01 Декабрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9 °C

Кейинги авлод
12 Мар  2020 6114

Янги ўқув йилидаги муҳим янгиликлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш зарурлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур вазифаларни самарали бажариш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режа тасдиқланди. Хўш, ундан қандай ўзгаришлар жой олди?

 Умумтаълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режада 1-4-синфларнинг жами ҳафталик ўқув соати 98,5 соатдан 87 соатга туширилиб, санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқлаштирилди, — дейди Халқ таълими вазирлиги ўқув жараёнини методик таъминлашни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Дониёр Эрматов. — Шунингдек, STEAM фанларининг ҳафталик ўқув соатларига жами 6 соат қўшиб берилди. Ўқувчиларнинг ҳафталик ўқув юкламаси жами 327 соатдан 314 соатга (-13 соат, 4%) камайтирилди. 2019-2020 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режада умумтаълим фанлари сони 22 та эди. Бу йилгисида бу кўрсаткич 17 тани ташкил этди.

Тўртта фан бирлаштирилди

Кераксиз бўлса-да, ўтилаётган фанлар, замон талабларига жавоб бермайдиган ўқув дастурлари, саводталаб дарсликлар... Буларнинг бари деворга насиҳат қилиш ёки маблағни сувга оқизиш каби натижасиздир. Шуларни ҳисобга олиб, Президентимиз томонидан 2019 йил 23 август куни ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда айтилганидек, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” фанлари бирлаштирилиб, ягона “Тарбия” фани жорий қилинди. 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, бола мактабга қадам қўйганидан то қўлига аттестатни олгунигача “Тарбия” фанини ўқийди.

Бир фандан 47 та мавзу чиқариб ташланди

Президентининг 2018 йилнинг 14 августда қабул қилинган “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида умумий ўрта таълимнинг амалдаги таянч ўқув режасини қайта кўриб чиқиб, 10 фоизга қисқартириш вазифаси белгилаб берилган эди.

Она тили ва адабиёти фани дарсликларини чуқур таҳлил қилиш

натижасида муомалада ишлатилмайдиган қоидалар, мураккаб грамматикага оид айрим мавзулар қисқартирилди, — деди Д.Эрматов. — Хусусан, 5-синф она тили ва адабиёти дарслигидан 30 та, 6-синфдан 17 та, жами 47 та мавзу чиқариб ташланди. Шунингдек, 5-синфдаги 40 та ва 6-синфдаги 23 та мавзу юқори синфларга ўтказилди. Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, она тили ва адабиёти фанининг ҳафталик ўқув соати Эстонияда 39 соат, Германияда 41 соат, Финляндияда 42 соат, Англияда 43 соат, Жанубий Кореяда 46 соат, Белоруссияда 42 соат, Қозоғистонда 58 соатни ташкил этар экан. Таянч ўқув режага кўра, мамлакатимизда ушбу фан ҳафтада 57 соат ўқитилиши белгиланди. Она тили ва адабиёт фанининг ўқув дастурлари хорижий тажрибалар асосида ўқувчиларда тинглаб тушиниш, ўқиб тушиниш, ёзиш ва оғзаки нутқ кўникмаларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришга йўналтирилган ҳолда такомиллаштирилди.

Аниқ ва табиий фанлар тақдири

Хабарингиз бор, жорий йилги ОТМга кириш имтиҳонларига математика фани мажбурий фан сифатида киритилди. Таянч ўқув режани тайёрлашда бу масала ҳам эътиборга олинган. Хусусан, ўқувчиларга математика фанини чуқурроқ ўргатиш мақсадида 10-синфда “Алгебра” фанига ҳафтасига 1 соат қўшиб берилди ва ушбу фаннинг ҳафталик ўқув соати миқдори 3 соатга келтирилди.

Кимё ва биология фанлари ўқувчилар учун жуда қизиқарли фанлар сирасига киради. Аксарият шифокору фармацевтларнинг қизиқиши айнан мактабда туғилади. Уларнинг табиий фанларга қизиқишини илғаб олиб, тўғри йўналтириш учун педагогдан катта маҳорат талаб этилади. Баъзида ўқитувчи мавзуларни тўлиқ қамраб олишига дарс соатлари камлик қилиши, табиий. Айниқса, лабораторияларда амалий машғулотларни ташкил учун кўпроқ вақт талаб этилади. Шу сабабли, ўқувчиларга STEAM таълими йўналишидаги фанларни чуқурроқ ўргатиш мақсадида 10-11-синфларда “Кимё” ва “Биология” фанларига 1 соатдан қўшиб берилди ва уларнинг ҳафталик ўқув соатлари миқдори 3 соатга келтирилди.

“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланган жорий йилда мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилиш, бу соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, таълимнинг барча босқичларида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган ахборот технологиялари жорий этилиши режалаштирилган. Шулардан келиб чиқиб, 5-6-синфларда “Информатика ва ахборот технологиялари” фанига ҳафтасига 0,5 соатдан қўшиб берилди ва уларнинг ҳафталик ўқув соатлари миқдори 1 соатга келтирилди.

“География ва иқтисодиёт” фани киритилди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида “Бир-бири билан узвий боғлиқ бўлмаган фанлар асосида тузилган ўқув дастуридан босқичма-босқич воз кечиш ва ўқув фанлари сонини оптималлаштириш” вазифаси белгиланган эди.

Шу пайтгача “География”дан таълим берган устоз “Иқтисодий билим асослари”, “Тадбиркорлик асослари” фанларидан дарс бераверар эди. Янги таянч ўқув режада бу фанлар оптималлаштирилиб, “География ва иқтисодиёт” фани киритилди.

Шу ўринда савол туғилади: бир нечта фанлар қисқариши, мавзулар оптималлаштирилиши айрим ўқитувчиларнинг штати қисқаришига олиб келмайдими? Йўқ, фанлар интеграцияси ва таълим сифатини ошириш бўйича қилинаётган ишлар педагог иш соатига таъсир қилмайди. Аксинча, улардан ислоҳотлар моҳиятини чуқур англаш, замон талабларига мослашган ҳолда ҳар бир ўқувчига сидқидилдан таълим ва тарбия бериш талаб этилади, холос.

Соҳиба МУЛЛАЕВА.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech