30 Ноябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,6 °C

Молия
9 Апр  2020 2749

«Яширин иқтисодиёт»га барҳам берилади

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банки бошқарувининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қўшма қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ушбу масала юзасидан ўз муносабатини билдиради. Унда маълум қилинишича, «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ДСҚ ва МБнинг қўшма қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Aсосий мақсад тадбиркорлар солиқларни тўлашдан бош тортмасдан қонуний фаолият олиб боришини таъминлашдир. 

Ҳужжатга кўра, солиқ идоралари сўров асосида Марказий банк ва тижорат банкларидан юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобварақлари ва Р2Р (жисмоний шахслар картасига бошқа жисмоний шахс картасидан) пул ўтказмаларини амалга ошириш тўғрисида маълумот олади.

Олинган маълумотлар инсон омили аралашувисиз солиқ тўловчиларни хавф мезонлари бўйича сегментлашда фойдаланилади. Тақдим этилган маълумотлар асосида давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганларнинг савдо айланмалари аниқланади.

Банк томонидан ахборотни маълум қилиш тартиби ва шакллари Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда Марказий банк томонидан белгиланади.

Солиқ органининг банк мижозига нисбатан ахборот тақдим этиш тўғрисидаги сўровига биноан банк ёзма сўров олинган кундан эътиборан уч кун ичида солиқ органларига қуйидагиларни бериши шарт:

1) мижознинг банкда ҳисобварақлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни;

2) мижознинг ҳисобварақларидаги пул маблағларининг қолдиқлари ҳақидаги маълумотларни;

3) мижознинг ҳисобварақларидаги операцияларга доир кўчирмаларни;

4) солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бошқа маълумотларни.

Шуни таъкидлаш керакки, ушбу ҳужжатни тайёрлашда хорижий тажриба ўрганилди. Масалан, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Польша, Латвия, Литва каби мамлакатларда банклар ва солиқ идоралари ўртасида маълумот алмашиш тизими яратилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда рақамлаштиришнинг кенг жорий этилаётгани натижасида электрон тижорат ривожланди. Telegram каналлари, Instagram, Facebook орқали уйдан чиқмасдан товарлар ва хизматларни сотиш амалга оширилмоқда.

Aмалиёт шуни кўрсатмоқдаки, мазкур «тадбиркорлар»нинг аксарияти давлат рўйхатидан ўтмаган. Улар даромадларини декларация қилмайди ва шу сабабли солиққа тортилмайди, бу «яширин иқтисодиёт» ўсишига олиб келади.

Ҳужжатга мувофиқ, бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 миллион сўмдан ва транзакциялар сони 10 тадан ошган P2P операциялари тўғрисидаги ахборотларни ДСҚ сўровига кўра уч иш кунида тақдим этади.

Бунда, жисмоний шахсларнинг пластик картасига катта миқдордаги маблағ келиб тушиши шубҳали бўлмаганда умуман солиқ ҳисобланиши учун сабаб бўлмайди. Солиқ органлари тегишли тартибда рўйхатдан ўтмаган тадбиркорлик фаолияти мавжудлиги бўйича ҳар бир ҳолатни синчковлик билан ўрганиб чиқади.

Таъкидлаш жоизки, ДСҚ тижорат банкларидан мижозлар депозитлари, дивидендлар ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни сўрамайди.

Aгар ноқонуний бизнес фактлари аниқланса, ушбу субъектлар фаолиятини қонунийлаштириш учун зарур чоралар кўрилади.

Таклиф этилаётган тартиб ДСҚ, Марказий банк ва тижорат банклари ўртасида электрон ахборот алмашиш механизмини ўрнатади.

Бу қуйидагиларни таъминлашга хизмат қилади:

- тадбиркорлик субъекти сифатида ўз вақтида рўйхатдан ўтиш орқали электрон тижоратни қонунийлаштириш;

- ишончли солиқ базасини яратиш;

- солиқ хавфини тизимли бошқариш;

- «яширин иқтисодиёт»ни йўқ қилиш ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, деб хабар беради Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech