17 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10 °C

Энергетика
2 Окт  2019 1042

2023 йил охирига келиб Ўзбекистонда 25 мегаватт қувватга эга ГЭС қурилади

Осиё тараққиёт банки қуввати 25 мегаваттли гидроэлектростанция қуриш учун 60 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит ажратилишини маъқуллади. Бу эса Ўзбекистон ҳукуматига тоза энергия манбаларидан янада кенгроқ фойдаланиш ва ҳавога углерод чиқишини камайтириш ҳисобига мамлакат энергетика балансини диверсификация қилиш имконини беради.

«ОТБнинг ГЭС қурилишига кўмаклашиши Ўзбекистоннинг янада тоза ва барқарор энергия келажагини таъминлаш мақсадига эришишига хизмат қилади, – дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиёдаги энергетика бўйича мутахассиси Сенг Дак Ким. – Юқори сифатли лойиҳа дизайнига комплекс ёндашиш, экология ва ҳимоя чоралари соҳасидаги халқаро амалиёт, шунингдек, иқлим ўзгаришига бардошлилик чоралари Ўзбекистонда муқобил гидроэнергетика лойиҳаларини ривожлантириш учун андоза ҳисобланади».

Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия ресурсларига, жумладан, гидроэнергетикага эга. Ҳозирги кунга қадар мамлакатда фақат 1,9 гигаватт (ГВт) ёки мавжуд гидроэнергетика салоҳиятининг 20 фоизидан фойдаланилган.

Лойиҳа доирасида умумий қуввати 25 МВт бўлган гидроэлектр станциялар қурилади. Жами Работда қуввати 6 МВт лик, Чаппасувда қуввати 8 МВт лик, Томчисувда қуввати 10 МВт лик электростанциялар ва умумий қуввати 1 МВт лик учта мини/микро-гидроэлектростанциялар қурилади. Мини/микро ГЭСлар сув ресурсларидан, шу жумладан, сув омборларидан ёки ирригация каналларидан иккиламчи сувдан самарали фойдаланишни таъминлайди ҳамда қишлоқ ва чекка ҳудудларда муқобил электр энергияси манбаларига айланиши мумкин.

Лойиҳанинг ижро этувчи агентлиги мамлакат гидроэнергетикасини 2030 йилга қадар 1600 МВт гача оширишга қаратилган 2,6 млрд долларлик ҳукумат инвестиция дастурини амалга оширишни назорат қилувчи марказий идора ҳисобланган «Ўзбекгидроэнерго» АЖдир. ОТБ шунингдек, лойиҳа давомида «Ўзбекгидроэнерго»нинг институционал салоҳиятини ва корпоратив бошқарувини яхшилашга кўмаклашади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 75,3 млн долларни ташкил этади ва 2023 йил охирига қадар тугалланади.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech