10 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +26,1 °C

Халқаро ҳамкорлик
29 Мая  2020 807

Ўзбекистон ва Канада пандемияга қарши қандай курашяпти?

COVID-19 га қарши кураш жараёнида ишлаб чиқилган стратегия фавқулодда ҳолатларда шифокорларнинг янги ёндашувлари учун жиддий асос бўлиши мумкин. Бу ҳақда 2020 йил 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси ва унинг канадалик ҳамкорлари билан биргаликда ташкил этилган онлайн-конференция чоғида айтилди.

Бу Канада шифокорлар ва жарроҳлари Қироллик коллежи (Royal College of Physicians and Surgeons of Canada) билан ҳамкорликда ташкил этилган иккинчи вебинар. Бу гал Канада томонидан асосий маърузачи сифатида Оттава касалхонаси фавқулодда вазиятларни бошқариш бўлими бошлиғи, бош шифокор Эндрю Уилмор иштирок этди.

Онлайн учрашувда бевосита иштирок этиш учун Миллий Палата марказий идорасига мамлакат Мудофаа вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тиббий хизмат вакиллари таклиф этилдилар.

Эндрю Уилморнинг таъкидлашича, биринчи навбатда «COVID-19га қарши курашиш тажрибаси асосида яратилган стратегиядан фавқулодда вазиятлар учун сабоқ олиш керак».

Пандемия даврида Канада қандай янги стратегияга эга бўлди? Маърузачининг сўзларига кўра, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тузилмаси ўзгартирилди, коронавирус инфекциясининг тарқалиши каби фавқулодда вазиятларни моделлаштириш ва бошқариш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Шундай қилиб, Оттава вилоятида бундай гуруҳга барча мавжуд касалхоналар мутахассислари, шунингдек реабилитация марказлари, уйда парваришлаш марказлари ва узоқ муддатли парвариш марказлари (қариялар уйлари) каби ташкилотлар экспертлари киритилган. Гуруҳ фаолияти Канада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

COVID-19 тарқалишига қарши курашда ушбу ягона ёндашувнинг асосий натижаларидан бири тез тиббий ёрдам тизимига коронавирус билан оғриган беморларнинг оқими 50% га камайиши бўлди. Бунга шифокорга COVID-19 белгилари билан келган ҳар қандай бемор алоҳида яратилган Тест марказига йўналтирилиши билан эришилди. Хусусан, бунинг учун Оттавада катта тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган алоҳида йирик бино ажратилди. Бундан ташқари, баъзи парвариш клиникалари ҳам тест ўтказиш билан шуғулланади, улар тест ўтказиш имконияти ва қўшимча диагностика ускуналари, шу жумладан МРТ асбоблари билан жиҳозланган.

Бундай чоралар тез тиббий ёрдам тизимини ҳам, бирламчи тиббий-санитария пунктлари (участка шифокорлари аналоги) юкини енгиллатишга имкон берди. «Бу умуман соғлиқни сақлаш тизимининг имкониятларини оширди», — деди маърузачи.

Оттавада ушбу тизим самарали ишлади. 1 миллион 200 минг вилоят аҳлининг бир миллиони шаҳарнинг ўзида яшайди. 17 га яқин шифохона уларга хизмат кўрсатмоқда. «Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг яратилган тузилмаси инфекция юқтирган одамларнинг «катта тўлқини» муаммосини ҳал қилишга ёрдам берди», - деди Эндрю Уилмор.

Ишчи гуруҳ аҳолининг айниқса заиф қатламларини, жумладан қариялар, аборигенлар, шунингдек, хавф гуруҳларига кирувчилар: гиёҳвандлар, доимий яшаш жойи бўлмаган одамларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратди. Бошпанасиз инсонлар учун ўзини ўзи изоляция қилишнинг имкони йўқлиги тушунилди, яъни бу борада чоралар кўриш керак. Қариялар яшайдиган узоқ муддатли парвариш марказларига шифокорлар ташрифлари ташкил этилди. Буларнинг барчаси коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда ажралмас қисми бўлди.

Яъни, COVID-19 туфайли юзага келган фавқулодда вазият соғлиқни сақлашни ташкил этиш услубини сезиларли даражада ўзгартирди ва бундай шароитда уларнинг самарадорлигини ошириш учун тузатишлар киритди.

«Вазиятга боғлиқ бўлган ушбу ёндашувларни нафақат қўллаш, балки уларни ўз вақтида таҳлил қилиш ва фавқулодда вазиятларда соғлиқни сақлаш тузилмасини ташкил этиш тизимига айлантириш ҳам жуда муҳимдир. Биз бундай вазиятларда қийинчиликларни таҳлил қиладиган ва олдини оладиган тизим керак, деган хулосага келдик. Биз фавқулодда вазият учун жавобгар бўлган алоҳида ташкилотлар эмас, балки бутун бошли тизим жавобгар эканлигини англадик», - дея таъкидлади Эндрю Уилмор. Хусусан, минтақада фаолият кўрсатаётган барча клиникалар ўртасида аниқ муносабатлар зарурлиги муҳим хулоса ҳисобланади. Бундан ташқари, келгусидаги шу каби вазиятларни олдиндан режалаштириш муҳимдир. Масалан, Канада учун 30 миллион аҳолига эга мамлакат катта ҳудудга эга, ҳудудлар бир-биридан жуда узоқ жойлашган. Шу билан бирга, бутун мамлакат учун ягона бўлган ёндошувлар тизими ишлаб чиқилмоқда ва бунда давлат сектори соғлиқни сақлаш соҳасининг катта қисмини эгаллаши ёрдам бермоқда.

Видеоконференция давомида ўзбекистонлик тиббиёт мутахассислари мамлакатимиз тажрибасини тақдим этдилар. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник касалхонасининг анестезиология ва реанимация бўлими бошлиғи Баҳром Баратовнинг таъкидлашича, республикада COVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун чегараларда транзит ташиш ҳайдовчиларини мажбурий синовдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ушбу тоифада синовдан ўтганларнинг умумий сонидан инфекция юқтирган одамларнинг 10 фоизини аниқлашга имкон берди. Канадада шунга ўхшаш вазиятда, маърузачининг сўзларига кўра, фақат касаллик аломатлари бўлган ҳайдовчилар синовдан ўтган.

Шунингдек, мамлакатимизнинг рекорд муддатда янги технологиялар учун қўшимча касалхона муассасаларини қуриш тажрибаси тақдим этилди. Бу ҳар қандай эпидемик сценарийни ишлаб чиқишга тайёр бўлиш имкониятини беради. Эндрю Уилмор таъкидлаганидек, Канада ушбу йўналишда эндигина ишламоқда ва реабилитация зоналаридан фойдаланиш тажрибасини ўрганмоқда. Ўзбекистон бу мақсадда дам олиш масканларидан муваффақиятли фойдаланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий-клиник касалхонаси раҳбари ўринбосари Баҳодир Абдулахатов Канаданинг COVID-19 инфекциясини даволаш усуллари бўйича тажрибаси билан қизиқди. Жавобда Канадада коронавирус инфекцияси учун махсус даволаш усули йўқлиги, фақат симптоматик даво усули қўлланилиши айтилди. Бундан ташқари, касалликнинг енгил кечиш даврида беморга дори-дармонлар қўлланилмайди, у уй шароитида ўзини ўзи изоляция қилиш учун юборилади. Ушбу қоидаларга риоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарликдан жиноий жавобгарликкача чоралар қўлланилади.

Эндрю Уилмор шунингдек, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари ўтказишнинг катта аҳамияти, жумладан санитария меъёрларига риоя қилмаслик оқибатлари, коронавирус инфекциясини юқтириш усуллари ҳақида гапирди, деб хабар беради Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech