01 Ноябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +6 °C

Ижтимоий ҳаёт
19 Мар  2020 1445

Карантиндагиларнинг кайфияти яхши

Кеча, 18 март куни эрталаб Бўстонлиқ туманидаги «Сокол» спорт-соғломлаштириш марказига Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтган 528 нафар фуқаро тўлиқ текширувдан сўнг карантинга олинди.

Айни пайтда барча фуқаролардан коронавирус инфекциясини текшириш учун суртмалар олинган, лекин уларнинг орасида касалликка гумон қилинганлар ҳозирча йўқ. Шу билан бирга, бу ердагиларга кардиолог ва хотин-қизлар учун акушер-гинеколог кўриги ҳам ташкил этилди. Улар учун юқори малакали инфекционист, эпидемиолог ҳамда дезинфекторлар сафарбар этилган.

Вилоят ҳокими Рустам Холматов кеча эрталаб мазкур ҳудудга борди ва 14 кунлик тиббий назоратга олинган фуқароларга барча зарур шароитлар яратилишига шахсан бош-қош бўлди. Айни пайтда Бўстонлиқ тумани ҳокими Ғайрат Мадаминов ва вилоят ИИББ бошлиғи Тоҳир Арипов доимий равишда ҳудудда бўлиб туришибди.

Таъкидлаш керакки, карантинга олинганлар зарур тиббий-гигиеник воситалар, уч маҳал иссиқ овқат ва бошқа эҳтиёж моллари билан бепул таъминланяпти. Бугун карантинга олинганларга янги чойшаб ва сочиқлар тарқатилди. Шунингдек, уларга тиш ювиш учун бир марталик шёткалар ва пасталар ҳам берилди. Бундан ташқари, карантинга олинганларга бир марталик оёқ кийимлар ҳам тарқатилди. Уларга юқори малакали врач ва ҳамширалар, кўнгиллилар хизмат кўрсатишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда вилоятнинг «Чотқол», «Бўстон», «Энергетиклар» сиҳатгоҳида ҳам чет давлатлардан юртимизга қайтган фуқаролар белгиланган тартибда карантинда бўлиб туришибди. 

Шуни қайд этиш лозимки, бугунги кунда карантинга олинганларда умуман муаммо йўқ. Телевизорларда ўзларига маъқул бўлган кўрсатувларни тамоша қилишяпти. Шунингдек, карантинга олинганларнинг мобил алоқа хизматидан тўла фойдаланиши учун қўшимча равишда антенналар ҳам қўйилди. Ҳозир уларнинг кайфияти яхши. Кўпчилиги спорт майдонларида жисмоний машқлар билан шуғулланишмоқда, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech