жазонинг кенг оммага етказишдан мақсад, келгусида айни йўналишдаги содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олишга эришишдир. Зеро, ҳар бир хатти-ҳаракатимиз давлат ва жамият тараққиётига кўмаклашиши ёхуд таназзулига сабаб бўлиши мумкин.

 

Бекзод Ҳайдаров,

Жиноят ишлари бўйича

Ёзёвон туман суди раиси

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech