21 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +30,9 °C

Ҳукумат
31 Янв  2019 1801

Жиззах вилояти туманларига Зарафшон дарёсидан сув олиб келинади

Жиззах шаҳрида вилоят фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун деган тамойил асосида халқимиз ҳаётини яхшилаш, ҳудудларни обод қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни қайд этди. 

Хусусан, ўтган йили март ойидаги ташриф доирасида ишлаб чиқилган дастурга асосан, Жиззах вилоятида 107 та йирик ва ўрта инвестиция лойиҳалари бўйича янги объектлар ишга туширилган.

- Бугунги кундаги энг муҳим вазифа инвестиция ва технологиялар олиб келиб, янги корхоналар ташкил этиш, одамларни иш билан таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилаш, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу мақсадда 2019-2020 йилларда вилоятда умумий қиймати 21 триллион 956 миллиард сўм бўлган 586 инвестиция лойиҳалари дастури ишлаб чиқилгани, буларнинг натижасида 22 минг 300 дан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилгани маълум қилинди. Фориш туманида базальт толаси ва шамол энергияси қурилмалари, Дўстлик туманида қуёш панеллари, Зомин туманида дори воситалари, Жиззах шаҳрида безакли ва юпқа ойна ишлаб чиқариш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, пиллачилик тармоқларига мос мавжуд имкониятларни юзага чиқариш бўйича топшириқлар берилди.

Аҳолининг маиший шароитларини, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

- Мирзачўлда қилинган ишлар яхши тажриба, намуна бўлди. Энди Жиззах вилоятининг ҳар бир тумани марказини шу тарзда обод қилиш, зарур қурилиш-таъмирлаш ишларини шу йилнинг ўзида якунлаш керак, - деди давлатимиз раҳбари.

Шунингдек, жорий йилда Жиззах шаҳрида 15 та кўп қаватли арзон уй, туманларда 932 та турар жой қуриш вазифаси қўйилди. Зарафшон дарёсидан сув олиб келиш учун магистрал қувур ва насос станцияси қуришни давом эттириш, 264 километр сув тармоғини қуриш ва таъмирлаш бўйича топшириқ берилди. Бу ишлар натижасида Зарбдор, Бахмал, Пахтакор, Мирзачўл, Дўстлик, Ғаллаорол, Шароф Рашидов туманларидаги аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланиши, уларнинг турмуш тарзи, саломатлиги яхшиланиши таъкидланди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech