26 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,4 °C

Бўш вақтда
5 Мая  2019 466

Йиртқич

(Жин ва Жон Томас. Фантастик ҳикоя)

 

Бу ҳақда фильм ҳам бор. Ўзга оламлик йиртқичнинг исмини биласизми? Ҳикоядан билиб оласиз....

Юлдузлар худди олмослар каби сочилган зимистон Коинотда «Озидис» галатикалараро кемаси йўналишида улкан оқиш-мовий Зэт сайёраси кўзга ташланади.

Сўнгги имтиҳонни топшириши, ўқиш жараёнини якунига етказиши керак бўлган ва бошдан-оёқ қуролланган Биринчи Юлдуз десантчиси Зэт Тўққизинчи чап бортдаги капсулада ярим ётган ҳолда сайёрага лоқайд тикилмоқда. Агар шу иши амалга ошса, Иккинчи Юлдуз десантчисига айланиб, ўз исмига эга бўлади.

Кўплаб истилочиларнинг додини берган Ози сайёралар империясининг барча аскарлари туғилган пайтиданоқ сўнгги синовдан ўтишлари керак бўлган сайёрани англатувчи ўз шахсий кодига эга бўладилар.

Зэт Тўққизинчи миллионлаб жангари аборигенларга тўлиб-тошган бу сайёрага қадам ранжида қилиши керак бўлган тўққизинчи десантчи эди. Ўзларининг олами бор-йўғи буюк империя аскарлари чиниқадиган ва машқини оширадиган Ози полигонларидан бири эканидан мутлақо бехабар аборигенлар зиғирчаям раҳм қилмай, бир-бирини қиришарди. Зэт Тўққизинчи тангачасимон зирҳ қопланган, уни кўринмайдиган қилувчи ва бекаму-кўст муҳофазалайдиган скафандрининг ҳимоя тизимини сўнгги бор текшириб кўрди. Кейин чап елкасидаги нур отувчи қурол, дубулғасидаги компьютер тизими ва ниҳоят, чап билагидаги бир вақтнинг ўзида нур отувчи қуролни қувват билан таъминлайдиган ва ўзини ўзи йўқ қилувчи қувват тизимини кўздан кечирди.

Имтиҳондан ўтмаган десантчи ортига қайтмасди. Энг хавфли абориген билан жангда қўлга киритилган бир нечта бош чаноғи имтиҳонни топшириш учун етарли бўларди. Энг хавфлиси ― қурол кўтарган абориген. Ози юлдузлар флотининг ёзилмаган қоидасига мувофиқ, қуролсиз аборигенни фақат қуролсиз ҳолда ўлдириш мумкин. Омадсизликка учраган десантчи ҳеч бир иккиланишсиз ўзини ўзи йўқ қиладиган тизимни ҳаракатга келтириб, бир неча сония ичида портлашнинг кўзни қамаштирувчи чақнашида йўқ бўлиб кетарди.

— Зэт Тўққизинчи! Капсула бортдан ажратилади! — хириллаган товуш эшитилди дубулғасида...

x x x

17 ноябрь 19.. йил

Марказий Америка, Н. давлати

 

Тропик осмонда тушаётган метеорит ярақлаб кетди. Ола-була ҳарбийча кийимдаги олти нафар қуролланган америкалик турган жойида қотиб ва уни кузатдилар.

― Шу яқин атрофга тушди, ― деди улардан бири пичирлаб.

― Кўзингга қара, уни босиб олма тағин Рэд, ― ишшайди қоронғиликда сардор. ― Кетдик йигитлар…

x x x

18 ноябрь 19.. йил.

«Дельта» махсус бўлинмалари қўмондони ўринбосарига

АХБОРОТ

Сизнинг эътиборингизга шуни маълум қиламанки, буйруғингизга мувофиқ жанговар топшириқни бажаришга жўнатилган алоҳида вазифа бажарувчи «Вулқон» гуруҳи (сардор Ж.Харпер) белгиланган вақтда алоқага чиқмади. Гуруҳ ҳаракат қилган ҳудуд узра вертолётлардан амалга оширилган кузатув парвози ҳеч қандай натижа бермади. Кузатув парвози чоғида вертолётлардан бири исёнчилар томонидан уриб туширилган. Ихтиёримга «Дельта» махсус бўлинмасининг иккинчи гуруҳини жўнатишингизни сўрайман…

 

Генерал Аллен нафрат билан ручкани қўйди ва ахборотнинг қораламасини МРБ махсус агенти Диланга узатди. У матнга кўз югуртириб чиқди-да, бош ирғади.

― Сиздан илтимос, генерал, иккинчи гуруҳ Харпер ва унинг одамлари ҳақида ҳеч нима билмаслиги керак. Уларга… дейлик… бизга дўст бир мамлакат вазири чиққан вертолётнинг йўқолганини айтишнинг ўзи етарли.

― Иккинчи гуруҳни жўнатишадими-йўқми ҳали, ― тўнғиллаб қўйди генерал.

― Хавотир олманг, генерал, Лэнглидаги бошлиқларим керакли одамларга босим ўтказишади. Харпер топшириқни уддалай олмади, лекин вазифа қандай бўлмасин бажарилиши керак. Бунинг учун биз давлатдан маош оламиз, тўғрими?..

 

19 ноябрь 19.. йил.

Сан-Диегодаги ҳарбий-денгиз базаси. АҚШ.

 

«Дельта» бўлинмаларида кўпроқ Датч лақаби билан машҳур бўлган майор Дэсмонд Холланд махфий буйруқ солинган ва ҳозиргина очилган жатжилдни ўйчан қўлида айлантирди-да, столда ўтирган бесўнақай гавдали сержантга узатди. Сержант эса уни дарҳол қоғозмайдалагичга тиқди. Бир неча сониядан сўнг махфий ҳужжатдан фақат майда қийқимлар қолди, холос.

Холланд сержантга бош ирғади-да, идорадан ташқарига чиқди. Ташқарида майдалаб ёмғир ёғмоқда. Плашчининг ёқасини кўтариб олганча ҳўл йўлкадан шошмасдан кетаётиб, ҳозиргина олинган буйруқнинг нимани англатиши ҳақида ўйлай бошлади.

 

«Дельта» махсус бўлинмаси иккинчи гуруҳи сардори майор Д.Холландга.

Зудлик билан «Экстра» тоифаси бўйича гуруҳ йиғилсин. 20 ноябрь соат 4:00га биринчи рақамдаги тайёргарлик. Сан-Диего ҳарбий-денгиз базасининг «Е» ангари».

 

Буйруқ рақамли код билан имзоланган. Бундай коддан эса юқори тоифадаги бошлиқлар фойдаланишади. Бунга яна қўшимча ― «Экстра» тоифаси… Холланднинг ўйланиб қолишига сабаб бор. Шу пайтгача бундай буйруқни бор-йўғи икки марта олган. Иккала ҳолатдаям йигитлари билан зўрға омон қолишган…

Одатда «Дельта» махсус бўлинмаларининг иккинчи гуруҳидан гаровга ва асирга олинганларни қутқаришда фойдаланиларди, бироқ «Экстра» тоифаси исталган нарсани англатиши мумкин.

Холланд машиналар турадиган жойдаги «понтиак»ига ўтириб, назорат-рухсатнома бўлими дарвозасидан чиқди. Очиғи, бирон ёққа шошаётгани ҳам йўқ. Гуруҳни йиғиш қийин эмас. Сержант Маккуэйд ва Блэйнлар балиқ овига кетишган, кечқурун қайтишади. Панчо Пасаденга оиласини кўриб келиш учун рухсат олган. Хокинс ва Биллилар эса яқинда таътилдан келишди ва улар шу ерда, базада.

Уларни қидиришга ҳожат ҳам йўқ. Негаки кечқурун ҳар доимгидек «Меконг» барида тўпланишади. Бу анъанага айланган. Худди ҳарбий қасамёд сингари, унга қатъий амал қилишарди.

Холланд ўйчан сигарета тутатди. У олинган буйруқнинг айнан, нимаси унга ёқмаётганини тушунишга ҳаракат қиларди. Энг ёмони ― ноаниқлик. Ноаниқликдан ҳадик ҳисси уйғонади… Топшириққа аниқлик киритилсагина, хотиржам тортиши ва ўзига ишонч пайдо бўлиши мумкин. Ахир жуда катта бўрилар ҳисобланган йигитлари унга иккиланиб ҳам ўтирмай ўз ҳаётларини ишониб топширишади. Ҳар бирининг тажрибаси ўнтадан кишига етади. Маккуэйд, Блэйн, Хокинс, Панчо, Билли... Йигитларини анчадан бери билади ва Вьетнам урушидан сўнг уларнинг ўз гуруҳига тушиши учун қўлидан келган барча ишни қилган. Бу йигитлар билан шунақа мураккаб вазиятлардан чиқишганки, энди уларни бир-биридан ажратиб бўлмайдигандек туюларди…

«Меконг» бари Сан-Диегода унча машҳур эмасди. Бир неча марта бу ерда тўполончи рокерлар тўдаси ўйин-кулги қилмоқчи бўлишди. Аммо бу ветеранларга ёқмади ва бир-икки қаттиқ муштлашувлардан сўнг, хайриятки, ҳеч ким ўлмади, рокерлар бу ерда қайтиб қорасини кўрсатишмади.

«Меконг»нинг хўжайини денгиз пиёдаларининг истеъфодаги капитани, Кореяда бир оёғидан ажраган Ричард Вебер эди. У остона ҳатлаши билан Холландга салом берди.

― Датч! Салом, ошна! Узоқ кўринмай кетдинг!

― Салом, Дик! ― унинг қўлини сиқди Холланд. ― Эътиборинг учун ўтган куни шу ерда эдим.

― Аммо кеча кўринмадинг-да?! ― ишшайди Вебер. ― Нима қуяй? Ҳар доимгидекми?

― Йўк, ― хўрсинди Датч. ― Бу сафар текила.

― Тушундим, ― бош ирғади Вебер. Қуйгач сўради:

― Демак, яқинда яна кетар экансизлар-да?

Датч елка қисди. Бу барда «Дельта» махсус бўлинмаси йигитларининг навбатдаги топшириққа кетишдан олдин ҳамиша текила буюришлари сир эмасди.

― Меникилар кўринишмадими? ― сўради у.

― Йўқ, ҳали келишмади, ― деди Вебер ва унга бошқа савол бермади. Бундай кечаларда Холландни гапга солмаслик кераклигини тажрибасидан билади.

― Келишса, шу ердалигимни айтарсан, ― деди Датч яна бир қадаҳ текилани олиб хира ёритилган залнинг узоқ бурчагига йўл олди.

Девор олдидаги столга жойлашгач, ўчиб қолган сигаретасини яна ёқиб, оёқларини узатганча, оромкурсига ястанди.

x x x

 Билли ва Хокинслар эса буюмларини чиқармасдан туриб бўм-бўш казармада ўралган тўшакларни бошларига ёстиқ қилганларича ётишибди.

Бундан бир неча соат олдин улар мамлакатнинг шимоли-шарқидаги Мэн штатининг Элсуорт шаҳрида, Хокинснинг ота-онасиникида эдилар.

Билли олган бир олам таассуротлардан маст ҳолда шифтга қараб ётарди. Хокинснинг ота-онаси, эски қадрдонлари унга жуда ёқиб қолди. Улар Биллини қувонч билан ўз даврасига қабул қилдилар ва ҳеч қандай аҳмоқона саволлар ҳам бермадилар. Гап шундаки, Биллига бир қарашданоқ унинг соф ҳинду эканини билиб олиш қийин эмасди. У баъзида тушиб қолган бошқа давраларда ҳамма нима учундир ундан резервациялар ва ҳиндуларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашлари ҳақида сўрашни ўз бурчи, деб биларди. Шусиз ҳам фавқулодда камгап Билли бунақа саволлардан сўнг, янада индамасга айланар, жуда қисқа жавоб берар ёки умуман, жавобсиз қолдирарди.

Элсуортда эса ҳаммаси бошқача бўлди. У Хокинснинг дўсти ва хизматдоши эди. Шу сабабли унга нисбатан жуда яхши муносабатда бўлдилар.

Кўпинча Хокинснинг дўстлари болаликда бошдан кечиришган кулгили ҳодисаларни эсга олардилар. Уларнинг ҳикояларини жон қулоғи билан тинглаётган ҳинду жилмайиб қўяр ва ўзига кўрсатилаётган илиқ муносабатдан бош осмонда эди. Ҳинду бир марта ҳатто латифа ҳам айтиб берди. Ундан буни кутмаган Хокинснинг оғзи ланг очилиб қолди. «Дельта» махсус бўлинмасида мана, тўрт йилдирки, бирга хизмат қилишади. Шу вақт ичида Хокинс Биллида латифаларга нисбатан қизиқиш уйғотишга роса уринади, аммо қани ўхшаса. Ҳинду ҳазил-мутойибани яхши тушунарди, албатта, аммо латифаларга келганда... Хокинс уларнинг маъноларини битталаб тушунтириб беришига мажбур бўларди.

Хокинс ҳиндуни анчадан, яъни Вьетнам урушидан бери билади. Тўғри, уларнинг танишуви юзаки эди. Фақат урушдан сўнг бир неча йиллар ўтгач, ўша пайтларда рота командири бўлган капитан Холланд собиқ «вьетнамчи»ларни «Дельта» махсус бўлинмасига тўплагандан кейин дўстлашиб кетишди…

― Билли, ― деди Хокинс журнални четга қўйиб, соатига қаради. ― Тур, «Меконг»га борадиган вақт бўлди. Сезяпман, майор аллақачон ўша ерда.

Ҳинду индамай ўрнидан турди ва курткасини кийди.

x x x

Бу ярамас такрорланувчи тушни юзинчи марта кўраётган бўлса керак. Яна «кобра» борт пулемёти остидан ҳад-ҳудудсиз чангалзор, сузиб ўта бошлади, яна портлашлар натижасида дарахтлар ёнмоқда, яна ярадорларнинг инграшини эшитяпти, ҳаммаёқни куйган порохнинг бадбўй ҳиди тутиб кетган…

― Бўла қолинглар, йигитлар, тезроқ! ― деяётган чўпдай озғин ва тутундан юзлари қорайиб кетган лейтенантнинг замбилда ярадорларни вертолётга ташиётган аскарларга буйруқ беряптими ёки улардан илтимос қиляптими, тушуниб бўлмасди.

Портлаш товушлари бир сонияга бўлсада, тинмасди. Миналарнинг бўлаклари баъзан «кобра»ларнинг бортини ҳам тешиб юборарди.

― Бўлди! Кўтариламиз! ― асабий бақирди вертолёт сардори. ― Ҳадемай яна иккита борт келади ва қолганларни олиб кетади.

― Тўхтанглар! Бизни ташлаб кетманглар! ― дея аскарлар вертолёт томонга югурдилар. Улар қоқиниб кетишар, олдиларида мина портлаб, йиқилардилар.

― Командир! Уларни ташлаб кета олмаймиз! ― қичқирди иккинчи учувчи.

― Менга қара, йигитча?! ― бақирди бунга жавобан сардор. ― Барибир ҳаммасини олиб кета олмаймиз. Кўтариламиз!

Вертолёт ердан узилди. Панчо бор кучини тўплаб, ярадор аскарни вертолётга тортиб киритди. Аскар унинг елкасидан маҳкам тутди.

― У ёқда бизникилар қолишди! Улар жуда кўпчилик! Қайтиш керак! ― дея унинг қулоғига қичқирди.

― Ўзингни бос, оғайни, уларни олиб кетгани вертолётлар келишяпти, ― дея тинчлантирди уни Панчо. ― Ана, дарахтлар тепасига қара! Кўряпсанми?

Аскар ўгирилди. Чангалзор узра яна иккита вертолёт учиб келмоқда эди. Бир айланиб, улар ҳам вьетнамликлар ҳужумини қайтараётган америкаликлар югуриб-елаётган шоли майдонига пастлай бошладилар.

Панчо борт пулемётига ёпишиб, қисқа-қисқа ўқ узиб ҳужум қилаётганларни ерга ётишга мажбур қилди. Вертолётлар яшил шоли майдони узра осилиб турарди. Шунда яқин ўрмон четидан йирик калибрли пулемётдан ўт очдилар. Унга яқин вертолёт беўхшов қийшайиб кетди-да, портлади. Портлашдан ҳосил бўлган олов вертолётга югуриб бораётган одамларни ҳам қамраб олди.

― Рэдни уриб туширишди! ― инграниб деди «кобра» сардори. ― Падарига лаънат! Панчо, ўт оч! Ўт очиб, уни чалғит!

Панчо яна пулемётга ёпишди. Энди у йирик калибрли пулмёт отилаётган ўрмон четига қараб қаторасига ўт очди. У ўт очишнинг ўзига қаратилишига йўл қўйиб бўлмаслигини, иккинчи «кобра»нинг ўша ўқ узилаётган жойга яқинлигини яхши англарди. Бироқ ўша томонга қутурганча ва иложсизлигидан қичқирганча отаверди-отаверди…

— Луис! Луис! — синглисининг қўрқиб кетган овози уни уйғотиб юборди.

Панчо туриб ўтирди ва терлаб кетган юзи ва оқаётган кўз ёшларини артди.

Олдида қўрқиб кетган уч ярим яшар ўғлини бағрига босганча синглиси турарди.

― Ҳа-а, бу сенмидинг Жина? ― дея Панчо ўрнидан турди. ― Менга эътибор берма, сал босинқирадим, шекилли…

― Сенга қўнғироқ қилишганди, уйғотиб ўтирмадим, ― деди узр сўраганнамо Жина. ― Шусиз ҳам бугун барибир Сан-Диегога борасан-ку?!

Панчо чақмоқтошини чиқиллатди.

― Ким қўнғироқ қилди?

― Хокинс. Билли билан бугун таътилдан қайтишибди.

Панчо бош ирғади ва сал жилмайгандай бўлди.

― Яхши соат неччи бўлди?

― Учдан ошди.

У ҳуштак чалиб юборди.

― Кетадиган вақтим бўпти.

― Луис… ― деди Жина чайналиб. Гапни нимадан бошлашни билмаётганди. ― Тушунаман, армияда хизмат қилиб яхши пул топаяпсан… билмадим, сен ёрдам бериб турмаганингда ойим билан мен нима қилардик, лекин…

Панчо синглисининг гапини тугатиб олишини кутди. Нима дейишини ҳам яхши биларди.

― Луис, бошқа бундай давом этмаслиги керак! Жиннига айланишинг ҳам ҳеч гап эмас! Ҳарбийдан кетишинг керак…

Панчо «Лаки Страйк» тутунидан чуқур ичига тортди.

― Демак, сенинг фикринг шундай, тўғрими? ― секин гап бошлади у. Сўнг қовоғини солганча синглисига қаради. ― Биласанми, балки вақти-вақти билан ўша ёққа қайтиб турганим учун ҳам жиннига айланмаётгандирман…

х х х

— Ўша ярамаснинг шартта ёқасидан олдим-да: «Ҳой ўлакса, агар яна бу ерда қорангни кўрсатсанг, нақ кунингни кўрсатаман, дедим» ― дея Блэйн Сан-Диегога яқинлашиб қолишгани сабабли тезликни камайтирди. Кейин олдинги ўриндиққа ястаниб олган Маккуэйдга қаради.

― Ғирт тентаксан Жорж, ― деди буниси ҳам. Кейин тезда гап қистирди. ― Сенга генерал унвонини бериб, денгиз пиёдалари корпусига бошлиқ этиб қўйиш керак.

Блэйн қаттиқ қаҳқаҳ отиб кулди.

― Буни ўн йиллар олдин қилиш керак эди, ― деди у. ― Ўша пайтлари, сен билан мен Камбожа чегарасидаги ботқоқликларда эмаклаб юргандик.

Маккуэйд устарада қирилган бошини кафти билан ишқаб, ишшаяётган Блэйнга қаради.

― Нега ишшаяяпсан? Балиқ ови дабдала бўлди, ғилдирагимиз тешилди, сен эса тиржаяяпсан! Балиқ ови бугун ўхшамайди-ёв, дегандим сенга. Мана, шундай бўлди ҳам.

― Бунақа гапни қўйсанг-чи, ҳаммаси зўр бўлди! Балиқ ови ўхшамаса-ўхшамабди, шунга шунчами? Ё, кун бўйи базада ўтирганимиз яхшимиди?

― Сен йўлингга қара, ― унинг гапини бўлди Маккуэйд. ― Тўғри «Меконг»га ҳайда. Билли билан Хокинслар аллақачон ўша ерда бўлса керак.

― Менимчаям шундай. Казармага ҳам киришмагандир. Бугун бир отамлашайлик, қария!

x x x

Кечки ўнларда «Меконг» одамлар билан тўла эди. Ҳар хил шовқинлар, телевизорнинг овози, биллиард соққаларининг бир-бирига урилгани товуши, мусиқа, шарақ-шуруқ, шишалар жаранги, ҳаммаси қоришиб кетган.

Бу ерда асосан, ветеранлар йиғилгани боис барнинг турли бурчакларидан эшитилаётган Куанг-Чи, Хесань, Донг-Ха каби экзотик жойлар ва қишлоқлар номи ҳеч кимни ҳайрон қолдирмасди.

«Дельта» махсус бўлинмасининг иккинчи гуруҳи кичик стол атрофига жамланганди. Қадаҳларга тўлдирилган текилани ичишмоқчи. Майор диққат билан ўтирганларга разм солди. Сўнгги қадаҳ сўзи анъанавий бўлиб, барча унинг ҳозир нима дейишини биларди.

― Навбатдаги топшириқда ҳалок бўладиганлар учун!..

x x x

20 ноябрь 19.. йил.

Марказий Америка, Р. давлати.

Америка ҳарбий маслаҳатчилари гуруҳи штаби.

 

Тонг олди ғира-ширасида вертолётлар гурилламоқда. Махсус бўлинма чиққан «кобра»нинг қўнганини кўрган генерал Аллен Америка ҳарбий маслаҳатчилари гуруҳи штаби жойлашган балиқчилар уйчаси бордонини туширди.

― Улар етиб келишди, ― деди қисқа қилиб, тўқима оромкурсида ўтирган МРБ агентига.

У индамай бош ирғади, бироқ жойидан қўзғолиб ҳам қўймади.

Генерал асабий кулди-да, Пентагоннинг буйруғига асосан бу ерга йигитлари билан етиб келган Холландни кутиб олиш учун хонадан чиқди. Аллен ҳамиша Лэнглининг одамларини хушламасди, шу боис бу қора танли агент ҳам истисно эмасди. Улар ҳамиша ҳарбий операцияларга бурунларини тиқишади ва кўпинча шундай топшириқлар беришардики, бунинг натижасида зўр-зўр йигитлар нобуд бўлишарди. Ҳозир ҳам генералнинг барча гапдан хабари бор, шу боис ҳам майор Холландни алдаш унинг учун, айниқса, кўнгилсиз эди.

Падарига лаънат ҳаммасининг! Холланд жуда ақлли, бу ишдан гўнг ҳиди келаётганини дарров пайқайди.

Генерал айвонда турганча Датч бўлинмасининг вертолётдан тушишини кузатарди. Биринчи бўлиб, қумга собиқ денгиз пиёдалари, Вьетнамда бирга бўлишган ва юзлаб оғир вазифаларни бажаришган Блэйн ва Маккуэйдлар тушишди. Уришқоқ, жанжални пулга сотиб оладиган, жуда гавдали, доим тамаки чайнаб юрадиган Блэйн ва унча-мунчага тепса-тебранмайдиган, мулоҳазали, совуққон Маккуэйдларни нима бирлаштириб турганига Аллен сира тушунмасди.

Кейин вертолёт эшигида Биллининг кенг елкаси пайдо бўлди. Унинг кенг юзида ҳам мутлақо бепарволик акс этган. Билли, ҳатто, кулганда ҳам, дарвоқе, бу жуда камдан-кам бўларди, юзидаги ифода ўзгармасди. Унинг кетидан гуруҳ радисти Хокинс қумга сакраб тушди. Бешинчи бўлиб ўрта бўй, зуваласи пишиқ, қорасоч, индамас ва жиддий, исталган буйруқни ўта аниқликда бажарадиган Панчо ерга сакради.

Вертолётдан охирида Холланд тушди. Кенг елкаларини ғоз тутиб, атрофни кўздан кечирди ва сигарасини тутатди. Генералга кўзи тушгач, қолганларга қисқагина нимадир деди ва шошилмасдан айвонга яқинлашди.

Аллен унга индамай қўл узатди, майор ҳам жимгина унинг қўлини сиқди. Бир неча сонияга, улар кўришмаган сўнгги бир йил ичида нималар ўзгарганини аниқлаш учун бир-бирига синчковлик билан тикилиб қолдилар.

― Сени кўрганимдан хурсандман Датч, ― деди ниҳоят, Аллен.

― Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди генерал, ― деди Датч ҳам оғзидан сигарасини олиб.

― Зериккандирсан? ― жилмайди Аллен. ― Бўпти, ичкарига кирайлик.

x x x

Стол лампаси яхшигина ёритиб турган стол устида ёзилган ва чангалзор акс этган яшил денгизга ўнлаб белгилар қўйилган харита турарди. Датч столга тирсаклаб олиб, операция олиб бориладиган ҳудудни яхшилаб ўргана бошлади.

― Йигирма соат муқаддам бир вертолётни йўқотдик, ― тилга кирди Аллен. ― Унинг бортига бир вазир ёрдамчилари билан чиққан экан. Уларни топиш керак. Улар қаердадир мана бу ҳудудда ғойиб бўлишган.

Датч қовоғини солганча генералнинг қалам юритишига қараб турди-да, харитадаги бир белгига тикилиб қолди.

― Ўша вазир негадир чегаранинг бошқа томонида парвоз қилибдими? ― қуруққина қилиб деди у.

― Улар афтидан, йўналишдан адашиб кетишган, ― истамайгина тушунтирди Аллен. ― Ҳойнаҳой, исёнчиларнинг қўлига тушган бўлса керак.

Датч ўйчан ҳолда оғзидан бурқситиб тутун чиқарди ва генералнинг кўзларига қаради.

― Лекин йигитларим у ерда нима қилади? Нега айнан, бизни чақиришди?

Аллен лабини тишлади ва гапиришга энди оғиз жуфтлаган эдики, хона ичкарисидан агентнинг овози эшитилди:

― Нега десанг, қандайдир аҳмоқ, сизларни энг зўри дебди!

Датч гапирган кишини кўриш учун секин ўгирилди. Фавқулодда мушакдор агент ўрнидан турди ва ёруғликка чиқди.

― Дилан! ― деди ҳайратда қолиб Датч.

Икки йил муқаддам Леонард Дилан отрядда Датчнинг ўринбосари эди, кейин унга МРБда хизмат қилишни таклиф қилишди ва у рози бўлганди…

― Бу сенмисан қария! ― дея қўл олишдилар.

Икки қўл бир-бирини қаттиқ сиқиб, гўёки арм-рестлинг бўйича мусобақалашаётгандек куч синаша бошладилар. Дилан лом-мим демасдан бир неча сония Датчнинг қўлларини пастга туширишга ҳаракат қилди. Бу пайтда унинг юзида, жилмайишми ёки чираниш билиб бўлмасди, қизиқ ифода акс этганди.

― Нима бўлди қария? Афтидан, МРБда фақат қоғозлар билан ўралашиб қолганга ўхшайсан? Анча кучсизланиб қолибсан-ку?!.

― Сен олдин ўзингни бил, Датч, ― инқиллади Дилан. Унинг қора билагидаги мушаги коптокчадек шишиб чиқди. Аммо Датч сал елкасини қимирлатганди агентнинг қўллари бўшашди.

― Бўлди, бўлди, ― деди у ва Холландни қучоқлади. ― Сени кўрганимдан хурсандман.

― Мен ҳам, ― деди Датч ва оғзидан сигарани олди. Кейин унга тикилиб қолди-да, бўйинбоғини бир силтаб, деди, ― бўйинбоғ тақиб олибсанми?

― Бўйинбоғни қўя тур, ― қўл силтади Дилан. ― Берлинда зўр иш кўрсатганингни эшитдим.

― Айтарлик бирор иш қилганим йўқ.

― Камтарлик қилмай қўя қол, ҳаммасидан хабарим бор, ― деди Дилан. ― Нега Ливияда пайдо бўлмадинг?

― Биз қутқарувчилар гуруҳимиз, қотиллар эмас, ― деди Датч ва бирдан қовоғини уйди. ― Бу гапларни йиғиштирайлик, Дилан. Мақсадга ўтамиз.

Дилан генералга бир қараб олди.

― Ўша вазир ва унинг одамлари бизга жуда керак. Генерал ҳам уларни исёнчилар отиб ташлашмасин-да, деган хавотирда. Шу боис ҳам сенинг йигитларинг бизга керак. Операция жуда оддий. Исёнчилар лагерини топамиз, тутқундагиларни озод қиламиз-да, тезда ортга қайтамиз. Бизнинг ўша ерда бўлганимизни ҳеч ким билмайди ҳам…

― Шошма, шошма! ― унинг гапини бўлди Датч. ― «Биз» деганингни тушунмадим.

― Мен ҳам сизлар билан учаман.

Холланд секин сигарасини ўчирди ва Алленга юзланди.

― Генерал гуруҳимнинг мустақил ишлашини биласиз-ку?!

― Бунда сизга ёрдам бера олмайман, деб қўрқаман, майор. Бу юқорининг буйруғи. Керакли жойга етиб борганингиздан сўнг Дилан вазиятга баҳо бериб, гуруҳга раҳбарлик қилади…

x x x

Блэйн магнитофонни бор овозда қўйиб олди ва рок-н-ролл товуши вертолётнинг гуриллашини ҳам босиб кета бошлади.

― Манави ерда тушамиз, ― деди Дилан Датч томонга энгашиб, бармоғи билан харитадаги белгини кўрсатди. Йигирма тўрт соатдан сўнг эса гуруҳ мана бу нуқтада тўпланиши керак. Бу ерда бизни вертолётлар кутаётган бўлади.

― Захира варианти-чи? ― қизиқди майор.

― Захира варианти бўлмайди, ― Дилан жим қолди, кейин иккиланиб, деди:

― Эсингда бўлсин, биз ёлғиз ҳаракат қиламиз ва ҳеч ким бизга кўмак бермайди.

Датч бош ирғади.

― Бу операция дақиқа сайин менга ёқа бошлаяпти…

Сержант Маккуэйд лоқайдлик билан онда-сонда пастда сузиб ўтаётган чангалзорга қараб-қараб қўйиб, катта иякларини хавфсиз устарада қиртишлай бошлади.

Блэйн бир қути чайналадиган тамаки олиб, оғзига катта бўлагини солди-да, қутисини Маккуэйдга узатди. У устарада қирилган бошини ирғади.

Ўз кийимининг у ер-бу ерини тузатиб ўтирган Панчо эса зимдан «Плэйбой» журналини ўқишга берилган Хокинсга қаради ва унга скотч ғалтагини отди. Хокин эса журналдан чалғимай скотчни илиб олди ва жилмайди.

― Ҳой, Билли! ― деди у двигателнинг гуриллаши-ю, магнитофоннинг овозидан ҳам баландроқ бақириб.

Қора ранг билан юзини бўяётган ҳинду ойнадан чалғиб, савол оҳангида радистга қаради.

― Битта латифа бор, эшит. Хуллас, бир йигит қизникига келибди-да, унга: «Сен билан яшашни истайман» дебди. Қиз ҳам унга: «Мен ҳам, кел, уй сотиб оламиз» дебди.

Билли индамай унга қараб турарди.

― Биласанми, қиз уй сотиб олишни истаган, йигит эса бутунлай бошқа нарсани назарда тутган экан, ― дея тушунтира бошлади, кейин «бор-э!» дегандай қўл силтади.

Билли эса елкасини қисди-да, Хокинснинг гапларини ўйлаб, яна ўз машғулотига қайтди.

Тамакини чайнай туриб, Блэйн одатига кўра ҳаммага навбати билан қутини узатиб чиқди. Барча илгаригидек, рад жавобини беришди.

― Торт, бу ифлос нарсангни! ― аччиқланиб Панчо. ― Нега ҳадеб тумшуғимга тиқасан?

Блэйн тамакини яширади.

― Барчангиз ойимтилла бўп қолибсизларми? Буни ҳар куни чайнаб туриш керак ва ўшанда менга ўхшаган динозаврга айланасизлар!

― Сен ҳам ҳадемай улардек қирилиб кетасан! ― бақирди Панчо.

Ҳаммаси қаттиқ кулишди, ҳатто, Билли ҳам.

Умумий кулгида Дилан ҳам жон деб иштирок этди. Анчадан бери ўзини бундай қувноқ хис қилмаганди, яна эски қадрдонлар даврасида бўлиш яхши-да?! Жангдан олдин яна ўша унутиб бўлмас зўриқишни ҳис этиш. Хавфни кучли ҳис қиласану бироқ у қўрқувга солмайди, негаки ёнингда кўплаб ишларга бирга чиққан кишиларинг бор, уларга ўзингга ишонгандек ишонасан. Датчнинг йигитларида профессионалларга хос хотиржамлик ва ўзига бўлган ишонч мавжуд эди. Янгиларда бўладиган асабийлашиш ҳолати кузатилмасди.

Датч Диланга зимдан қараб сигарасини ёндирди. Афтидан, йигитлар унинг «қочоқлигини» ҳалиям кечира олмаётганликларини тушунмаяпти, шекилли. Йигитлар ҳалиям Диланни ҳурмат қилишар, бироқ  ҳурмат-иззат, иссиққина ва хавфсиз жойни деб жанг майдонини ташлаб кетган собиқ сафдошига нисбатан уларнинг муносабатидан совуқ илтифот уфуриб турарди. Бу, албатта, нотўғри, негаки, Дилан учун туғилган имконият ҳаммавақт ҳам бўлавермайди, ахир. Қолаверса, ундан уларнинг бирортаси ҳам бош тормаган бўлишарди. Балки шунчаки, Лэнглидагиларнинг йигитлар орасидан биргина Диланни сезиб қолишганларидан хафа бўлишгандир.

Бу вақтда Дилан Датчдан чақмоқтошини олиб, қўлида айлантира бошлади.

― Мендаям шунақаси бор, ― деди у чақмоқтошни ўйнатишини жимгина кузатаётган Блэйн ва Маккуэйдга. ― Биз Датч билан уни Вьетнамда, етмиш иккинчи йилда сотиб олгандик.

Блэйн энгашди ва гўёки бехосдан тамакини Диланнинг пойафзалига тупуриб юборди. У жанжал истаётган Блэйнга бир неча сония тикилиб қараб қолди ва кейин бармоғи билан уни ўзи томон имлади. Блэйн худди муштлашувга жон-жон деб турган кишидай энгашди.

― Жуда бемаъни қилиғинг бор экан, ошна, ― деб энди гап бошлаганди. Бироқ унинг гапини кабина тепасидаги сигнал чироғи бўлиб қўйди.

Датч барча суҳбатларга якун ясалди, дегандек ўрнидан турди ва бош ирғади. Блэйн магнитофонни ўчирди ва ҳеч нима бўлмагандек, Диланга пастга туширадиган арқонга карабинини боғлашга ёрдамлашиб юборди.

«Кобра» дарахтлар узра муаллақ турарди ва Датчнинг йигитлари бирин-кетин пастга туша бошладилар. Охирида майорнинг ўзи ва Дилан тушишди.

― Бунинг барини қанчалик соғинганимни тасаввур ҳам қила олмайсан! ― бақирди Дилан Датчга.

― Сен ҳеч қачон ўткир ақлинг билан ажралиб турмагансан! ― деди бунга жавобан Датч ва уни пастга итариб юборди.

x x x

Вазирнинг вертолётини Панчо топди. Уриб туширилган «кобра» юқорида дарахт бутоқларига тиқилиб қолган. Буйруқни кутиб ўтирмаёқ Панчо вертолётга илгакли арқонни отди ва унга осилиб чиқа бошлади. Унинг кетидан эса Дилан кўтарилди. Қолганлар эса атрофга кўз-қулоқ бўлиб пастда кутишмоқда.

Вертолётнинг тит-питиси чиққан ичини кўздан кечирган Панчо пастга тушди ва Датчнинг ёнига борди.

― У ерда фақат битта учувчининг жасади бор экан, ― дея қисқагина ахборот берди у ва арқондан осилиб тушаётган Диланга қараб олиб, секин қўшиб қўйди:

― Бироқ бу ҳаммаси эмас. Бу жуда антиқа ҳарбий вертолёт экан. Кўпроқ жосуслар вертолётига ўхшайди. Аппаратларга тўлдириб ташлашибди.

Датч бош ирғади ва бошини арқонни силтаб пастга туширган Дилан томонга бурди.

― Вазирнинг вертолёти учун аппаратлар кўплик қилмайдими? ― қуруқ қизиқиш билдирди майор.

― Унинг бу вертолётга нима учун чиққанини қаёқдан билай, ― тўнғиллади Дилан.

Датч шубҳа билан бош чайқади. Бироқ баҳслашиб ўтирмади. Кейин сўнгги ўн дақиқалар ичида атрофдан бирорта из топиш мақсадида кетган Билли дарахтлар орасидан кўринди.

— Хўш, Билли, бирон нима борми?

― Улар вертолётдан икки кишини тушириб олиб, кейин кетишган. Яна америкалик ҳарбийлар пойафзалини кийган олти киши шимол томондан келиб, исёнчиларнинг изидан кетишган.

Датч яна Диланга қаради.

― Сен бу ҳақда бирон нима биласанми?

― Афтидан, буниси исёнчиларнинг бошқа гуруҳи бўлса керак, ― деди агент. ― Уларнинг бари бизнинг кийимимизни кийиб олишган.

― Яна қидириб кўр, Билли, ― буйруқ берди Датч. ― Йигитлар, кетдик.

Чангалзор ёриша бошлади ва дастлаб, кулранг кўринган япроқлар яшил тусга кира бошлади. Датчнинг гуруҳи одатий тартибда жанубга томон ҳаракатланмоқда. Билли улардан анча олдинда. Унинг кетидан занжир бўлиб, бир-биридан икки-уч метрлар масофада Панчо, Датч, Хокинс ва Дилан кетишяпти. Уларни Маккуэйд қўриқлаб бормоқда.

Гуруҳ охирида эса олти стволли авиация пулемётини кўтарган Блэйн. Бундай залворли пулемёт ва унинг ўқ-дорисини кўтариб юриш осон эмас. Бироқ у бошқа бирорта қуролни тан олмасди. Блэйн фақат Маккуэйдгагина қуролига тегинишга рухсат берарди, холос. Тўғри, у Панчонинг автоматик гранатомётига ҳам ҳурмат билан қарарди. Негаки бу ўзини гуруҳнинг асосий ўт очиш қудратиман, деб ҳисоблашига халақит бермасди. Ҳақиқатан ҳам, Блэйннинг пулемёти ишга тушганда қиёмат қойим бўларди ўзиям…

Датч дарахт ортида тиззалаб олиб босилган ерни кузатаётган Панчонинг ёнига келди.

― Хўш, нима экан? ― секин сўради Холланд.

― Ўша эскиси ҳолат, ― Панчо ҳам паст товушда жавоб берди. ― Вертолётдаги икки асир билан исёнчилар ва америкалик ҳарбийлар пойафзалидаги кишилар. Бунда бир гап бор, майор. Афғонистон эсингдами?

― Унутишга ҳаракат қиляпман, ― деди Датч ва Панчонинг елкасига секингина қоқиб қўйди. ― Юра қол, Биллига етиб олиш керак. У жуда олдинга кетиб қолган.

Ҳинду эса бўронда қулаган дарахт ёнида тўхтади ва ўзини ўраб турган чангалзорга синчиклаб қарай бошлади. Мачетега ўхшаган узун пичоғини чиқариб, ергача осилиб турган лианани кесди ва унинг кесилган жойидан оқаётган муздек шарбатни оғзига тутди. Чанқагани учун эмас, балки бу сафар Биллининг ҳислари негадир бошқача эди. Чангалзорга тушган пайтилариданоқ қандайдир нохушликни сезган. Унсиз чакалакзорларга яширинган қандайдир ғалати хавф-хатар бутун ҳавони эгаллаб олганди. Қолганлар буни сезишгани йўқ. Лекин Панчонинг ҳам ниманидир сезиб, ҳадик ичра атрофга аланглаётганини кўрди…

У йиқилган дарахтнинг қалин япроқлари ортидаги нарса эътиборини тортганда ҳам лиана шарбатини ичаётган эди. Билли секинлик билан дарахтнинг нариги томонига ўтди ва шохларни оҳиста четга сурди. Бу ҳаракатдан ўнлаб калхатлар қаттиқ шовқин кўтарганча ҳавога кўтарилди. Билли қайт қилиб юбормаслик учун томоғига маҳкам ёпишди ва кескин ортга бурилди… Бутун гуруҳ кўрган манзарасидан даҳшатга тушиб қотиб қолди.

Бу орада Билли ўзига келиб, пичоғи учи билан ерда ётган дог-тег занжирини олди ва Датч томонга улоқтирди. У эса уни ҳавода тутиб олди ва овоз чиқариб ўқиди:

― Жим Харпер…

У Диланни четга тортди.

― Уларни танирдим. Форт Брэгдаги яшил беретлар. Аммо қайси жин чалиб бу ёқларга келиб қолишди экан?

― Билмадим, Датч, ― бир пас жим туриб, жавоб берди агент. ― Менга ушбу ҳудуддаги операциялар ҳақида ҳеч нима дейишмаган.

— Аммо уларни кимдир бу ёққа жўнатган-ку?! ― қовоғини солиб деди Датч.

Билли ердан бир нечта гильзани олиб кўздан кечира бошлади.

― Бу ерда нима бўлган экан, Билли? ― Датчнинг ҳиндуга тўлиқ ишонгани учун  изларни жуда камдан-кам ҳолларда ўзи текширарди. Билли эса чангалзорни қолганларга қараганда яхшироқ кўрар ва эшитарди.

― Майор, бу жуда ғалати, ― деди Билли жуда оҳиста. ― Бу ерда жанг бўлган ва улар ҳар тарафга қарата ўқ узишган. Ўйлаб ҳам ўтирмай, худди тўсатдан қопқонга тушиб қолгандек.

Холланд бошини чайқади.

― Харпер каби тажрибали бўрининг тузоққа тушиб қолганига ишонгим келмаяпти.

― Мен ҳам бунга ишонмайман, майор, ― ҳалиям паст товушда гапирарди ҳинду. ― Ҳужум қилганларнинг изини топа олмаяпман. Ҳеч нарсани тушунмай қолдим…

Датч индамади.

― Харпер билан ҳалиги икки киши-чи? Улар қаёққа кетишди экан?

― Бирорта из йўқ, ― умидсиз жавоб берди ҳинду. ― Аммо улар бу ердан кетишмаган. Шунчаки, ғойиб бўлишган-қолишган…

Майор унинг сўзларини бир неча сония ўйлаб кўрди.

― Бўпти, у ҳолда исёнчиларнинг изидан борамиз, ― қарор қилди у. ― Асирларни қутқариш керак.

x x x

Биринчи Юлдуз десантчиси Зэт Тўққизинчи чангалзор оралаб эҳтиёт бўлиб ҳаракатланаётган етти нафар аборигенларни жуда зич дарахт бутоқлари орасидан диққат билан кузатарди. Яхши қуролланган, хавфли жонзотлар. Унгаям худди шу керак. Бир неча соат муқаддам ўзи тинчитган олтитаси ҳам хавфли эди. Улар ўзларига ким ҳужум қилганини ҳам билмай қолдилар. То битта-битта тинчитгунича ҳар томонга қарата ўқ узаверишди. Ҳаммаси шунчалик тез ва осон битдики, Зэт Тўққизинчининг ҳаракатларини дубулғасидаги компьютер орқали кузатиб турган фазовий кема сардори улардан фақат иккитасинигина ҳисобга олди. Ози сайёрасиникига қараганда, бу ернинг тортишиш кучи икки баравар кам экан. Бу эса Зэт Тўққизинчига тез ва шовқин чиқармай ҳаракатланиш имконини берарди. Тангачали скафандрининг ҳимоя тизими уни деярли кўринмас қилиб қўйгани боис ўлжасига сездирмасдан жуда яқин бориши мумкин. Ўзининг тушунишича, аборигенлар бутунлай бошқача нурланишда кўрадилар. Ҳимоя тизими ишлаб турганида улар Зэт Тўққизинчини деярли кўра олишмайди.

Бу еттови ҳам олдинги олтитасиникига ўхшаган кийимда. Худди шулар ҳақида ўйлаб турганида фазовий кема сардори уларни овлашни буюрди.

x x x

Ҳар бир дақиқанинг олтинга тенглигига қарамай, Датч йигитларни тезроқ ҳаракатланишга ундамасди. Зеро, чангалзор шошқалоқликни кечирмайди. Бунга Вьетнамдаёқ амин бўлган. Биргина эҳтиётсизлик билан қўйилган қадам ёки оёқ остидаги бирорта шохнинг қарсиллаб кетиши бутун бошли гуруҳнинг бошига етиши мумкин. Шу боис ҳам олдинда кетаётган Билли тўхтаса, бутун гуруҳ ҳам жойида қотарди ва ҳинду яна юриш мумкин, дея ишора бермагунча қимир этмасди.

Илгари ўзи ҳам бу каби вазиятларга кўп марталаб дуч келган Дилан икки йиллик танаффусга қарамай, ёмон таассурот қолдирмаётганди. Бироқ тик нишабликдан тушаётганларида сал ножўя қадам ташлади ва бир неча шох-шабба қасир-қусур қилганча пастликка думалаб кетди. Барчасининг дами ичига тушиб, Датч ҳам жойида қотди. Негаки, исёнчилар шу яқин атрофда бўлишлари мумкин. Агар бир-икки кишини уларнинг кетидан қўйишган бўлишса, гуруҳнинг тамом бўлгани шу. Бутун вужуди қулоққа айланган Датчнинг йигитлари тепкидан бармоқларини олмай, қўрқинчли ва сукунатдаги чангалзорни тинглашга уринардилар. Датч эса нега ҳе йўқ-бе йўқ хавотирга туша бошлаганини энди тушунгандай бўлди.

Бу ― ноодатий сукунат. Тўғри, қаердадир қушларнинг онда-сонда сайрагани эшитиларди, бироқ уларнинг ҳам тезда уни ўчарди. Олдинда М-16 стволини юқорига қаратганча, нима қиларини билмай бир жойда қотиб турган Биллига қаради. Ҳаммаёқ тинч эди.

― Хайрият!.. ― енгил тин олди Хокинс ва пешанасидаги терни артди.

Шу пайтда Билли улар томонга бошини хиёл буриб, яна юриш мумкин ишорасини берди.

Дилан ҳам енгил тортганча чуқур нафас олди. Аммо энди юраман, деганида ёнида бирор товушсиз пайдо бўлган Маккуэйдга рўпара бўлди.

― Яна бир марта шундай қилсанг, нақ кунингни кўрсатаман! ― деди сержант вишиллаб. ― Уқдингми?

Дилан индамади, негаки, Макнинг ҳақлигини яхши биларди.

То Билли душманни кўраётганини маълум қилгунига қадар яна икки миляча масофани босиб ўтдилар.

Датч Хокинсдан дурбинни олиб, олдинга эмаклади. Жар лабига жойлашиб, пастдаги исёнчилар лагерини диққат билан кузатди. Унинг катталиги майорни ҳайрон қолдирди, албатта. Кўпроқ базага ўхшарди. Йигирматадан зиёд бамбукдан қурилган уйчалар, ёқилғи солинган бочкаларнинг бутун бошли тоғи, омборлар, уйчалар ўртасидаги очиқ майдонда турган вертолёт. Уч томонда қум тўлдирилган халталар билан мустаҳкамланган пулемёт уялари. Қаердадир пастда, унча катта бўлмаган юк машинаси моторининг бир маромда гуриллагани эшитилмоқда. Лагернинг ғарбий томонида кичикроқ кўл бор экан. Бу ерда исёнчилар унчалик кўп эмасди, тахминан ўттиз чоғли ёки ундан сал кўпроқ. Қолганлари ўрмонга кетишган бўлса керак.

Датч қандай ҳужум қилиш ҳақида бош қотириб турганида бир омбор ёнидаги бақир-чақир эътиборини тортди. Дарров дурбинни қўлига олди…

Кейин уни кутиб туришган йигитлари ёнига қайтди.

― Ишлар чатоқ, йигитлар, ― ярим товушда деди у. ― Улар асирлардан яна биттасини гумдон қилишди.

Дилан паст товушда сўкинди. Кейин нимадир демоқчи эди, бироқ майор ишора билан уни тўхтатди.

― Нима демоқчилигингни биламан, тез ҳаракат қилиш керак. Мак, Блэйн, шарқ томондаги пулмёт уяси билан шуғулланасизлар. Фақат шовқинсиз. Ўқ узилмасин. Билли, Панчо жанубий пулемёт уяси сизнинг зиммангизда. Хокин ва Диланлар шу ерда қолишади. Ишора беришим билан ҳужумни бошлаймиз. Мен ёқилғи солинган бочкаларни портлатишга уриниб кўраман. Бўлди. Кетдик…

…Тамаки чайнаётган Билли қутилару қум тўлдирилган халталар билан ўралган пулемёт уясини кузата бошлади. Чап тарафида ётган Мак унга қараб икки бармоғини кўрсатди. Бу пулемётчилар икки нафар дегани.

Блэйн тушундим, дегандек бош ирғади. Кейин афсуслангандек пулемётини ерга қўйди-да, елкасидаги уни кўтариб юриш мосламасини ҳам ечди. Мак энди олдинга эмаклай бошлаганди, Блэйн унинг оёғидан тортди. Сержант норози оҳангда тўхтади. Пулемётчи унга бармоғи билан ўзини кўрсатиб, овозсиз лабларини қимирлатди. Сержантнинг эсига тушди: бу сафар биринчи бўлиб бориш унинг навбати. Тортишиб ўтирмай, Блэйнни олдинга ўтказиб юборди. У эса тамаки чайнашини тўхтатмай, пулемёт уяси томон эмаклаб кетди. Унга етиб олишига ўн метрлар масофа қолганида Блэйн таққа тўхтади. Қўли ердан беш дюймлар баландликдаги минага тортилган симга тегиб кетди. Агар унинг ҳаракатлари бирмунча тезроқ ва кескинроқ бўлганида борми, шубҳасиз, портлаб кетган бўларди. Дўстининг ҳар бир ҳаракатига диққат билан разм солиб турган Мак дарров гап нимадалигини англади.

Саноқли сониялар ичида унинг ёнига эмаклаб етиб борди. Блэйн керакли босим остида симни тортиб турди, сержант эса минани топиб, бир оз куймаланди-да, зарарсизлантирди. Блэйн эса чуқур тин олиб, увишиб қолган қўлини симдан эҳтиёт бўлиб олди.

Улар пулемёт ёнида ўтирган икки исёнчига қўққисдан икки ёқдан ҳамла қилиб тинчитишди. Бечоралар, нима содир бўлганини тушунмай ҳам қолдилар, ҳатто. Кейин иккаласи ҳам ўз қуролларини қолдирган жойга қайтдилар.

Дилан уларни дурбин орқали кузатиб турганди.

― Мак билан Блэйнлар ишни уддалашди, ― деди у Панчо ва Биллиларни кузатаётган Хокинсга.

― Меникилар ҳам уддалашди, ― деди радист. ― Энди майорни кутамиз.

Бу пайтда Датч лагерь четига етиб олганди. Олдида орқа ғилдираклари иккита тўнка билан кўтарилган юк машинасининг мотори гуриллаб ишлаб турибди. Унинг айланаётган дискларидан бирига кийдирилган узун узатма тасма бамбук новга сув тортиб чиқараётган механик насосга уланган. Яқин орада бирорта исёнчи йўқ.

Юк машинасининг тўппа-тўғри ёқилғи тўлдирилган бочкалар томонга кетган нишабликда турганини кўрган Датчнинг миясига яшин тезлигида бир режа келди. Майор шошмасдан ва бамайлихотир машинага яқинлашди. Кутилганидек, ҳеч ким унга эътибор бергани йўқ. Минани машина кузовига қўйгач, пичоғи ёрдамида узатма тасмани бир зарб билан шартта узди.

― У нима қилмоқчи, ўзи? ― пўнғиллади Дилан, дурбиндан кўзини олмай. ― Эсини еган, шекилли?

Датч автоматини елкасига осиб олди, кейин чуқур нафас олди-да, машинанинг орқа бамперидан кўтарди. Табиийки, у кўтариб қўйилган иккала тўнка ҳам думалаб кетди. Бундан хавотирга тушган Дилан ўзича сўкиниб қўйди ҳам. Датч машинани қўйиб юборди-да, ўзини дарахт панасига отди. Юк машинаси эса қасир-қусур қилганча ёқилғи бочкалари томонга кета бошлади. Лагердагилардан кимдир қаттиқ бақириб юборди. Бир неча одам ўзини четга отди. Исёнчилардан бири машина кабинасига ирғиб чиқишга ҳам улгурди, ҳатто. Аммо машинани тўхтатишга жуда кеч бўлганди. У бориб бочкаларга урилди ва портлади. Исёнчилар лагери қандайдир оний лаҳзалар ичида гуриллаб ёнаётган жаҳаннамга айланди. Бочкалар бирин-кетин портламоқда. Кейин ўша атрофдаги ўқ-дори омбори портлаб, атрофидаги бир неча уйчалар кунпаякун бўлди.

Худди шу пайтда Датчнинг йигитлари лагерга уч томондан ҳужумга ўтдилар. Ҳаммаси, Блэйн кўтарган олти стволли пулемётининг тариллаши, Панчо отаётган автоматик гранатомётнинг «пунк-пунк»лаши, қўл гранаталарининг портлаши ва автоматларнинг қисқа-қисқа «сайраши» ҳамма-ҳаммаси бу даҳшатда бир-бирига қоришиб кетди. Бу орада исёнчилардан бир нечтаси ўқ уза-уза вертолётга қараб югурдилар. Учувчи двигателни ишга туширишга улгурди ҳам. Бироқ Панчонинг қуролидан отилган граната уларнинг қочиб қолишларига йўл қўймади.

Отишма қандай кутилмаганда бошланган бўлса, шундай тўсатдан тугади. Бироқ узоқ бурчакдаги пулемёт уясидан ҳамон бетўхтов отишмоқда.

Майор қисқа ҳуштак чалди.

― Панчо! Блэйн! Унини ўчиринглар! ― буйруқ берди у.

Панчо ва Блэйнлар топшириқни бажаришга киришаётганларида қолганлар иккинчи асирни топиш мақсадида омбор, уйчалар ва баракларни қараб чиқишга ошиқдилар.

…Мак яшил ҳарбий кийим кийган ва белидаги тўппонча қини бўм-бўш, қўллари боғланган қизни туртганча олдига солиб келганда Датч омборлардан бири олдидаги қум тўлдирилган халталар устида ўтирарди. У ҳайрон бўлиб ўтирмади ― исёнчилар орасида аёллар ҳам учрарди.

― Иккинчи асирниям… ― деди сержант. ― Америкалик экан. Аммо вертолётда ҳеч қандай вазир-пазир бўлмаган кўринади. Улар кўпроқ бизнинг ҳарбий маслаҳатчиларимизга ўхшайди. Бу ерда қандайдир йирик операция тайёрланаётгани аниқ. Менимча, омадимиз келди. Негаки, бундан ҳам даҳшатлироғига йўлиқишимиз мумкин эди.

― Хў-ўш, ― деди қаҳр билан чўзиб Датч. ― Дилан қаерда?

― Анави уйчада. Уларнинг штабига ўхшайди, қанақадир ҳужжатларни титкилаяпти… Майор, қизни нима қиламиз?

― Хокинс, шу ерда кутинглар! ― дея қичқирди нарироқдаги бараклар ёнида пайдо бўлган радистга. ― Қолганларни ҳам тўпла! Тезда бу ердан кетишимиз керак.

Датч уйчага кирганда Дилан баъзи ҳужжатларни кўздан кечираётганди.  Атроф бузилган қутиларга тўла, ерда эса қоғозлар, консервалару патронлар сочилиб ётарди.

― Падарига лаънат! Бу эмас экан! ― пўнғиллади у ва қўлидаги қоғозни отиб юборди. ― Шошмай туришсин, ҳали у ярамасларга кўрсатиб қўямиз. Насибаларини олишади ҳали…

Датч бир силтаб Диланни деворга қапиштирди.

― Мана, гап қаерда экан, ярамас! ― ўкирди у. ― Вазиру ёрдамчилари ҳақидаги гап ёлғон ва бизни чув туширдинг, шундайми? Ўз ифлос ишингни битириб олиш учун бизни чақиртирганмидинг ҳали?! Демак, вертолётдагилар МРБдаги оғайниларинг экан-да?!

― Бошқа иложим қолмаганди Датч. Шу лагерни топиб йўқ қилишимиз керак эди.

― Аммо нега бу иш учун, айнан, менинг гуруҳимни танладинг?

― Нега десанг, бошқа ҳеч ким бу ишнинг уддасидан чиқолмасди. Кейин буни олдиндан айтганимда ўзинг ҳам рози бўлмасдинг.

― Қизиқ, Харперга қандай чўпчак айтган экансан? Менга айтган чўпчагингними?

― Харпер билан бошқача бўлганди. Сендан фарқли ўлароқ, у иш учун бошини гўнгга тиқишдан қўрқмади, агар билсанг. Аммо унинг одамлари ғойиб бўлди. Кейин менга буюришдики…

― Улар ғойиб бўлишмаган, Дилан, ― деди жаҳл билан Холланд. ― Уларни нима қилишганини ўзинг кўрдинг-ку?! Ё эсингдан чиқдими?

― Ўша ярамаслар гуруҳни топишни менга буюришди, ― совуққонлик билан сўзига якун ясади Дилан.

― Шу сабабли бу ишга бизни рўпара қилдингми? ― аччиқланиб сўради Датч. ― Сени қандай жин чалди Лео?! Бир вақтлар сенга ишонса бўларди, энди эса…

― Энди эса мен уйғондим, Датч, ― унинг гапини бўлди Дилан. ― Сен ҳам уйғонсанг бўларди. Ана шунда ҳаммаси қандай бўлиши керагу ва аслида қандайлиги ўртасидаги фарқни кўрардинг. Мен топшириқни бажаришда сизлардан фойдаландим ва вазифани уддаладим ҳам.

― Йигитларга эса тупурдинг, шундайми? ― Датчнинг овози ҳорғин чиқди. Энди унинг гапида ғазаб эмас, балки кучли нафрат сезила бошлаганди. ― Бу менинг сен билан сўнгги бор ишлашим, шуни ҳамиша ёдингда тут, Дилан!

Датч билан Диланлар қолганларнинг ёнига келишганда Хокинс рациянинг антеннасини йиғиштираётган экан.

― Шу атрофда исёнчиларнинг бижғиб ётгани ҳақида бизни огоҳлантиришди, ― ахборот берди майорга. ― Биз томонга келишмоқда.

― Қанча вақтимиз бор?

― Улар биздан икки миляча масофада, демак, ярим соат…

― Яна шимолга қайтамиз, ― қарорини айтди Датч. ― Веролётга улгуришимиз керак, акс ҳолда бу ердан умуман кета олмаймиз.

― Уни нима қиламиз, майор? ― сўради Мак қўли боғланган асирага ишора қилиб.

― Қизни ўзимиз билан олиб кетамиз, ― аралашди Дилан. ― Бундай имкониятни қўлдан бой бера олмайман. Ҳойнаҳой, кўп нарсани билса ҳам керак.

― У биринчи имконият туғилиши биланоқ ўзиникиларга сигнал беради ва бизни тамом қилади, ― эътироз билдирди Блэйн.

Мак ҳам унинг гапини тасдиқлаб, бошини ирғади. Панчога бари бир экани сезилиб турарди. Хокинс, билмасам, қабилида елкасини қисди. Билли эса Датчнинг буйруғини кутарди.

― Бўпти, ― рози бўлди майор. ― Бироқ қиз сенинг юкинг, Дилан. Ортда қолиб кетсанг, ўзингдан кўр. Сени қидириб ёки кутиб ўтирмаймиз.

― Шимол томонга юрмаслик керак, ― деди шу пайтгача бир оғиз ҳам гапирмаган Билли.

Ҳиндунинг ҳеч қачон бекорга гапирмаслигини майор биларди. Шу боис ҳам Датч нега шимолга юриб бўлмаслиги ҳақида суриштириб ўтирмади. Билли шундай деяптими, демак, гапида жон бор. Майор харитани чиқарди-да, ўқ-дори қутиси устига ёйди.

― Билли, қара-чи, қайси томонга юрсак бўлади?

― Дара бўйлаб шарққа, ― деди харитага қиё ҳам боқмай Билли. ― Бу ердан чиқиб кетишнинг ягона йўли шу.

― У ҳолда вақтни йўқотмайлик. Панчо, олдинга. Гуруҳ бошида юрасан.

Дилан қизнинг елкасидан туртиб, Панчо ва Датчларнинг кетидан энди жўнамоқчи эди қум тўлдирилган халта устида ўтирган Мак чақириб қолди.

― Дилан!

Агент ўгиирилди ва саволомуз унга қаради.

― Бери кел, ― деди паст товушда. Дилан унинг ёнига борди.

― Нима дейсан? ― деди агент шубҳа билан.

Сержант маъноли қилиб унга чангалзорни кўрсатди. Дилан у кўрсатган томонга секин ўгирилди. Худди ўша пайт Маккуэйд ханжарини ярақлатиб, учини агентнинг елкасига қадади. Бир учиб тушган Дилан кескин ўгирилди. Мак эса жимгина ханжарини кўтарди. Унинг учида эса сал олдин агентнинг елкасида ўрмалаётган чаён типирчиларди.

― Миннатдорман, ― деди қуруқ қилиб у. Асабийлашганидан ёноғи учиб-учиб кетаётганди. Бир-икки йил олдин бунақа ҳазили учун Маккуэйд билан бошқача гаплашиб қўйган бўларди. Аммо ҳозир йигитларнинг бари унга шубҳа билан қарамоқда. Буни сезди, албатта. Олдинги дўстликдан асар ҳам қолмаган, айниқса, лагерга ҳужум қилишганидан, ҳаммаси алданганини билишганидан сўнг…

Маккуэйд Диландан кўзини узмай, чаённи силкиб қути устига туширди-да, босиб ўлдирди.

― Арзимайди, ― деди тишлари орасидан гапириб, сўнг бурилди-да, шошмасдан чангалзор ичида кўздан ғойиб бўлди.

― Ҳой, Билли! ― деди Хокинс ҳансираганча ҳиндуга етиб олиб. ― Манави латифани эшитгин-а…

Билли ҳозиргина эшитган латифасининг мағзини чақиб олиш учун бир муддат тўхтаб қолди. Кейин қаттиқ қаҳқаҳ урди. Хокинс эса дўстининг латифани тушунганидан хурсанд бўлиб, Датчга етиб олиш учун ғизиллади.

Билли эса кулишда давом этарди. Кейин унинг ортидан энди жўнамоқчи эди, нимадир уни тўхташга мажбур қилди. Яна ўша чангалзордан келаётган хавфни сезиш ҳисси. Бутун вужуди билан ҳис қилмоқда. Ҳатто, унинг қаердан келаётганини ҳам сезаётганди. Хавф қайсидир дарахтрнинг тиғиз шохлари орасида. Бироқ бирорта дарахт япроғи қимир этмасди. Билли қанча тикилмасин бари бир бирор шубҳали нарсани илғай олмади.

x x x

Зэт Тўққизинчи бўлажак қурбонларининг қандай қилиб қорамағиздан келганлар лагерини кунпаякун қилганини лоқайд кузатиб турди. Бир ҳисоб яхши бўлди, чунки бу жангни фазовий кема сардори ҳам кўрди. Энди бу еттовининг энг хавфли жонзотлар эканига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Яхши қуролланган, тажрибали ва бешафқат. Тўғри, бунда уларнинг нега ўзларига душман бўлган урғочисини тирик қолдиришгани тушунарсиз. Лекин бунинг зиғирчаям аҳамияти йўқ. Асосийси, энди у чангалзордан ўзига муносиб рақиблар қидириб юрмайди.

Нималардир ҳақида маслаҳатлашиб олишган аборигенлар йўлида давом этдилар. Зэт Тўққизинчи уларнинг суҳбатини хотира блокига ёзиб олиб, қисқа, хириллаган ва шипилдоқ товушлардан бирон нимани тушуниб олиш учун бир неча марта эшитиб ҳам кўрди.

Аборигенлар кетар-кетмас Зэт Тўққизинчи ерга тушди ва ҳалиям ёнаётган лагерь атрофида оҳисталик билан айлана бошлади. Босиб мажақланган чаённи қўлига олди ва совуқ бир қизиқиш билан томоша қила бошлади. Компьютер дарҳол ушбу газанда ҳақидаги маълумотларни берди. Зэт Тўққизинчи уни ҳалиям ўша совуққонлик билан тинглади, бироқ маълумотнинг: «…Маълум экстремал вазиятларда чаён думи учидаги заҳарли ниши билан ўзига ҳалокатли зарба беради…» деган қисми уни қизиқтириб қолди. Эсига дарров бунинг Ози юлдузлар флоти десантчилари қоидаларидан бирига ўхшаб кетиши келди ― жанговор топшириқни бажармаган десантчи, ўзини йўқ қилиши шарт…

Зэт Тўққизинчи зарда билан чаённи ерга отиб юборди ва бурилиб, бир сакрашда баланд дарахтга чиқиб олди. Ўзини қувват тизимининг ядровий ниши билан ўлдиришига тўғри келмайди. Сайёранинг бир айланиши даврида аборигенларни бир ёқли қилади.

Зэт Тўққизинчининг бунга ишончи комил. Аммо бу сайёрада синовдан ўтган саккиз десантчидан иккитаси қайтмаганиниям яхши билади. Улардан бири Зэт Тўртинчи бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда, денгиз устида бешта ҳарбий самолёт билан жангда ҳалок бўлган. У ҳаммасини тўғри бажарган экан. Навигация ва алоқа асбобларини ишдан чиқарган, кейин эса барча душман самолётларига ҳужум қилиб йўқ қилган. Ҳаммасини, биттадан ташқари, айнан, ўшаниси тўғридан-тўғри таранни амалга оширган… Зэт Тўртинчи ўзига келганда унинг капсуласи чуқур денгиз тубида эди. Фазовий кема сардоридан қисқагина буйруқ келган ва Зэт Тўртинчи ўзини капсула билан бирга портлатиб юборган… Аборигенлар ўшанда ҳеч нимани тушунишмаган ва ҳаммасига Бермуд учбурчаги сабаб, деган қарорга келишганди.

Ўзидан оғир фикрларни ҳайдаш учун Зэт Тўққизинчи аборигенлардан бири чиқарган «уха-уха-хаа»лаган товушни такрорлаб кўрди. Жуда ўхшаб чиқди… Компьютер эса бу товушларни аборигенлар томонидан қувончни, шунингдек, бошқа содда жонзотлардан ақлан устунлигини ифодалаш, дея таснифлади.

Яна мутлақо хотиржам ва ҳаракатларга тайёрлигига ишонч ҳосил қилгач, одатига кўра, нур отувчи замбаракни текшириб кўрди ва нимқоронғи чангалзорга қараб йўл олди.

x x x

Датчнинг гуруҳи тезлик билан шарқ томонга ҳаракатлана бошлади. Тўғри, ҳаракатланиш майор истаганчалик тез эмасди, албатта. Дилан ва асира қиз гуруҳга етишиб юра олмаётгандилар. Йўлда қиз бир марта қочишга уриниб кўрди ҳам. Бироқ боғланган қўллари билан узоққа бориб бўлармиди, бунинг устига Датчнинг йигитларини доғда қолдиришнинг сира иложи йўқ. Қизни тутиш учун Панчога бир неча сония етарли бўлди.

― Балки қизнинг бўйнига бўйинтириқ солиб қўлингга тутқазармиз? ― заҳарли пичинг қилди у ўпкасини қўлтиқлаб етиб келган Диланга.

У эса йигитга ўқрайиб қараб қўйди ва қизга ўгирилди.

― Яна бир марта шунақа қилсанг ― шартта ўлдираман-қўяман, ― дея унга таҳдид вишиллади. ― Қани, олдимга туш!

Икки соатлардан сўнг Датч нафасни ростлаб олиш ва атрофни кузатиш учун бир неча дақиқага тўхташ учун буйруқ берди.

Тўрт тараф юриб бўлмасдек туюладиган чангалзор. Биллининг уларни поёнсиз яшил лабиринтда ишонч билан бошлаб бораётганига ҳам ишониш қийин эди.

― Падарига лаънат, қалинлигини қара, ― пўнғиллади ўзича Мак.

Блэйн иккови қолганлардан сал четроққа ўтиришди. Пулемётчи брэнди солинган кичик идишни очди-да, бир қултум ичиб, сержантга узатди. У эса катта бир қултум ичиб, терлаб кетган пешонасини артди.

― Чангалзорларни кўп кўрганман, лекин бунақасини... ― дея у бошини чайқади.

― Ҳа, унинг олдида Камбожа ўрмонлари тап-тақир Канзас, десанг-чи?! ― деди Блэйн унинг гапини маъқуллаб.

Сержант брэндидан яна бир қултум ичиб, пулемётчига узатди.

― Биллининг бизни қандай бошлаб бораётганига сира тушунмаяпман. Олтмиш тўққизинчи йил эсингдами? Ўшанда бизни қолганлардан узиб қўйишганди. Чангалзорда сен билан роса уч кеча-кундуз тентираганимиз-чи?

― Аммо ўшанда қаёққа қараб юришни билардик, ― эътироз билдирди Блэйн. ― Бироқ бу ерда адашиб қолсанг, ўлдим, деявер.

― Турдик йигитлар, ― буйруқ берди Датч.

Ва яна бепоён, чек-чеки йўқ чангалзор қайтадан миляма-миля чўзилаётгандай бўлди.

Холланд шошарди. Чунки вертолётга улгуришлари керак. Бунинг учун катта масофани босиб ўтиш лозим. Бошқалардан фарқли ўлароқ, уям бу чангалзорда дурустгина мўлжал олаётганди. Лекин Билличалик эмас. Улгуришлари учун тахминан яна қанча вақт кетишини тасаввур қилаётганди. Бу кеча чангалзорда тунашга тўғри келишигаям шубҳаси қолмаган. Тўғри, Хокинс вақтни тузатиш масаласини базага узатди, албатта. Ўрмон исёнчиларга тўла ва улар билан исталган тўқнашув гуруҳнинг анчагина вақтини олиши мумкин.  Демак, шошилиш керак... Уни яна ҳамиша гуруҳни жуда тез бошлаб борадиган Биллининг негадир имиллаб, қандайдир ишончсизлик билан ҳаракатланаётгани хавотирга солмоқда. Дастлаб, майор Билли гуруҳнинг исёнчиларга йўлиқмаслигига интиляпти, деган фикрда эди. Бироқ тез орада унинг имиллашига биргина бу сабаб эмаслигини англади. Ҳар сонияда олазарак бўлиб, атрофга аланглайди. Бир неча дақиқадан сўнг тўхтаб, ҳаракатсиз туриб қолди. Гуруҳ эса ҳиндудан эллик метрлар берида унинг ишорасини кутиб тўхтади. Билли эса гўёки ҳаммасини унутган. Чангалзорга тикилганча, тош ҳайкалдай қимир этмасди. Датч унга секин ҳуштак чалди. Ҳинду қимир ҳам этмади, ҳатто. Майор муштини юқорига кўтарди, сўнг бармоқларини ёзди. Ўша ондаёқ гуруҳ ҳар ёққа тарқаб, жанговар ҳолатни эгаллади.

― Бугун Биллига бир гап бўлдими? ― сўради майор, ёнидан жой олган Маккуэйддан.

― Билмадим, майор. Эрталабдан бери жуда бошқача… ― ҳиндунинг ўзини бундай тутишидан унинг ҳам жаҳли чиқаётганди. ― Ниманидир сезган кўринади…

Датч ўрнидан турди ва автоматини жангга шай ҳолда тутиб, эҳтиёткорлик билан ҳиндунинг олдига келди. Ёнида туриб, унинг хавотири сабабини билиш учун у тикилаётган томонга қаради. Ҳеч нимани кўрмай, Биллига юзланди

― Билли… Билли! Бирон нима сездингми?

Ҳинду ўзига келгандек бошини Датч томонга бурди.

― Анави ёқда нимадир бор… ҳов, анави ерда… дарахтлар орасида…

Датч ҳам бутун диққатини жамлаб, яшил буталару япроқларга тикилди. Бироқ шубҳали бирон нимани сезгани йўқ.

― Ким билсин, менга шундай туюлаётгандир балки, майор, ― деди у. Лекин овозида ишончсизлик сезилди.

Гуруҳ жанговар ҳолатни эгаллаган жойдан бўғиқ инграш ва кескин қисқа-қисқа ҳуштак эшитилди. Билли билан Датчлар ҳам тезда гуруҳ ёнига қайтдилар. Уларнинг олдидан Дилан чиқди.

― Қўрқинчли жойи йўқ, ― тинчлантирмоқчи бўлди уларни. ― Асира яна қочмоқчи бўляпти. Юзимга ғўла билан тушириб, жарликка сакради. Йигитлар қувиб кетишди…

― Падарингга минг лаънат, Дилан! ― салкам ўкирди Датч. ― Бизга нуқул кўнгилсизлик келтиряпсан. Тезда қолганларга етиб олиш керак, қимирланглар! Энди бир-биримизни йўқотиб қўйишимиз қолувди!

Улар гуруҳга етиб олишганида рангида-ранг қолмаган қиз дарахтга суянганича ўтирарди. Юзи ва кийимлари қон. Унинг ёнида атрофга аланглаганча Мак, Блэйн, Билли ва Панчолар туришибди.

― Хокинс ғойиб бўлди! ― деди карахт ҳолда Панчо. ― У ҳаммадан олдин югуриб кетаётганди. Етиб келсак, фақат қиз ўтирибди.

Датч дарҳол вазиятга баҳо берди.

― Билли чапга, Мак, ўнгга, Панчо тўғрига! Мудофаа эгаллансин! Блэйн! Пулемётни жангга ҳозирла!

Бу пайтда Дилан қизга томон энгашди. Асира қаттиқ қалтирамоқда.

― Қон ўзиники эмас, ― деди у ва қизни елкасидан силкилади. ― Хокинс қани? Уни нима қилдинг?

Датч қизнинг ёнига чўккалади-да, юзидаги қонни ушлаб кўрди.

― Майор... ― деди ундан ўн қадамча наридаги буталар ёнида пайдо бўлган Панчо. Унинг ҳам рангида-ранг йўқ. ― Манавига... бир қаранг...

― Нима дейсан? Хокинс топилдими? ― унга ўгирилиб ҳам ўтирмай сўради Датч.

― Билмадим... ўзингиз бир қаранг...

Холланднинг аллақандай хунук ёмонликни сезгандек бутун бадани жимирлаб кетди.

Панчо уни мудофаа учун эгаллаган ўз позициясига бошлаб борди.

― Энди ётгандим, қарасам ерга қон тўкилган, ― деди ва майорга ўша томонни кўрсатди. Сал нарироқда Хокинснинг қуроли ва рацияси ётган экан.

― Буталар ортига ҳам бир қаранг, ― дея боши билан ўша томонни кўрсатди. Аммо ўзи жойидан ҳам жилмади.

Датч бутазорга яқинлашди ва автоматининг учи билан шохларни секин суриб қаради. Дастлаб, кўрган нарсасига тушунгани йўқ.

― Бу нима?..

― Ўйлашимча ― бу Хокинс, ― деди Панчо овози зўрға хириллаб чиқиб. ― Тўғрироғи, унинг қолган-қутгани.

― Хўш... ― ўзига кела бошлади майор. ― Қизнинг ёнига юр-чи!

Улар йигитларнинг ёнига қайтдилар. Қиз ҳамон ўша жойида ўтирибди. Дилан қанча уринмасин ундан бирон нимани билиб ололмади.

Қизнинг нимадандир қаттиқ қўрқиб кетгани аниқ.

Датч буни сира гапиргиси келмасаям, бари бир йигитларига Панчо топган нарса ҳақида қисқача сўзлаб берди.

― Қиздан сўраб кўр, бу ерда нима содир бўлган экан, ― буюрди у Панчога.

У саволни испанчада берди.

Қиз олдин бошини зўрға кўтарди. Кўзларида даҳшат ифодаси. Кейин қалтираган товушда жавоб берди. Уни эшитган Панчо ҳайрон бўлиб, қошларини чимирди-да:

― Айтишича, чангалзор тирилиб, уни олиб кетганмиш, ― таржима қилди у.

― Бўлмағур гап! ― портлади Дилан. ― У бутунлай бошқа нарсани назарда тутаётган бўлиши мумкин. Бу ғирт алаҳсирашнинг ўзи-ку?!

― Шунақа ақлли экансан, испанчани мендан ҳам яхши биларкансан, нега ўзинг сўрамайсан? ― деди тишланиб Панчо, кейин Датчга деди:

― Қизнинг айтган гапини сўзма-сўз таржима қилдим.

― Бу ишни исёнчилар қилгани аниқ! ― яна орага суқилди Дилан. ― Ярамаслар изимиздан келишаётганга ўхшайди.

― Жим, ― дея уларни тўхтатди майор, нимадир эсига тушгандай. ― Агар улар исёнчилар бўлса, нега унда рация ва қуролни олиб кетишмабди? Нега қиз улар билан қочмаган?

Ҳаммаси унга жим қараб қолишди.

― Харпер! ― хўрсинди тўсатдан Дилан.

― Нима?

― Улар Харпер ва унинг йигитларини нима қилишган бўлса, Хокинсни ҳам шундай қилишган.

Датчнинг кўзлари ёвуз қисилди.

― Ҳалқа ҳосил қилиб жойлашилсин? Хокинсни топиш керак! Уни эллик метр радиусдан қидирамиз! Кетдик!.

Ҳеч ким ҳеч нима демасдан ҳар ёққа тарқалди. Датчнинг ўзи эса Панчо Хокинснинг қуроли ва рациясини топган томонга йўл олди. Атай шундай қилди: ўзининг кўзи тушган нарсани қолганларининг кўришини истамади. Тўғри, йигитлар бу ҳаётда кўп нарсани кўришган. Бироқ Датч сафдошининг бундай ўлими бари бир йигитларга оғир таъсир қилишини яхши англарди. Ахир шунча йил бирга хизмат қилишган... Энди тириклар ҳақида ўйлаш керак. Хокинсни қидираётган Датчнинг миясига юқорига қараш келганида, уснинг баланд дарахтга оёғидан осиб қўйилганига кўзи тушарди...

...Пулемёти тепкисини босишга шай бўлиб кетиб бораётган Блэйн қалин шох-шаббалар орасида қандайдир ғимирлаган ҳаракатни илғади. Шартта тўхтаб, пулемётини ўша томонга тўғирлади

― Қани кела қолинглар, ― деди у секин ёвузона оҳангда. ― Келаверинглар, Блэйн сизларни кутяпти...

Қалин буталар орасидан кичкина жонивор пилдираб чиқиб келди. Асаблари фавқулодда таранглигидан сал бўлмаса тепкини босиб юборай деди. Бурундуқ унга ҳатто, эътибор ҳам бергани йўқ. Кейин Блэйн томонга ўрмалаб қолди.

У бош чайқади, аммо худди шу паллада бинафшаранг олов келиб жониворга тегди ва уни титиб юборди. Унинг қони ва парчалари Блэйнга сачради. Пулемётчи ички бир туйғу билан юзини буришга улгурди ҳарқалай. Аммо иккинчи бинафшаранг олов унга отилди... Блэйннинг улкан танаси ерга, япроқлар гилами устига гурсиллаб қулади...

Шу яқин атрофда бўлган Мак кимнингдир бўғиқ «инқ» этганини эшитиб, ўша ёққа югурди. Биринчи бўлиб кўргани ― дўсти ерда ётибди.  Атрофга аланглади ва кўзларига ишонмай қотиб қолди. Ундан йигирма қадамлар нарида улкан гавдаси ғира-шира кўринаётган бир нимани кўрди. Шарпа бир муддат ҳаракатсиз турди, кейин иккита яшил чироқ сингари кўзлари чақнаб-ўчди. Сўнг махлуқ ўзини чангалзорга урди.

Сержант қаттиқ чинқирганича махлуққа қарата бутун ўқдонини бўшатди. Сўнг автоматини ташлаб, Блэйннинг пулемётини олди ва бор овозда бақирганича ҳалиги махлуқ қочган томонга ўқ уза бошлади. Ўқ овозини эшитган гуруҳнинг қолган йигитлари ҳам тезда етиб келиб, сержант ўт очаётган томонга отишга тушиб кетдилар. Билли, Дилан, бир тиззасига таянган Датчлар ҳам ўт очмоқда. Панчонинг автоматик гранатомёти «пунк-пунк»лашга тушди... Асира Диланнинг оёқлари олдида ўтириб олиб, икки қўли билан қулоқларини бекитиб олганди.

Датч отишдан тўхтаб иккинчи ўқдонни жойлади. Кейин қуроли учини юқорига кўтариб, қолганларга ҳам ишора берди. Бирин-кетин қуроллар «сайрашдан» тўхтади. Биргина Мак отаётган пулемётнинг то ўқлари тугагунча уни ўчмади. Бунга эътибор ҳам қилмаган сержантнинг тепкини қўйиб юбориш эсига келмас, қуролнинг олтита стволи эса тинмай шувиллаб айланарди. Ниҳоят, ўзига келиб, тепкини қўйиб юборди. Стволлар ҳам айланишдан тўхтади. Атрофга жимлик чўкди. Автоматлар учидан эса ҳамон тутун чиқмоқда.

― Бу ерда нима бўлди ўзи? ― сўради Датч.

― Мен... мен уни кўрдим... ― деди сержант хириллаган товушда.

― Нимани? Нимани кўрдинг?

― Мен уни кўрдим... ― алаҳсирагандай гапирди Маккуэйд. ― Ҳа, уни кўрдим...

Ундаги асабийлашиш шу даражада кучли эдики, бирор тушунарли, жўяли гап айта олмасди. Майор Панчо билан Биллига бошини ирғади. Улар ўқлар ёмғири остида дабдаласи чиққан бутазор томонга йўл олдилар.

Датч олдида Дилан турган Блэйннинг жасадига яқинлашди. Дилан унинг улкан жароҳатини текшириб кўрди-да, деди:

― Бу катта ўқ ҳам, граната ҳам эмас. Унда? Падарига лаънат!

Датч ҳам жароҳатни кўздан кечирди. Ҳа, Дилан ҳақ. Катта ўқ ёки граната ҳам эмас...

― Мак!

Сержант буни эшитмадиям.

― Менга қара, Мак!

― Эшитаман, сэр, ― бошини у томонга бурди Маккуэйд. Унинг кўриниши жуда аянчли эди.

― Буни ким қилди, Мак? Сизларга ким ҳужум қилди ўзи?

― Билмайман... билмайман, сэр. Бир махлуқни кўрдим... ― аммо шу тобда кўрган шарпаси ҳақида гапириб беришга сўз тополмасди.

 Бу орада ўрмондан Билли ва Панчолар қайтдилар.

― Ҳеч нима топа олмадик, ― деди Панчо. ― На қон, на из ва на бирорта жасад топилмади. Отган ўқларимиз ҳеч нимага тегмаган...

Аллақандай тушуниб бўлмас совуқлик Холланднинг суяк-суягигача етиб борди. Балки Макнинг эси оғиб қолгану биз отган томонда аслида ҳеч ким бўлмагандир? Аммо кимдир ёки нимадир Блэйнни ўлдирибди-ку?! Яна шундай ўқлар ёмғири остида ҳам тирик қолган. Аслида бундай бўлмаслиги ҳатто, тентаккаям аён... Энди бу ердан иложи борича тезроқ қораларини ўчириш керак. Ҳатто, исёнчиларниям бутунлай унутган ҳолда. Жон-жаҳд билан. Номаълум душман ― бутун бошли армиядан ҳам хавфли.

― Дилан! Хокинснинг рациясини сен оласан! Ҳеч ким эҳтиёт бўлишни унутмасин! Панчо, Блэйнни адёлга ўра! Уни ўзимиз билан олиб кетамиз.

Панчо энди ишга киришаман, деб турганида уни Мак тўхтатди.

― Ўзим олиб кетаман, ― деди хириллаб. Датч ҳеч нима демади ва аллақачон дарахтлар орасида ғойиб ўлган Биллининг кетидан жўнади.

Аммо уларнинг бирортаси асира қиз сезган нарсани сезмади. Бир бутанинг кенг япроғида ўзидан сал ёруғлик чиқараётган оч яшил рангли қандайдир суюқликни кўриб қолди. Унинг қони ерликларникига ўхшамасди.

x x x

Биринчи Юлдуз десантчиси Зэт Тўққизинчи скафандрининг ҳимоя тизимини ўчирди ва бу сайёрага келганидан бери илк марта ўзида ишончсизликни ҳис қилди.

Бошида ҳаммаси у истагандек кетаётган эди. Етти аборигендан биттасини асира билан ўралашиб турганида тинчитиб, жасадини олиб кетишга муваффақ бўлди. У ҳатто, нима содир бўлганига ҳам тушунмай қолди. Ўша палла Зэт Тўққизинчига асира уни кўриб қолгандек туюлди. Бироқ бунга аҳамият бергани йўқ. Бекор қилган экан, мана, таъзирини еди… Иккинчисини тинчитганидан сўнг Зэт Тўққизинчи аборигеннинг жасади ёнига дарахтдан сакраб тушди ва кутилмаганда яна битта аборигенга дуч келди. Унинг, сўзсиз, Зэт Тўққизинчини кўргани аниқ. Бу шунчалик кутилмаганда содир бўлдики, у ҳатто, ҳимоя тизими ўчиб қолдимикан, деган ўйга борди ҳам. Авария блокини фаоллаштириш сонияларни талаб қиларди, албатта. Дубулғанинг эса ҳимоя тизими тўлақонли ишлаётганини маълум қилиб иккита индикатори ёниб-ўчди. Бироқ шунга қарамасдан, абориген уни кўрди. Бу вазиятда жангдан қочиш кераклигини тушунгани учун четга сакради. Бироқ унга қарата ўт оча бошладилар. Бир талай ўқнинг қарийб битта жойга келиб теккани боис ҳимоя тизимини улардан иккитаси тешиб ўтди ҳам. Хуллас, унинг ўнг оёғидан яраладилар. Зэт Тўққизинчи оғриққаям эътибор қилмай, яқиндаги баланд дарахтга томон сакради ва ерга тушмай, аборигенларнинг ўқ ёмғири остида қолган жойдан узоқлашди. Ортида эса тинмай ўқ овозлари, портлашлар эшитиларди. Яхшиям аборигенларнинг калласига дарахт учларига қарата отиш келмади. Ва у бундан фойдаланиб, хавфсиз жойга етиб олди…

Илгари бу сайёрада Ози десантчиларининг ҳимоя тизимини ҳеч ким енгил ўқотар қурол билан теша олган эмасди. Бундай ўқларнинг битта жойга кетма-кет тегавериши эҳтимоли жуда-жуда кам. Аммо ўша кам дейилаётган эҳтимолнинг келиб-келиб унга тўғри келганини қаранг! Зэт Учинчининг аҳволи уникидан ҳам баттар бўлган. Шу билан бироз бўлса-да, ўзини овутиши мумкин. Унинг ерга ташрифи аборигенларнинг тушуниб бўлмас ўзаро урушларида илк бор атом қуролидан фойдаланиши даврига тўғри келганди. Қисқаси, у иккита ана шундай портлашларнинг бирида йўқ бўлиб кетган. Мазкур ҳодисадан сўнг Ози флоти десантчиларининг ўқув базаси бошлиғи фазовий кемалар сардорларига десантчиларни доимий локал урушлар содир бўлиб турадиган маълум икки минтақа ўртасидаги квадратларга ташлашга буйруқ берди. Кутилмаганда дубулғада фазовий кема сардорининг: «Иккинчи хато ― сўнггиси бўлади!» деган овози янгради.

Зэт Тўққизинчи хабарни олганини тасдиқлади ва кейин жароҳатига эътибор қаратди.

У ҳақиқатан ҳам, кечириб бўлмайдиган хатога йўл қўйди ва бунда ўзини оқлаб ўтиргани ҳам йўқ. Тўғри, ҳимоя тизимини етарли даражада самарали эмас, дея баҳона қилиши мумкин эди. Лекин бу ғирт беъманиликдан ўзгаси эмас. У сардорнинг нима дейишини олдиндан биларди: «Барча ҳимоя тизимлари ва компьютерлар ― бу бор-йўғи жанговар кийимга қўшимча, холос. Топшириқнинг бажарилиши уларнинг соз ишлашига боғлиқ бўлмаслиги керак».

Зэт Тўққизинчи дезинфекцияловчи таркиб билан жароҳатига ишлов берди ва ёнбошига маҳкамланган ясси қути ичидан оёғига кирган иккита ўқни олиб ташлаш учун керакли жарроҳлик асбобини олди.

Энди, исталган, ҳатто, арзимас ноаниқлик ҳам топшириқнинг барбод бўлишига олиб келай деб турганида унинг имкониятлари ниҳоятда кам эди. Ё жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланиши ва бунда ўзига ажратилган вақтда топшириқни бажаришга улгурмай қолиб, топшириқни барбод қилиши, ё хавф-хатарга қарамай, тўғридан-тўғри юклатилган вазифани уддалашга киришиши керак. Зэт Тўққизинчи ўзида Ози десантчиларига хос совуқ бепарволикдан асар ҳам қолмаганини дарров тушунди. Йиртқичга ўхшаб ўзининг тирик қолиши учун жонзотларни овлашга маҳкум. Агар топшириқни бажара олмаса, ўзи ўлади. Худди чаёнга ўхшаб…

Бу фикр ярқ этиб миясига келганда Зэт Тўққизинчи титраб кетди. Тиғ ушлаб турган қўли жароҳатда нотўғри ҳаракат қилди ва у оғриқдан ўкириб юборди. Унинг йўғон гулдираган ўкириги қўрқинчли чангалзор бўйлаб янгради ва қуюқлашаётган қоронғиликка сингиб кетди.

x x x

Ҳали қош қораймай туриб Датч лагерь қуришга буйруқ берди.

Чангалзорнинг синчиклаб текширилган ҳудудига худди ургимчак тўри каби ингичка сигнал симларини тортиб чиққан сержант Маккуэйд буйруқнинг бажарилгани ҳақида ахборот бериш учун майорнинг ёнига келди.

― Раҳмат, сержант! ― деди Датч. Аммо Маккуэйдни қўллаш учун ҳозир бирорта сўз топа олмаётганди. Блэйннинг ўлимидан сўнг қандайдир мунғайиб, ҳатто, қариб қолгандек кўринарди. ― Мак… у ажойиб аскар эди…

Сержант унга қайғу ва азобларга тўла кўзларини қадаганда, Датч нима қиларини билмай қолди.

― У менинг дўстим эди, сэр, ― деди оҳиста Мак ва қулаган дарахтда ўтирган шериклари томон одимлади.

Дилан антеннани ёйиб, база билан алоқа ўрнатишга улгурди.

― Альфа-бир! Альфа-бир! Дельта-олти гапиряпти! Қайтараман, зудликда вертолёт жўнатинг! Координатларини бераман… Сўровни тасдиқланг! Қабул!

Датч Панчонинг ёнидаги тошга ҳорғин чўкди. У базадан қандай жавоб беришларини тахминан тасаввур қиларди ва адашмади…

― Дельта-олти, Дельта-олти! Альфа-бир гапиряпти! Вертолёт жўнатишнинг имкони йўқ. Жуда хавфли ҳудуд. Тўпланиш жойи эскиси. Ҳаракатланишда давом этинг. Кейинги радиоалоқа тўққизу ўттизда. Мени тушундингизми? Қабул!

― Альфа-бир! Мен Дельта-олтиман! Сизни тушундим! Алоқа тугади! ― юзидан қутуриб кетгани сезилиб Дилан.

― Сен нимани кутгандинг! ― совук қилиб сўради Датч. ― Биз, ишимизни битирдик ва энди ҳеч кимга керак эмасмиз.

― Ҳечқиси йўқ, қайтганимиздан сўнг мен улар билан гаплашиб қўяман, ― қовоғини солиб ваъда берди Дилан.

― Қўйсанг-чи, ― қўл силтади у. ― Вертолётгача етиб олсак бўлгани, қолганини кўрамиз.

― Вертолётнинг нима нафи тегарди, ― қовоғини уйиб Панчо. ― Агар ҳаммаси шу тақлид давом этса, вертолёт билан қўшиб уриб туширишлари аниқ…

― Балки базагача пиёда кетмоқчидирсан? ― тишланиб жавоб қайтарди Дилан, антеннани йиғиштираётиб.

― Фарқи нима, ― мазахомуз тиржайди Панчо. ― Улар бари бир бизни шундоқ қўйиб юборишмайди.

― Улар? Уларинг ким? ― Дилан кескин Маккуэйд томонга бурилди. ― Сержант! Бизга ким ҳужум қилди?

― Билмайман, ― секин жавоб берди у. ― Ниманидир кўргандай бўлдим… жуда катта гавдали… ниқобланган кийимда… шарпага ҳам ўхшайди… У бир жойда турганди, кейин ғойиб бўлди-қолди… Унинг кўзлари…

― Нима? ― Дилан унинг сўзларидан жилла қурса бирон нимани тушуниб олишга уриниб.

― Унинг кўзлари бир ёниб-ўчди… кейин ўзи ғойиб бўлди, ― Мак нигоҳини Холландга қаратди. ― Мен бир нарсани аниқ биламан, майор.  Ўқдонимдаги барча ўқларни унга отдим. Бирорта тирик жон бундан омон қолмаслиги керак.

― Бўпти, ҳамма ухласин. Мак биринчи бўлиб навбатчилик қиласан, кейин сени Панчо алмаштиради.

Аммо Дилан суҳбатга якун ясамоқчи эмасди.

― Панчо! ― чақирди у. ― Қиздан яна бир марта Хокинсга нима бўлганини сўра.

Панчо қиз билан испанчалаб бир-икки оғиз гаплашди-да, қўлини силтади.

― Қиз яна ўша: «Чангалзор тирилиб ― уни олиб кетди» деган гапини қайтаряпти, ― кейин қуролини жангга шай тутганча чеккароқда турган ҳиндуга қараб деди:

― Билли! Кўриб турибман, ниманидир биладиганга ўхшайсан! У нима ўзи?

Ҳинду эса у томонга секин бошини бурди.

― Қўрқаяпман, Панчо.

Датчнинг ичидан зил кетди. Шу пайтгача Билли бирор марта «қўрқаяпман» демаган. Ҳинду нафақат фавқулодда жасур эди, балки хавф-хатардан лаззат оларди, ҳамиша жангда ўлишни исташини айтарди.

― Қўйсанг-чи, ― кулишга ҳаракат қилди Панчо. Бироқ овози қалтираб чиқди. ― Сен ҳаётингда ҳеч кимдан қўрққан эмассан!

― Анави ёқда нимадир бизни пойлаб турибди, ― унинг овозидан лоқайдлик сезиларди. ― Лекин у инсон зотидан эмас.

Кейин жим қолди, қовоғини уйган ҳолда дарахтлар томонга қараб қўйди ва қўшимча қилди:

― У ҳаммамизни бир ёқлик қилади.

― Бутунлай эсингни еб қўйибсан! ― ўшқирди Дилан. ― У ёқда бор-йўғи изимиздан келаётган бир нечта исёнчилар бор, холос... Датч! Ҳеч бўлмаса сен бир нима десанг-чи!

― Ўчирсанг бўларди, Лео, ― вазминлик билан деди Датч. ― Ҳеч нимани тушунмаяпсан. У ёқда нима бўлишидан қатъи назар у Харпернинг гуруҳи бошига етган, энди эса бизни овламоқда.

Худди шу пайти унинг гапларини тасдиқлагандек чангалзор узра йўғон ўкирик эшитилди...

x x x

Тим қора тропик осмонда Ой нур сочиб турар, енгил шабадада шитирлаётган дарахтларни ёритиб турарди.

Автоматини тиззасига қўйиб олган Мак дўстининг адёлга ўралган жасади ёнида. Брэнди солинган ясси идишчани олиб, бир қултум ичди. Кейин унинг қопқоғини секин бураб ёпди-да, дўстининг боши тагига қўйди.

― Мана, Блэйн, яна шу ердамиз. Сен ва мен, ― паст товушда гапира бошлади сержант. ― Ўша Ой ва ўша чангалзор. Ҳаммаси бир вақтлар Вьетнамда бўлганидек. Эсингдами?.. Ўттиз икки кишилик бутун взвод ҳалок бўлиб, фақат иккимиз тирик қолгандик. Фақат иккимиз... Бус-бутун эдик, бирор жойимиз тирналмаганди, ҳатто... ― Маккуэйднинг кўкрагидан оғир нола чиқди. ― Чангалзорга яна қайтмаслигимиз керак эди Блэйн.

Ойга маъюс тикилганча жим қолди.

― Сени бу кўйга ким солганини кўрдим. Онт ичаман, уни ернинг тагидан бўлсаям топаман! ― сержант очилиб қолган адёлнинг четини беихтиёр тўғирлаб қўйди. Кейин бирдан сергакланди. Автоматини кўтарди. Бирин-кетин иккита кумушранг сигнал ракетаси отилганда у зўр бериб япроқларнинг шитирлашига қулоқ тутаётганди. Кимдир уларнинг ҳудудига кирмоқчи!

Мак ирғиб ўрнидан турди ва шу ондаёқ сержун бир бало унга ташланди...

Сигнал ракеталарининг унча кучли бўлмаган «тарс-тарс» этиб отилган овозидан бутун гуруҳ уйғониб кетди. Худди олдиндан келишиб олгандек, олишув шовқини, бўғиқ зарбалар ва чинқириш овозлари эшитилаётган жарликка қараб югурдилар.

— Мак!

— Билли, чапроқ!

— Падарига лаънат ҳеч нима кўринмаяпти!

— Қўлчироқни ёқсанг-чи!

Мак тинчитган жонзот оддий тўнғиз экан.

― Ийя, чўчқани ўлдирибсан-ку! ― енгил тин олиб Панчо. ― Бошқа каттароғини тополмабсан-да?!

Дилан қаттиқ кулиб юборди. Ҳатто, Датч ҳам ўзини жилмайишдан тия олмади.

― Э, бор, тошингни тер! ― жуда қўпол жавоб қайтарди Мак.

― Майли, бўп туради, ― деди Датч. Кейин ҳалиям ҳиринглаётган Диландан сўради:

― Асира қани?

Ўша ондаёқ агентнинг юзидан жилмайиш йўқолди.

― Падарига лаънат! ― дея ортига югурди. Биллидан бошқа ҳаммаси унинг кетидан чопиб қолишди. Асира уни қолдириб кетишган жойида экан. Қиз дарахт тагида букчайганча қўллари билан юзини тўсиб олган.

― Нега қочиб кетмабди? ― ҳайрон бўлиб сўради Дилан унинг қаршисига чўккалаб.

― Унга бир қара, қўрқувдан юраги ёрилай деб турибди, ― деди Панчо.

Асира ҳақиқатан ҳам қаттиқ қўрққан ва қўрқув тўла кўзлари билан уларга олазарак бўлиб қарарди.

― Майор! Яхшиси, буёққа қаранг! ― Биллининг овозини эшитди Холланд.

Ҳинду Блэйннинг жасади ўралган адёл ёнида турарди. Жасад эса ғойиб бўлибди.

― Бирорта тузоқ иш бермади, ― пўнғиллади Панчо. ― Шундоққина бурнимиз тагидан олиб кетишди-я?!

Билли бошини кўтариб, нимадир демоқчи эди-ю, аммо Макнинг юзига қараб, индамай қўя қолди.

x x x

Эрталаб Датчнинг буйруғи билан Билли ва Панчолар лагерь ҳудудини диққат билан текшириб чиқдилар.

― Бирорта из йўқ, ― ахборот берди Билли. ― Фақат анави тўнғизникини ҳисобга олмаганда.

― Тўнғизни қўя тур! ― аччиқланди Панчо. ― Биллининг танасини кимдир олиб кетди, ҳам дейлик. У ҳолда нега бизларга тегмади?

― У бизларни битта-битта тинчитмоқчи, ― деди Билли паст товушда, худди ўзи сезмасдан овоз чиқариб фикрлаётгандай. ― Таналарни эса ўзи билан олиб кетади.

― У? ― қайта сўради Панчо. ― «У» деганинг ким?

― Билмадим, лекин ҳеч бир инсон Блэйннинг танасини бирорта из қолдирмай олиб кета олмасди, ― деди Билли тушкун кайфиятда.

Ҳиндунинг сўнгги сўзларини эшитган Датч тепага, дарахтларнинг қалин шохлари ва япроқларига назарини қаратди. Билли ҳам дастлаб, унинг юзига тикилди, кейин ўзи ҳам юқорига қаради.

― Ўша нарса нима бўлсаям дарахтларда ҳаракатлана олади, ― деди нима учундир шивирлаб. Сўнг кескин бурилди-да, асира томонга юрди.

Бир ҳаракат билан қизни жойидан турғазди. Сўнг уни бир-икки силкилаб, ўзига қаратди.

― Кеча нима кўрганингни айт! ― деди унга инглизчалаб.

― Қўйсанг-чи, Датч. Бекорга вақтингни кетказганинг қолади, ― тўнғиллади Дилан рацияни йиғиштираётиб.

Датч бу гапга эътибор ҳам қилмай, қизнинг кўзларига қаттиқ тикилди. Бир оз каловланиб қолган қиз инглизчалаб деди:

― Унинг нималигини билмайман.

Дилан бир тупурди-да, сўкиниб қўйди. Барчаси бирор сўзни эшитмай қолишдан хавотирга тушиб, унинг атрофига яқинлашдилар.

― У худди буқаламунга ўхшаб рангини ўзгартира олади. Чангалзордан келиб, яна ўша ёққа кетади...

― Бундан чиқди Блэйн билан Хокинсни қандайдир калтакесак бир ёқлик қилган экан-да?! ― портлади Дилан. ― Бўлмаган гап! Шу атрофда бир нечта исёнчи айланиб юрган бўлиши керак. Бу уларнинг иши экани шундоғам аён-ку?!

Датч биргина нигоҳи билан унинг чакагини ўчирди ва яна қизга қаради.

― Исминг нима?

― Ана.

― Менга қара, Ана, ― ўйчан деди Датч ва унинг қўлида ханжари ярақлаб кетди. ― Ўша махлуқ бизни овлаяпти. Ҳаммамизни овлаяпти, тушуняпсанми?

Асира ҳеч нима демай бош ирғади. Икки кўзи ханжарда. Датч бир ҳаракат билан унинг қўли боғланган ипни кесиб юборди.

― Эсингни едингми? ― қағиллади Дилан. ― Бу нима қилганинг?

― Менга ҳар бир одам керак, ― тушунтирди Датч.

― Бироқ биз ҳозир йўлга тушамиз. Қиз яна қочишга уринади-ку?!

― Биз ҳеч қаёққа кетмаймиз, ― деди майор қовоғини солиб.

Дилан ҳеч нима тушунмай унга анграйганча қараб қолди.

― Аммо ҳали яна ўн беш миляча йўл босишимиз керак! Ё вертолёт бизни кутиб ўтиради, деб ўйлаяпсанми?

― Биз ҳеч қаёққа кетмаймиз. Йўқса, вертолётга ҳеч қайсимиз тирик етиб бора олмаймиз.

Бунга қандай жавоб беришни билмай қолган Дилан бошини чайқади. Панчо ҳам Датчга қараб қолганди.

― Мен яна битта гапни айтмадим ҳали, ― кутилмаганда тилга кирди Ана. ― Катта одам ўлдирилганда уни кимдир яралаган кўринади. Ўша ердаги бута япроғига яшил тусли қон сачраган экан.

― Шунақа де? ― Датчнинг кўзида умид учқуни пайдо бўлди. ― Агар уни ярадор қилиб бўлса, демак, ўлдириш ҳам мумкин.

x x x

Сўнгги икки соат қаттиқ ишлаб, легарь атрофини миналаштирдилар. Бир нечта тузоқ-ўра ковлашиб, унга ҳам мина қўйишди. Дарахтлар орасига худди ўргимчак тўрига ўхшатиб ингичка симлар тортилди ва учларига гранаталар боғланди. Лианалардан тузоқ-тўр ясадилар. Бехосдан, енгилгина тутиб турувчи тиргагига тегиниб кетилса ҳам у ишлаб кетиб, юқорига кўтарилар ва оғзи тугилиб қоларди. Бунинг учун ёш ва эгилувчан дарахтларни арқон билан эгиш керак. Эгишда бутун гуруҳ жон-жаҳди билан арқонни тортди.

Панчонинг маслаҳати билан ердан олти фут баландликда арқон тортиб, унга катта ва оғир ғўлани боғладилар. Энди ердаги арқонга салгина тегиб кетилса, ғўла очиқ майдонча бўйлаб катта ҳалинчак сингари шувиллаб ўтиб кетарди. Очиқ жойлардаги тузоқларнинг барчаси ниқобланиб, сезилмайдиган қилиб ташланган. Дарвоқе, ўша жойдан бошқа ҳамма ер миналаштирилган эди.

― Нега энди у айнан, шу ерда пайдо бўлади, деб ўйлаяпсан? ― майордан шивирлаб Дилан, гуруҳ аъзоларининг ҳаммаси ўз жойини эгаллагач.

― Нега десанг, бу ягона миналаштирилмаган жой, ― қисқа қилиб деди у. Агентга тушинтиришга вақт сарфлаб ўтиришнинг мавриди эмас, деб ўйларди. Дилан бунинг бари исёнчиларнинг иши, деб ўйлаяпти. Майли, ўйлайверсин.

...Бўлажак жангни кутиш қаттиқ толиқтирадиган иш. Душманнинг кимлиги ва қаердалигини билмаслик эса дард устига чипқон. Барча сезгилар жуда қаттиқ зўриқа бошлайди. Бор-йўғи ҳали тасаввурдаги рақибга ўқ узиб юбориш ҳам ҳеч гап эмас. Бу эса унга бекинган жойни билдириб қуйиш ва ўзини зарба остида қолдириш дегани. Ҳатто, профессионаллар ҳам бундай кутишни ёқтиришмайди. Бир-икки марта Билли ва Панчолар автоматларини силкиб, тепкини босиб юборай дейишди. Аммо вақтида ўзларини тўхтатиб қолдилар. Мак эса одатига кўра, хавфсиз устарада ияги ва чаккасини қиртишлай бошлади. Ташқи  кўринишидан жуда хотиржамдай. Аммо сал туриб устара дастасининг қирс этиб сингани эшитилди. Бу товушдан Биллидан бошқа ҳаммаси бир сесканиб тушди. Мак эса бошини хиёл қимирлатиб узр сўраган бўлди ва чаккасидаги қонни артди.

Яна асабни қақшатадиган ва эговлайдиган кутиш бошланди...

― Кичкиналигимда, ― кутилмаганда гап бошлади Ана. ― Ўрмондан бир одамнинг жасадини топиб олгандик. Унинг аҳволини кўриб, ҳатто, ёши катта аёллар ҳам даҳшатга тушишганди...

У жимиб қолди ва мазах қилишмасмикан, дея америкаликларга бир-бир қаради. Бироқ улар кўзларини қуроллари учидан олмай, мутлақо жиддий тинглашаётганди. Шундан сўнг қиз гапида давом этди:

― Иблис фақат йил жуда иссиқ келганда пайдо бўлади. Бу йил ҳам жуда иссиқ, ― қиз бирдан лабини тишлади. Кейин иккилангандек, қўшиб қўйди:

― Ўша Иблисни бизда «Одам овлайдиган» дейишади. Айтишларича, у одамларнинг бош чаноқларини ўлжа сифатида олиб кетаркан.

― Бу чўпчагингни бошқа жойда айт, ― аччиқланиб унинг гапини бўлди Дилан. ― Иблис эмиш! Бу исёнчиларнинг иши. Кейин Датч уларни қўйган пистирмангга тўғридан-тўғри етаклаб келолмайсан ҳам.

Холланд унга қовоғини солиб қаради ва шартта ўрнидан турди.

― Нима қилмоқчисан? ― кетидан товуш берди Дилан. ― Датч! Ортингга қайт!

Холланд эҳтиёткорлик билан юриб, тузоқлар қўйилган очиқ майдоннинг ўртасигача борди. Кейин тўхтаб, энгашганча атрофга синчиклаб қарай бошлади. Автоматининг учи юқорига қаратилган, гўёки қуроли ҳам дарахтларнинг қалин ўсган шохлари ва зич япроқлари орасидан нишонни қидирмоқда.

Датч бир дақиқача шундай туриб қолди, қолганларга эса бу бир асрдек бўлиб туюлди гўё. Кейин автоматини туширди ва ортига қайтишга чоғланди. Шунда тузоқ-тўрлардан бири ишлаб кетиб бир уюм япроғи билан юқорига кўтарилди. Қолган ҳодисалар эса довул тезлигида содир бўлди. Датч ўзини таппа ерга ташлаб, қуролини ишга солди. Кейин Билли ва Макнинг автоматлари «сайрай» бошладилар. Кетидан бунга Панчо ва Диланларники қўшилди. Тузоқ-тўрдан йўғон ва даҳшатли ўкирик эшитилиб, бинафшаранг оловлар очиқ майдоннинг ҳар тарафига отила бошлади. Чор атрофни бўғиқ портлаш овозлари тутиб кетди. Ана шу бўғиқ портлашлардан бири йўғон ва катта ғўла боғланган арқонни узиб юборди. У бутун очиқ майдонча бўйлаб шувиллаб учиб ўтди. Датч ғўлага чап беришга улгурди, бироқ жойидан туриб очиқ эндигина майдончага чиққан Панчо хавфни жуда кеч сезиб қолди.  Ғўла зарбидан у бир неча метр наридаги буталар орасига кириб кетди. Бинафша ранг олов Диланнинг қўлидаги автоматни тушириб юборди ва ўзини ҳам бир неча сонияга карахтлаб қўйди.

Тузоқ-тўр кескин таранглашди. Датч, Мак ва Диланларнинг оғзи очилиб қолди. Негаки жуда катта ва жимирлаб кўринадиган шаффофсимон шарпа ундан қутулиб, яқин орадаги баланд дарахтга сакради ва унга осилиб олди. Кейин унинг шаффофсимон жимирлаб кўринаётган бутун танаси бўйлаб бинафшаранг милтилловчи учқунлар липиллади. Ҳайратдан донг қотган гуруҳ кўз ўнгида йиртқичнинг даҳшатли кўриниши намоён бўлди. Тангачасифат зирҳга ўралган, улкан гавдали, одамсимон йиртқични кўрдилар... Уни яхшилаб кўриб олишга улгурмасларидан яна кўринмас бўлиб қолди. У атрофдаги шохлар ва япроқлар манзарасига уйғунлашиб кетганди. Бироқ у дарахтдан бунисига сакраб узоқлашаётган жимирлаб кўринувчи танасини илғашни йигитлар бари бир тушуниб олдилар.

Қони қайнаб турган Мак унинг кетидан югурди.

― Ана энди ўлдим деявер, ярамас! Кунинг битди сен аблаҳнинг!

― Мак! Қайт! ― кетидан қичқирди Датч. Аммо сержант уни эшитгани ҳам йўқ. Майор унинг кетидан қараб қолди, холос. Кейин кескин Биллига қаради-да, деди:

― Билли! Ҳаммани йиғиб, вертолёт бизни олиб кетиши керак бўлган жойга бошла. Мен Макни топиб, кетларингдан етиб оламан.

― Шошма, Датч! ― деди Дилан. ― Макнинг кетидан мен ўзим бораман.

― Тушунмадим? ― ҳайратланди майор. ― Ишлов бериб бўлинган хомашёни қутқариш сенинг қоидаларингга тўғри келмасди-ку?!

― Буни кел, сенинг жиннилигинг менга ҳам юқди, дея қоламиз, ― ишшайди Дилан. ― Тезда бу ердан йигитларингни олиб кет.

― Лео, ― деди майор кучли қўлини унинг елкасига қўйиб. ― Бу жангда юта олмаслигинг мумкин.

― Ҳеч бўлмаса, дуранг қилишга ҳаракат қилиб кўраман, ― деди паст овозда Дилан.

Худди видолашаётгандек бир-бирига бир оз тикилиб қолдилар. Кейин Датч унга ҳалок бўлган Хокинснинг автоматини отди. Лео уни ҳавода тутиб олди ва миннатдорман, дегандек, жилмайиб қўйди. Мана, уни яна тан оляптилар. Яна улардан бирига айланди. Майли, озгина муддатга бўлсаям...

― Ўша жин ургур вертолётни тўхтатиб тур, Датч. Базагача пиёда кетмай тағин, ― дея Холландга қичқирди у. Сўнг Макнинг кетидан югуриб кетди.

Бир пас уни кетидан кузатиб турди-да, кейин гуруҳ ёнига қайтди. Ерда инграб ётган Панчога Билли ва Аналар энгашиб ёрдам беришмоқда.

― Унга нима бўпти? ― секин сўради майор ҳиндудан.

― Аҳволи жуда оғир, майор, ― бунисиям секин гапирди. ― Афтидан, ҳамма қовурғалари синганга қўхшайди.

Бироқ Панчо бу суҳбатни эшитди.

― Мен юра оламан, ― деди оғриқдан иҳраб, лабларини тишлаганча. ― Юра оламан!

― Яхши, Панчо, ― деди майор ва унга ўрнидан туришга кўмаклашди. ― Билли! Рацияни унутма! Қолган буюмларни шу ерда қолдирамиз! Кетдик!

x x x

Дилан дастлаб, сержант кетган томонга югураётганди. Кейин адашиб қолмаслик учун тўхтади ва атрофга аланглади. Жилла қурса бирорта из топилар. Тўрт томони жангалзор. Дарахтлар шу даражада тиғиз ўсганки, фақат тепага, қуёшга қараб мўлжал олиш мумкин эди. Бир оз иккиланиб турди-да, яна эски йўлидан кета бошлади. Адашмаган экан. Юз қадамлар юргач, Мак ташлаб кетган захира ўқдонлар солинадиган нимчага дуч келди. Тўхтаб яна атрофга аланглай бошлади. Сезиб турибди, Мак шу яқин атрофда. Демак, махлуқ ҳам шу яқин орада бўлиши керак. Хокинснинг автоматини елкасига осиб олди. Ўзиники қўлида.

― Лео, ― дарахтлар орасидан кимдир шивирлаб чақирди. ― Бу ёққа!

Дилан ўзини қайси томондан чақиришганини билолмай қолди. Лекин эҳтиёткорликни ҳам унутмай, ҳаракатланишда давом этди.

― Бу ёққа! ― яна ўша шивирлаш эшитилди.

Бу сафар Мак уни бир неча қадам наридаги йўғон пальма дарахти шохлари орқасидан чақираётгандай туюлди. Вақтни йўқотмай, ўша пальма дарахти орасига шўнғиди. Бироқ у ерда сержант йўқ эди.

Дилан ҳайрон бўлиб қошларини энди чимира бошлаганда Маккуэйднинг катта қора қўли унинг оғзини бекитиб, ўша пальма ортидаги қулаган дарахт кавагига тортиб кетди. Сержант Диланнинг ўзи пайдо бўлганига ҳайрон бўлгани йўқ. Унинг оғзини ҳамон қўйиб юбормай иккинчи қўли билан елкаси оша бир баланд дарахт тепасини кўрсатди.

― Уни кўряпман, ― деди шивирлаб у, кейин қўлини Диланнинг оғзидан олди. ― Ҳов анави ерда, Лео... Падарига лаънатни кўряпсанми?

Дилан у кўрсатган тарафга қанчалик тикилиб қарамасин, ҳеч нимани кўра олмади. Кейин сержантга савол назари билан боқди.

― Гапимга ишонавер, у ўша ерда, ― деди Мак. ― Энг баланд дарахтни кўряпсаним? Ўнг томонидаги йўғон шохида.

Агент яна ўша томонга тикилиб қаради. Катта дарахтнинг йўғон шохида улкан ғира-шира шарпага кўзи тушди.

― Кўряпман… ― чуқур нафас олди у. ― Энди мен ҳам уни кўряпман.

Дилан унга бир муддат қараб турди-да, кейин сержантга ўгирилди.

― Менга қара, Мак, сен шу ерда пойлаб тур. Мен эса унинг орқа томонига ўтаман. Кейин унга икки ёқдан ҳужум қиламиз, тушундингми?

Сержант бош ирғади.

― Тушундим, Лео. Бу сафар уни қўлдан чиқармаслигимиз керак. У билан шахсий ҳисоб-китобим бор, ― деди қаҳр билан шивирлаб.

― Битта сенинг эмас, Мак...

Дилан сержантнинг елкасига қўлини қўйди. Сўнг тезда бутазор ичида кўздан ғойиб бўлди.

x x x

Дилан қарийб, мўлжалига етай деб қолди. Аммо қандайдир бир ички сезни уни тўхтатди. Эҳтиёт бўлиб қуроли учи билан шохларни суриб қаради ва қотиб қолди... Дарахтда ҳалиги махлуқ йўқ эди.

Бир муддат туриб қолди. Кейин гўёки қўққисдан уйғониб, Макни қолдириб келган жойга югурди. Кеч қолганини англарди ва бу ўй уни янада тезроқ югуришга ундарди. Ўша пальма ёнидаги очиқ майдонга чиққач, тўхтади. Кейин эҳтиёт бўлиб Мак бекинган  ўша дарахтга яқинлаша бошлади.

Маккуэйд Дилан қолдириб кетган жойда очиқ кўзларини осмонга тикканча чалқанча ётарди. Кўкрагида худди Блэйнникидек катта жароҳат.

― Мак, ― унинг товуши аллақандай бошқача чиқди. У жароҳатдан кўзларини уза олмасди. ― Мак...

Худди шу онда бўғиқ гупиллаш ва япроқларнинг шитирлаши уни ўгирилишга мажбур этди. Чангалзорнинг ғира-ширасида қандайдир жимирлаб кўринадиган улкан шарпа унга томон шиддат билан яқинлашмоқда эди. Автоматини тўғирлаш учун ярим сониячаям вақт кетгани йўқ. Аммо бу ўзига жуда узоқ вақтдек туюлди. Худди шу тобда унга бинафшаранг олов отилиб, Диланнинг автомат тутган ўнг қўлини тирсаги юқорисидан узиб ташлади. У жуда қаттиқ, даҳшатли тарзда қичқириб юборди. Нима қилаётганини ўзи ҳам англамай, чап қўли билан елкасига осиб қўйган Хокинснинг автоматини олди. Ундан бир талай ўқ узилди ҳам. Кейин қандайдир номаълум куч уни ердан азот кўтарди... Сўнг чангалзорни даҳшатли чинқириқ тутиб кетди.

x x x

Панчони елкалаб олган Датч нафас ростлаш ва гуруҳни орқа томондан қўриқлаб келаётган Биллини кутиб туриш учун тўхтатди. Бу танаффусдан фойдаланган Ана ерга ўтириб олди.

― Йигитларингиз ўша Иблисни тўхтата олишмайди, ― деди қиз умидсиз оҳангда.

Датч индамади ва бу орада етиб келган Билли томонга ўгирилди.

― Нима гап Билли?

― Билмадим, ― хўмрайганча жавоб берди у. ― Жуда кўп шовқин соляпсизлар. Фақат сизларнигина эшитяпман.

Аллақачоноқ ўзида бу ердан тирик чиқиб кетишларига бўлган умиднинг сўнганини, худди ҳақиқий жангчилар каби ўлимни муносиб қарши олишни истаётганини эса майорга айтгиси келмади.

― Юришда давом этиш керак, ― тўнғиллади у паст товушда.

Датч унга бошини ирғади ва яна Панчони елкасига олмоқчи бўлди.

― Ўзим юра оламан, ― деди у хириллаб.

― Аммо олдин сени кўприкдан ўтказиб қўйсин, у ёғига ўзинг юраверасан, ― эътироз билдирди унга Ана.

― Кўприк? Бу ерда кўприқ ҳам борми? ― ҳайрон бўлиб сўради Датч.

― Бу шунчаки, дарё устида кўндаланг ётган дарахт танаси, холос, ― тушунтирди қиз.

Ананинг ёрдами билан Датч Панчони кўприк устидан эҳтиёт бўлиб кўтариб дарёнинг нариги қирғоғига олиб ўтди. Кейин кўприкнинг ўртасига етган Биллига қаради. У тўхтаб қолди.

Майор уни энди чақирмоқчи бўлиб турганида чангалзордан инсоннинг қаттиқ чинқиргани эшитилди... Панчо Датчнинг елкасига маҳкамроқ ёпишди. Қўрқувдан ва оғриқдан кўзлари олайиб кетганди.

― Бу нима? ― инграниб сўради у.

― Бу Диланнинг овози... ― шивирлади Датч. ― Қичқирган у эди. Тўхтамаслик керак, юринглар, кетдик, Билли!

Аммо ҳинду уни эшитмасди. Бир неча сония қимир этмай турди. Кейин қатъий ҳаракат қилиб, қуролини дарёга ташлади.

― Билли! ― яна уни чақирди майор. Аммо унинг бу ердан бир қадам ҳам жилмаслигини тушуна бошлаганди.

― Кетдик, кетдик! ― дея майор ва Панчоларни шошира бошлади Ана.

Улар қизнинг кетидан ўзларини бутазорга уришди. Датчнинг елкасидан ушлаб олган Панчонинг ўзи ҳаракатланмоқда эди.

Бу орада Билли нимчасиниям ечиб, дарёга ташлади. Кейин мечетега ўхшаш катта ханжарини чиқарди Юзи бутунлай лоқайд эди. Бир қўлида узун ва катта ханжарини маҳкам тутганча йиртқични кутмоқда. Иккинчи қўлида эса ҳамиша кўкрагига осиб юрадиган тумори.

Қалин дарахтлар орасидан кўприкка сакраб тушган улкан ва жирканч махлуқни кўрганда ҳам юз ифодаси ўзгармади. Ҳозир унинг учун биргина нарса муҳим ― йиртқичнинг ўлжасига айланиб эмас, балки у билан жанг қилиб ўлиш.

Ҳиндунинг жанговар ҳайқириғини келгиндининг йўғон товушдаги ўкириши босиб кетди...

x x x

Датч, Ана ва Панчолар ҳиндунинг жанговар ҳайқириғи ва уларни таъқиб қилаётган Иблиснинг қаттиқ ўкириши эшитилганда кўприкдан эндигина чорак миляча масофага узоқлашишганди. Даҳшатга тушиб бир-бирига қараб олдилар.

― Вертолёт келадиган нуқтага яқин қолди, ― деди Датч. Аммо овози хириллаб ва нотабиий чиқди. ― Уч миляча, ундан кўп эмас.

― Мен билан узоққа кета олмайсизлар, ― деди Панчо. ― Мен қолиб, уни ушлаб туришга ҳаракат қиламан...

― Бўлмағур гапингни қўй, ― ғазабланиб деди Датч. ― Сени ҳеч қачон ташлаб кетмайман, тушундингми? Кетдик!

― Гранатомётини менга бера қолинг... ― деди Ана. ― Юришингиз осон бўлади.

― Яна нима... ― Панчо уни энди жерикиб бермоқчи бўлганди Датч унинг гапини бўлди:

― Сен яхшиси, қуролга тегма, Ана. Иблис Хокинсни ўлдирганида қуролинг бўлмагани учун сенга тегмаган.

Шунга қарамай, у автоматини бир қўлига олди. Автомат унинг кучли қўлида енгил ўйинчоқдек эди гўё. Иккинчи қўли билан елкасига таяниб олган Панчога кўмаклаша бошлади.

Иблис уларга етиб олгунга қадар қочаётганлар яна ярим миляча масофани босиб ўтдилар. Датч ҳам Панчо ҳам хавфни бир вақтнинг ўзида сезишди ва қуролларини шайлашди.

Чангалзорнинг тиғиз дарахт япроқлари орасидан учиб келган бинафшаранг олов Панчога тегди ва у жонсиз гурсиллаб қулади. Ҳатто, бақиришга ҳам улгурмади, жимгина ерга юзтубан йиқилди. Ана унинг гранатомётини олмоқчи бўлганди Датч уни оёғи билан тепиб қўлидан тушириб юборди. Кейин дарахтлар орасидан жимирлаб кўринганча ҳаракатланаётган шарпага автоматидан қаторасига ўқ узди.

Навбатдаги бинафшаранг олов уни ерга йиқитгунча майор асирага «қоч!» дейишга улгурди. Аммо омади бор экан. Олов унинг қуролига тегиб, елкасини енгил куйдирганча четга учиб кетди.

― Қоч! ― яна қизга бақирди у. ― Вертолётни топ! Мен ярамасни чалғитиб тураман.

Қалин бутазор ёнигача эмаклаб борди-да, йиртқич қизнинг эмас, балки ўзнинг ортидан қувишига ишонганча тура солиб қочишга тушди. Тойиб кетиб жарликка қулагунга қадар у дўстларини ўлдирган махлуқни лаънатлаганча қаёққа кетаётганига ҳам парво қилмай, югураверди. Ҳавода бир неча марта айланган Датч шалоплаб тезоқар дарё сувига тушди. Эндигина бошини сувдан чиқарган эди, кучли оқим уни айлантириб пастга томон суриб кета бошлади. Датч қирғоққа чиқиб олиш учун оқим билан қандай қаттиқ курашганини ғира-шира эслайди. Кейин уни оқим жуда баланд шаршарадан пастга улоқтирди... Яна озгина нафас олиш ва тирик қолиш учун қаттиқ кураш...

Лойли қирғоқ ёнида тинч оқаётган сувда ўзига келди. Бутун кучини тўплаб, сувдан нари кетишга уринди. Кейин юмшоқ лойга юзини босганча қийналиб кетган ва қаттиқ оғриқлар исканжасидаги танасига дам бера бошлади. Ҳозир туриб, яна ҳаракатланиш кераклиги ҳақида майорнинг ўйлагиси ҳам келмасди. Бир неча дақиқа қимир этмай ётди ҳам.

Аммо узоқ ҳузурлана олмади. Кутилмаганда унинг яқинидаги сув биқирлаб, у ердан худди милоддан олдинги махлуқлар каби йиртқич бошини кўтарди. Датч титраб кетди ва бошини кўтарди. Туришга уриниб кўрди, аммо эплолмади. Ўзини ўзи сақлаш инстинкти ва ирода кучи, тезоқар дарё четга чиқариб ташлаган айқаш-уйқаш дарахтлар орасида бекинишга бўлган кучсиз умид уни эмаклашга мажбур қилди. Бундан бошқасига кучи ҳам қолмаганди. Майор энг яқин дарахтгача етиб борди ва чалқанчасига ётиб олди. Сувдан чиқиб келаётган йиртқичдан кўзини олмай ёнидаги сўнгги гранатасини пайпаслаб қўйди...

Жимирлаб кўринаётган ярим шаффоф гавдаси бўйлаб кўкиш бинафшаранг учқунлар милтиллай бошлади ва саноқли лаҳзаларда Датчдан ўн қадамлар нарида ўзга сайёраликнинг даҳшатли танаси намоён бўлди. Унинг ўзга сайёралик эканига майорда шубҳа ҳам қолмаганди. Ўзга сайёраликни кузата туриб, қандайдир сонияларга ҳамма нарсани унутди. Гумоноидлардан фарқ қилмас экан. Фақат улардан анча катта ва оғир. Бўйи икки ярим метрдан кам эмас, ўзича фикрлади Датч, вазни ҳам чорак тоннача келаркан... Оғир дубулғасида кўзлар учун иккита энсиз тешиги бор. Елкасида боши қаёққа ўгирилса ўша томонга буриладиган бинафшаранг олов отадиган калта қувурга ўхшаш замбарак. Катта беш бармоқли қўлларидаги тирноқлари узун-узун экан...

Кузатишга жуда берилиб кетган Датч йиртқичнинг ўзини кўрмаётганига дарров тушунмади. У эса чор атрофга қараб, етиб олай деган ва қаёққадир ғойиб бўлган ўлжасини қидирмоқда эди. Дубулғасидаги энсиз тешиклари бир сония унга томон қараб қолди ҳам. Датч шунда бутун вужуди билан йиртқичнинг оғир нигоҳини ҳис этди. Беихтиёр кичрайган майор гранатани қўлида маҳкам сиқди, аммо ўзга сайёралик негадир уни сезмасди. Қирғоқ четида нимадир унинг эътиборини тортди ва ўша ондаёқ унинг елкасидаги замбараги қуриб қолган айқаш-уйқаш дарахтлар томонга бинафшаранг олов отди. Майорнинг устидан бир талай иссиқ учқунлар ёғилди, бироқ у қимир ҳам етгани йўқ...

Қундузга ўхшаган бир жонивор қирғоқ тепасига қараб қоча бошлади. Ўзга сайёралик унга қараб қолди, лекин бошқа отгани йўқ. Уни бутунлай бошқа ўлжа қизиқтирмоқда. Яна бир дақиқача атрофга аланглаб турди-да, кейин бурилиб, тошдан-тошга сакраганча чангалзорда кўздан ғойиб бўлди.

Датч енгил тин олди ва оҳиста ўрнидан турди. Айнан, нима ҳаётини сақлаб қолганини аниқламоқчи бўлди. Дарвоқе, бунга катта ақл ҳам керак эмасди. Бутун танаси ёпишқоқ лой билан қопланган ва айнан, у ўзга сайёраликка уни кўринмайдиган қилиб қўйганини англади. Датч бу ғалати ҳолатнинг икир-чикири борасида ўйлаб ҳам ўтирмади. Ана энди ўзга сайёралик билан деярли тенгма-тенг кураш олиб бориши мумкин. Иккови ҳам бир-бири учун кўринмас бўладилар. Лекин шу лаҳзадан бошлаб Датч овчига айланади. Вертолётни қидириш унинг эсига ҳам келгани йўқ. Хокинс, Блэйн, Мак, Дилан, Билли, Панчолар шу ерда ҳалок бўлишди. Эндигина улар учун ўч олиш имконияти пайдо бўлганда ўз жонини ўйлаб, кетиш ― хоиннинг иши. Унинг ўрнидаям йигитларининг бирортаси кетмаган бўларди... Энди эса... энди эса битта ўзи қолди... Майорнинг кўкрагидан бўғиқ инграш отилиб чиқди. Битта ўзи! Уларнинг сардори, падарига лаънат!..

У ҳаётда жангда барча аскарлари ҳалок бўлиб, битта ўзи тирик қолган офицерларни ҳам кўрган. Датч бундайлардан нафратланарди ва барча аскарлари ҳалок бўлиб, биргина ўзи тирик қолганларнинг офицер деб номланишига ҳаққи йўқ деб ҳисобларди... Энди эса ўзи шу кўйга тушиб ўтирибди. Ҳалок бўлганлар эса оддий аскарлар эмасди, балки ҳақиқий профессионаллар эди. Унинг қалин дўстлари эди...

Датч ёмон ўйларни миясидан қувиш учун бошини қаттиқ силкитиб олди ва яшириниб ҳам ўтирмай ўзга сайёралик кетган томонга йўл олди.

x x x

Тепасида улкан дарахт ўсган тор қоя кавагини топиши учун бир соатларча вақти кетди. Датч арофни узоқ ва синчиклаб кузатди, тузоқ учун бундан қулай жой бўлмаса керак. Бир харсангга ўтириб, қолган қуролларини кўздан кечирди. Лимон-граната, ханжар, яна иккита граната, бир қути гугурт ва бир ўрам ингичка сим. Бори шу…

Чуқур хўрсиниб олган майор ўрнидан туриб ишга киришди.

Қоя ўртасига қуриган тўнкани қўйиб, унга бир томони йўниб ўткирланган ўнтача қозиқни учини пастга қаратиб махкамлади. Лианалар билан ўралган тўнка кавак четларида омонатгина қилиб қўйилган. Лиананинг бўш томонини тортишнинг ўзи кифоя эди ва осонгина кавакка тушиб кетарди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. Баланд дарахт шохидан ошириб ташланган лиана ёрдамида Датч баланд жойга оғириги икки юз фунтдан кам бўлмаган тўнкани тортиб, кўтариб қўйди. Уни тепада тутиб турувчи лиананинг икки учи табиий кавак тубидаги йўғон шохга боғланган. Унга тегиб кетилса, тўнка кавакка қуларди.

У қандайдир маъюс завқ билан ишларди. Ғалабасига ишонмаганидан эмас, балки Диланнинг бу ўйинда ҳисобни дуранг қилиш умидида экани ҳақидаги гапини эслаб. Йигитлардан бирортасига бу насиб этмади. Энди унинг навбати...

Кичик гулханнинг хира ёруғида ярим соатча куймаланган Датч ўзига яхшигина бир камон ясаб олди. Таранг тортилган тизимча учун ингичка металл симни ишлатди. Новдалардан бир неча пайкон йўниб олиш эса жўнгина иш бўлиб унга қийинчилик туғдиргани йўқ. У бир-икки марта ундан дарахт танасига қарата отиб ҳам кўрди. Ёмон чиқмабди, ҳарқалай. Гранаталарнинг иккитасини иккита пайкон учига ўрнатди, биттасини эса қўлбола найза ясаб, учига маҳкамлади. Лимон-гранатани бўйнига осиб олди: сўнгги чора сифатида.

Билли ўлимини қарши олган кўприкка тушди ва Датч махлуқни айнан, шу ерда кутиб олишга қарор қилди. Сувга яқин жойга майор бир талай шох-шабба келтирди.

Энди душманни кутиб олишга шай. Жарли қирғоққа чиқиб олиб, Датч унинг четида худди куч тўплаётгандай чуқур нафас олиб, бир неча сония жим туриб қолди. Кейин гугурт чўпини тошга уриб, олдиндан қуриган дарахт новдаларидан тайёрлаб олган машъаласини ёқди. Сўнг машъалани боши узра баланд кўтариб, иложи борича ўпкасига кўпроқ ҳаво тўплади. Тунги чангалзорни америкалик денгиз пиёдаларининг жанговор ҳайқириғи тутиб кетди. Бу янгроқ аск-садо билан ҳар томондан қайта-қайта эшитилди. Ўша пайтда Датчга ҳалок бўлган дўстлари бу жанговар ҳайқириққа қўшилишгандай туюлди ҳам... У тишини-тишига қўйди ва машъалани пастдаги тайёрлаб қўйган шох-шаббалар устига ташлади. Пастда улкан гулхан ловуллаб ёна бошлади.

x x x

Биринчи Юлдуз десантчиси Зэт Тўққизинчи бошини кескин овоз келган томонга бурди. Тунги чангалзор узра янграган бу ёввойи бақиришнинг маъносини жуда яхши тушунди, албатта. Ундан қочиб қутулган абориген уни яккама-якка жангга чорламоқда! Аммо бир муддат олдин у фазовий кема сардоридан ўзини ўзи йўқ қилишга буйруқ олди... У синовдан ўта олмади. Одатда бундай буйруқни олган десантчи дарҳол буйруқни бажаришга киришарди, аммо Зэт Тўққизинчи негадир буни амалга оширини чўзмоқда. Бошқа пайт бўлганда ўйлаб ҳам ўтирмасдан чорловни дарҳол қабул қилган бўларди. Бироз чўзгани аборигендан қўрққани учун эмас, йўқ. Шунчаки энди бу унинг шахсий жанги эди. Буйруқни бажаради, албатта. Бироқ сўнгги ўлжасини тинчитгандан сўнг.

Шу боис носозлик пайдо бўлганини маълум қилган Зэт Тўққизинчи фазовий кема сардори билан алоқани узиб қўйди ва ҳимоя тизимини фаоллаштирди. Бу унинг, натижа қандай бўлишидан қатъи назар, сўнгги жанги бўлади...

Зэт Тўққизинчи қаддини ростлади, юлдузли осмонга қаради. Кейин дим тропик оқшом қаърини ёриб, ҳалок бўлган Биллининг қаҳқаҳи янгради.

x x x

Баланд дарахт илдизлари орасига биқиниб олган Датч Биллининг қаҳқаҳлаган овозини эшитганида бутун вужуди музлаб кетди. Эсига дарров Биллининг ўлгани тушган майор бу ҳинду эмаслигини тушунди. Ўзга сайёралик махлуқ унинг чорловини қабул қилди ва ҳадемай, бу ерга етиб келади...

Датч дарахтга янаям маҳкамроқ ёпишганча, бутун вужуди қулоққа айланиб кутмоқда.

Шох-шабалар кўприк вазифасини ўтайдиган ғўлани яхши ёритганча ловуллаб ёнмоқда.

― Қани, келавер, махлуқ, кела қолсанг-чи!.. Нега бунча чўзасан?.. Мени ўлдиргинг келяпти-ку, ахир!.. ― эшитилар-эшитилмас шивирлади майор ва бирдан жимиб қолди.

Унга шундоқ яқинда, орқа тарафида нимадир ҳаракатланмоқда. Датч жимирлаб кўринувчи махлуқнинг ўзидан ўнгда, икки метрлар нарида тўхтаганини кўриб, қотди. Ўзга сайёралик, афтидан, майорни кўрмаётганди. Бироқ исталган сонияда унга тўқнаш келиши мумкин. Бир муддат қулоқ тутгандай жойида қотиб турган махлуқ иккиланганча кўприкка қараб ҳаракатланишда давом этди.

Датч осилиб турган лиана илдизини секин тутди ва унга осилиб, овоз чиқармай нариги қирғоқ четидаги қалин бутага ўтиб олди. Бу ердан унга кўприк устида тўхтаган ўзга сайёраликнинг гулхан ёруғида жимирлаб турган ярим шаффоф гавдаси яхшироқ кўринарди. Майор елкасидан камонини олди ва унга учига оғир портлатувчи модда жойланган пайконни солди. Нафасини тўхтатиб, бир сония мўлжалга олди ва камонни отди. Портлашдан ўзга сайёралик кўринмай қолди, бироқ йўғон ириллашдан қаттиқ чинқиришга ўтган овоз пайконнинг мўлжалга текканини билдирарди. Портлаш унинг ҳимоя тизимини ишдан чиқарганди ва майор унинг улкан гавдасини энди аниқ-тиниқ кўраётган эди. Худди шу пайтдан унинг елкасидаги замбаракдан бинафшаранг олов бирин-кети отила бошлади. Ҳамма ёқ чангалзорга даҳшатли довул ёпирилгандек бўлиб кетди гўё. Датчнинг атрофида дарахтлар қарсиллаб синар, юқоридан устига шох-шабалар ва учқунлар тушарди. Оловлардан бири унинг шундоққина яқинида портлади. Бута ўша ондаёқ аланга ичида қолди. Қандайдир кўринмас куч эса майорни четга улоқтириб юборди. Кейин у яқин орадаги харсанг ортигача емаклаб борди ва ўша ерда бошини қўллари билан бекитганча портлашларнинг тўхташини кутиб турди. Ҳаммаёқ тинчигандан сўнггина Датч бошини кўтариб, тош ортидан атрофга аланглади. Ой нурида ҳаммаёқдан кўтарилаётган оқ тутунлар ва ҳалиям ёнаётган буталар кўринмоқда.

Кўприкда ҳеч ким йўқ. Ўзга сайёралик қаергадир биқиниб олган ёки шу атрофда уни қидираётган бўлса керак. Бироқ Датчнинг бошқа йўли қолмаган. Негаки тузоқ нариги қирғоқда, учига граната боғланган найзаси ҳам тошлар орасига бекитиб қўйилганди.

Ҳамма ёқни яна бир-бир кўздан кечирган майор кўприк бўйлаб югуриб ўта бошлади. Улкан гавдали ва жирканч ўзга сайёралик махлуқнинг яқин дарахтдан тош устига сакраганда у кўприкнинг ўртасига етиб қолганди... Датч тезда ҳаракат қилиб, ғўла-кўприк остидаги лианаларга осилиб олди. Оғир гавдали махлуқнинг оёқ товушлари чангалзор ичида эшитилмай қолгунига қадар унга бир аср вақт ўтгандай бўлди. Танасига суриб олган лой ҳалиям ўзга сайёраликка кўринмасликни таминлаётганди.

Нариги қирғоққа ўтиб олган Холланд яшириб қўйган жойидан учига граната боғланган калтароқ дастали найзасини олди ва яна кўприк томонга қайтди. Жарликка бекинган ҳолда кичикроқ тош олиб, нариги қирғоқдаги бута қоплаган қоя томонга отди. Тушган тошнинг овози тўхтамасдан туриб, ўттиз метрлар ўнгроқдаги дарахтдан ўзга сайёраликнинг замбараги отилди. Бинафшаранг оловлардан бири Датч турган жарлик яқинига келиб тушди. У ўзини четга ташлаб бир ўмбалоқ ошди-да, бор кучи билан найзани улоқтирди. Бўғиқ портлаш ва унинг алангасида оғриқдан ўкириб, ғужанак бўлган махлуқнинг гавдаси яққол кўринди. Бу сафар майор уни чиндан ҳам ярадор қила олганди.

... Худди суюқ фосфорга ўхшаган яшил тусли қон Датчни дарё яқиндаги ғорга томон бошлади. Ғор яқинида эса яшил кўлмак ўзидан нур таратиб турарди. Қўли билан ушлаб кўрди ва унинг қўлидан ҳам нур чиқа бошлади.

― Демак, яраланибсан, ― шивирлади йиртқичларга хос ваҳшилик билан. Кейин ерга сачраган қон бўйлаб эҳтиёткорлик билан ғор томон юрди. Ўн қадамча ҳам юрмаганди ва олдинда Ой нури тушиб турган жой кумушранг бўлиб кўринди. Датч жойида қотиб қолди. Ғорнинг нариги томони очиқ экан! Ички бир сезги билан ўзга сайёраликнинг ортида эканини сезди. Датч йиртқичнинг тузоғига тушганини англаб, музлаб кетди. Олдинга, чиқиш жойига қараб югурсинми? Бироқ махлуқ уни сезиб қолади ва бундай масофадан бемалол теккиза олади ҳам. Ёки сезмасмикан? Қимирламаса, ўзга сайёраликнинг Датчни кўрмаслигини аниқ биларди. Агар бу махлуқни йўқ қилишига ишончи комил бўлганида иккиланиб ҳам ўтирмай, уни ўзи билан қўшиб портлатиб юборарди...

Бошини хиёл бурган майор кўз қири билан ғорнинг кириш жойини тўсиб турган махлуқнинг улкан танасини кўрди. Майор қатъий қарорга келганди. Гранатанинг сақлагичини суғуриб олди ва унинг ерга тўп этиб тушиши махлуқни бир лаҳзага чалғитиши, портлашга қолган сонияларда ғордан чиқиб олишига умид қилган ҳолда ортига ирғитиб юборди. Қарийб буни уддалади ҳам. Замбарак отилганда у ғордан чиқиб олганди. Худди шу пайтда граната қулоқни қоматга келтирганча портлади. Портлаш тўлқини майорни унча чуқур бўлмаган дарё қўлтиғига учириб юборди. Сув тагида иложи борича кўпроқ қолишга интилган Датч ўн метрлар сузиб, саёз жойда сувдан бошини чиқарди. Энтикиб нафас олганча бир учи қирғоқда бўлган ҳўл ғўлани маҳкам қучоқлади. Баданига сурилган лойнинг ювилиб кетгани энди эсига тушганида улкан, узун тирноқли қўл ғиппа бўғзидан олди... 

x x x

Ози юлдузлар флотининг собиқ десантчиси Зэт Тўққизинчи уни силтаб азот кўтарди-да, бир муддат унга совуқ тикилиб қолди. Бу аборигенларнинг ҳаммасидан ҳам йирикроғи экан. Демак, энг хавфлиси ҳам. Балки бу миттигина сайёрадаги энг хавфлисидир. Начора, у билан олишиш янада кўнгилли кечади.

Аборигенни четга отиб юбориб, Зэт Тўққизинчи бир неча қадам нари кетди. Жароҳатланган оёғини сал судраб босмоқда. Олдин энди керак бўлмай қолган елкасидаги нур отувчи замбаракни ечди. Сўнг дубулғасидан қувват тизими қувурчаларини ажратди ва икки қўли билан авайлаб уни ечди. Илк бор сайёранинг ноодатий намчил ва кўнгилни айнитадиган ҳавосидан нафас олди…

x x x

Датч елкаси билан  дарахтга суянганча ўзга сайёраликнинг дубулғасини ечишига қараб турди. Майор исталган турқни кўришга тайёр эди: шохлару ҳатто, чўчқа башарани ҳам. Бироқ бу ўзга сайёраликнинг турқидан ҳайратга тушди.

Биронта тук ўсмаган кирчимол пушти боши деярли тўртбурчаксимон эди. Тишларга тўлиб кетган лабсиз оғзини икки томондан иккитадан, тўртта қайқи тиш бекитиб турарди. Йиртқич улар ёрдамида оғзига томон хўракни тиқса керак... Жуда чуқур жойлашган ёвуз боқувчи кўзлари қоронғиликда ҳам қизғиш тусда милтиллаб кўринаркан.

― Падарингга лаънат! Намунча бадбашарасан?.. ― беихтиёр оғзидан чиқди Датчнинг.

Махлуқ унга тишларини кўрсатди ва жангга чорловчи ўкирик майорнинг қулоғини битирай деди. У ўзга сайёраликнинг нима қилмоқчилигини дарров англади ва анграйиб қолди. Бундай  махлуқ билан қўлда жанг қилиш, танкка муштлар билан ҳамла қилгандай гап.

Йўғон бир ходани олиб, бор кучи билан йиртқичнинг тошига туширди.

У бамайлихотир бир қўли билан зарбани қайтарди. Хода пайраҳаларга бўлиниб кетди.

Кўкрагига тушган кучли зарба уни бир неча метр нарига учириб юборишидан олдин Датчниг миясига «Тамом бўлдим» деган фикр ярқ этиб келди.

Нафаси қайтган ва энтикиб-энтикиб нафас олаётган майор қирғоқ четидаги томирга ёпишиб, юқорига чиқиб олди. Аммо чиқаётганида кўз қири билан ортидан яқинлашиб қолган махлуқни сезиб, кескин ортига бурила туриб унинг қўрқинчли тумшуғига зарба берди. Махлуқ бир пишқириб қўйди ва қўлини ҳам силтамай, Датчнинг жағига қисқагина зарба берди. Майор бир ўмбалоқ ошиб тушди. Бироқ яна оёққа туриб олди. Лекин навбатдаги зарба уни ерга қулатди. Ўзга сайёралик унга битта-битта, оғир ва дош бериш қийин бўлган зарбалар берар ва майорнинг яна оёққа туриб олишини сабр қилиб кутиб турарди. Тургач, яна уриб ерга қулатарди. Ҳар бир зарба, ҳар бир қадам уларни Датч тузоқ қўйган тош кавакка яқинлаштирмоқда эди. Унинг кўз олди қоронғилашиб, ҳаммаси айқаш-уйқаш кўринарди. Бироқ у ҳамиша охиригача курашадиган ва сўнгги нафасигача жанг қила оладиганлар тоифасидан эди. Ҳозир ҳам таслим бўлишни хаёлига келтиргани йўқ. Сўнгги нафасигача жанг қилади энди. Яна ўн қадамлар бор, шунга туриб бериши керак. Бироқ у оёққа туролмай қолди. Ўзининг кучсизлигидан қони кўпирган майор ириллаб юборди ва тишини-тишига қўйиб эмаклашга тушди. Ўзга сайёралик махлуқ эса шошмасдан унинг изидан келарди. У ҳам энди барига нуқта қўйишнинг фурсати етди, деб ўйлади, шекилли, билагидаги чақмоқни эслатувчи иккиталик темир пичоқни «шиққ» этиб чиқарди.

Датч бутун кучини тўплаб эмакламоқда. Бир неча сониядан сўнг эса ўзи тузоқ қўйган кавакка судралиб кириб олди. Сал бўлмаса, баланд дарахтга осиб қўйилган тўнкага боғланган лиана тиргагига тегиб кетай деди. Таранг турган лианани енгилгига ушлаб кўрган майор ўгирилиб олди ва йиртқичнинг тузоққа тушишини кута бошлади. У эса негадир шошмасди. Дастлаб, кавакка кирмоқчи бўлди, бироқ унинг тепасидаги ғўлани кўриб, тўхтаб қолди.

― Ҳа-а, нега тўхтаб қолдинг, ярамас? Нимани кутяпсан?! ― хириллади Датч. ― Мен бу ёқдаман! Қани, кела қол... нега тўхтаб қолдинг? Қани, бўл!

У махлуқнинг эҳтиёт бўлиб шохлар билан бекитилган учи ўткир қозиқлар маҳкамланган ғўлани очганини кўриб жимиб қолди. Кейин у кавакни тепадан айланиб ўтди-да, бошқа томондан кела бошлади ва яна ҳалок бўлган Биллининг қаҳқаҳи эшитилди.

Бутун бадани совуқ терга тушган Датч яқинлашаётган махлуққа жим қараб турарди. Кейин кутилмаганда баланд дарахтга осиб қўйилган оғир тўнка боғланган лиана тиргагини товони билан тепиб юборди. Тўнка эса ўзга сайёраикни босиб тушди...

Датч қояга суянди ва кўзларини юмди. Бу олишувда ғалаба қозонганига ҳалиям ишонмасди. Бу олишувда Хокинс, Блэйн, Мак, Билли, Панчо ва Диланлар ҳалок бўлдилар. Датч уларнинг исмларини шивирлаб қайтарарди. Соқоли олинмаган ва қорайиб, исқирт бўлиб кетган юзига ёш қуйилмоқда. У эса бунга парво ҳам қилмай, худди алаҳсирагандек дўстларининг исмларини тинмай такрорларди...

Ўзидан чап тарафда қандайдир ҳаракатни кўрди, тўғрироғи, сезди ва бошини ўша томонга секин бурди. Ундан икки қадамча нарида жон таслим қилаётган ўзга сайёралик махлуқ ётарди. У мағлуб бўлди, оғир ярадор, яшил қони оғзида ғирқ-ғирқ қилганча ҳиқилламоқда. Аммо ҳали тирик эди. Унинг ўтли, қизғиш, ваҳшийларча боқувчи, таҳдид ва нафратга тўла кўзлари майорга қадалган.

Датч ўрнидан турди ва қўлига каттароқ қоя бўлагини олди. Ҳатто, уни ўлаётган махлуқ узра икки қўллаб азот кўтарди. Худди шу пайти махлуқ одамга ўхшаб йўталди ва оғзидан ғирқ этиб яшил қон чиқиб кетди. Майор секин тошни туширди ва четга отиб юборди. Бу махлуқ қайси олис фазодан келган экан? Бундай ваҳший махлуқлар қайси ёвуз сайёрадан келади ўзи?

― Сен кимсан? ― деган савол майорнинг оғзидан беихтиёр чиқиб кетди. У бу саволни сўнгги бир-кеча кундуз ичида ўзига юзлаб марта берган.

― Сен... кимсан... ― ириллади бунга жавобан ўзга сайёралик йўғон гулдираган товушда.

x x x

Ози юлдузлар флоти империясининг собиқ десантчиси Зэт Тўққизинчи бу ҳаёт билан видолашаётган эди. Ҳуши бир-бир туман ичра қолиб, чаённинг ўзига сўнгги зарбани бериш учун кўтарилган нишли думининг қора шарпаси кўз ўнггида пайдо бўлди. Олдида турган аборигеннинг қорасини зўрға кўрди, ва ҳатто, унинг гапини такрорлади ҳам. Аммо сўнгги зарбани беришдан олдин фикрни бир жойга тўплаш учун. Унинг душмани қўлида эмас, балки ўзи ўлиши керак. Ози флоти десантчиларининг бош чаноғи ҳеч қачон бу ночор, галактиканинг тупкасидаги сайёрада ўлжа бўлиб қолмайди.

Зэт Тўққизинчи чап қўли билагидаги қувват тизими панелини очди ва керакли кодни терди. Абориген унга халақит беришни хаёлига ҳам келтирмасди. Аҳмоқ! Бу ерда жуда даҳшатли портлаш бўлишини билмайди ҳали. Ғалаба нашидасини суришга улгурмай, ўзи ҳам йўқ бўлиб кетади. Йиртқич хиралашган нигоҳини аборигенга қадади ва оғзидан қон ғирқ-ғирқ отилиб, қаҳқаҳлади...

x x x

Датч унга жим қараб турарди. Унинг нима қилаётганига тушунишга уриниб кўрди. Ўзга сайёраликнинг чап қўлидаги мосламада қандайдир рамзлар милтиллаб ўча бошлади. Уларнинг бирор маъноси йўқдай эди... То қонни ҳам музлатиб юборадиган Биллининг қаҳқаҳлаб кулиши эшитилгунга қадар. Ўшандагина Датч тушунди...

Бурилиб, жон ҳолатда қоча бошлади. Фақат дарёгача етиб боришга улгурса бўлгани... у ерда қоялар ва ғор бор... Улгурсин-да, ишқилиб! Фақат...

Зимистон тропик тунда, бепоён чангалзор узра қўзиқорин каби кўтарилган оқ тусдаги кўзни қамаштирувчи гумбурлаган портлаш ҳосил бўлди... 

24 ноябрь 19.. йил.

«Дельта» махсус бўлинмалари қўмондони ўринбосарига

АХБОРОТ

Сизга шуни маълум қиламанки, иккинчи гуруҳ сардори майор Дэсмонд Холланд портлаш марказидан юз метр масофадаги дарё ёқасидаги ғордан, Эйч-олти-тўққиз-икки квадратидан беҳуш ҳолда топилди. Бир соату қирқ дақиқадан сўнг транспорт самолётида Сан-Диего ҳарбий госпиталига жўнатилди. 18:15 да майор ўзига келган.

Майор Холландни топишда Анита Вера Крус исмли аёл яқиндан ёрдам берди.

Генерал Аллен.

Рус тилидан
Нурпўлат НУРҚУЛОВ таржимаси

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech